Она Ватанимизда кумуш қишнинг чилласи бошланганига ҳам бир ҳафта бўлди. Танамиз совуқ ҳавога мослашди. Узун тунларимиз ибодатда, қисқа кунларимиз файзли баракотли ўтмоқда. Юртимизда ислоҳотлар жадал суръатларда давом этаётир. Халқимиз катта ижтиомий-сиёсий ўзгаришлар бўлаётганидан мамнун. Айниқса, муқаддас динимизни ўрганиш учун ажойиб қулайликлар яратилмоқда. Диний ўқув муассасалари қошида Араб тилини ўрганиш курслари ҳам иш бошлади. Курсга ўқишга иштиёқмандларнинг кўплигини кўрсангиз, ажабо, халқимиз илмга шунчалик ташна экан-а, деб севиниб кетасиз.
Қўшни давлатлар билан ҳам алоқаларимиз яхшиланиб, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрўси ошиб бораётир. Инчунун, Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий учрашувида иштирок этган Президентимиз куни кеча Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан суҳбатда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди.
Юртбошимизнинг ана шу саъй-ҳаракатлари наинки, Ўзбекистон халқининг тинчлиги, хотиржамлиги, ҳаётининг янада фаровон бўлиши, балки минтақамиз, МДҲ давлатлари тинчлиги йўлидаги чинакам фидокорликдир. Биз давлатимиз раҳбарининг ғайрат-шижоатидан ўрнак олиб, кундузлари меҳнатда фаол бўлсак, тунлари ибодатда қоим бўлсак, қандай яхши!
Замҳарир қишнинг тунларини тоат-ибодат билан ўтказаётган юртдошларимизга иймонлашмоқни ният қилиб, таҳажжуд намози ҳақида сўз юритишни ният қилдик.
Таҳажжуд қандай намоз?
Таҳажжуд – хуфтон намозидан кейин ёки тунда бир неча соат ухлаб туриб ўқиладиган нафл ибодат. Шу боисдан уни “тунги намоз” ҳам деб атайдилар. Агар бу намоз туннинг бир қисми ухлаб ўтказилгандан сўнг ўқилса, ана шунга “таҳажжуд” деб аталади. Таҳажжуд намозининг энг ками икки ракат, энг кўпи ўн икки ракат бўлади. Энг афзали, бу намозда ҳар икки ракатдан сўнг салом айтилганидир, деган олимларимиз.
Таҳажжуд қандай ўқилади?
Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради”, дейилган (Термизий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон қочирмаганлар. Ҳатто оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).
Энди ушбу намоз ҳақида севимли Пайғамбаримизга нозил бўлган ояти карималарни ўрганамиз.
Аллоҳ таоло Расулига қуйидаги оятларда бундай хитоб қилган:
“Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79);
“Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Раббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбеҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт. Шоядки, рози бўлсанг” (Тоҳо, 130);
“Кечасида ҳам Унга тасбиҳ айт. Ва саждадан кейин ҳам” (Қоф, 40);
“Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбиҳ айт” (Тур, 49);
“Эртаю кеч Раббинг исмини зикр қил. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт” (Инсон, 25-26)
Бу ояти карималардан таҳажжуднинг ниҳоятда савоби улуғ намоз экани аён бўлмоқда. Демак, ярим тунда уйқудан туриб ушбу намозни ўқиётган азизларимиз улкан савобларга эришаётган экан.
Раббимиз бизни ҳам ана шундай савобларга эришувчилардан қилсин!
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, меҳрибон Парвардигоримиз тунлари ибодат қилувчи обидларни Ўзининг муборак Каломида мақтаган ҳам. Ўша мақтовларни кейинги мақоламизда ёритамиз, иншоаллоҳ!
ЎМИ матбуот хизмати
Марғилон шаҳрида жаҳон тамаддуни ва ислом илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирлардан бири — Имом Бурҳониддин Марғилоний номи билан боғлиқ янги илмий-маърифий туризм маркази барпо этилмоқда. “Наврўз” маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган мазкур мажмуа нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятга молик лойиҳалардан бири сифатида кўрилмоқда.
Бош режа асосида қурилаётган марказда Бурҳониддин Марғоний илмий-тадқиқот маркази, замонавий шаклда ташкиллаштириладиган музей, миллий услубда барпо этиладиган “Отабек ва Кумуш” уйи, сунъий кўл, мақом театри, гастрономия ва хизмат кўрсатиш марказлари, савдо дўконлари, меҳмонхоналар ҳамда бозор инфратузилмаси назарда тутилган.
Мазкур қурилишлар келажакда Марғилон шаҳрининг тарихий, илмий ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу жой, шубҳасиз, зиёрат ва илмий тадқиқот мақсадида келувчилар учун ҳам жозибадор масканга айланади.
Шу кунларда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази биноси билан бир қаторда бошқа муҳим иншоотларнинг ҳам қурилиши бошланган.
Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар шаҳар бош имом-хатиби Абдулфаттоҳ домла Олимов бошчилигида мажмуа билан яқиндан танишиш мақсадида объектга бордилар.
Ташриф чоғида имом-хатиблар бу ердаги қурилиш ишларининг ҳолати билан танишдилар, лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан масъуллардан маълумотлар олишди.
Мазкур мажмуа нафақат Марғилон, балки Фарғона водийси ҳамда бутун мамлакатимиз учун муҳим маданий-маърифий маскан бўлиб, у келажакда ёшлар тарбияси, диний соҳа ходимларининг салоҳиятини ошириш, миллий ўзликни англаш ва қадриятларни асраш йўлида хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати