“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, “Субҳаналлоҳил азийм”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм”, деб айтдилар (Маъноси: Аллоҳни ҳамд айтиш ва улуғлаш билан поклайман) (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати