Чақириққа жавоб бериш динимиз буюрган амал. Лекин ҳаётимизда “таклифнома”лар оммалашди. Бу бир жиҳатдан яхши. Негаки, тадбир эгаси ҳаммани бирма-бир айтиб юрмасдан таклифномаларни тарқатишни бошқа бир кишига тайинлаб, ўзи бошқа ишлар билан машғул бўлади. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзи одамлар таклифнома воситасидаги чақириқ юзма-юз, ўз оғзи билан айтилганига тенг эмас, деб ҳисоблаб айтилган жойга бормайди. Шундай ҳолда таклифноманинг ҳукми оғзаки, юзма-юз айтган билан баробар бўладими, деган савол туғилади.
Бу борадаги уламоларимиз турли хил фикрлар айтишган. Шу ўринда уларнинг фикрларига назар солсак.
Биринчи навбатда, таклифноманинг ўзига қаралади. Баъзи таклифномаларда ким томонидан жўнатилгани ёзилмайди. Таклифнома ана шундай хилидан ёки умуман ким жўнатгани билинмайдиган даражада ноаниқ бўлса, унга жавоб қайтариш, яъни, таклифни қабул қилиб ўша жойга бориш вожиб бўлмайди. Чунки бу “умумий чақириқ”қа ўхшайди. Бироқ таклифнома кимданлиги ёки хоссатан чақирилувчига аталгани билиниб турса – юзма-юз айтган ҳукмида бўлади. Унга бориш вожиб амаллардан саналади.
Меҳмонларга пешвоз чиқишнинг ҳукми қандай?
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига Абдулқайснинг элчилари келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афсус надомат ва хижолатни ортга суриб келган элчилар, хуш келибсизлар!..” деб марҳамат қилдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисдан хулоса қилиб, “Хуш келибсиз” ва шу каби лафзлар билан киши ўз меҳмонининг истиқболига пешвоз чиқиши ўзаро хурсандчилик уйғотади, уларнинг ўрталарига меҳр-муҳаббат солади.
Агар меҳмон ўзи билан чақирилмаган кишини эргаштириб келса...
Бундай ҳолда мезбонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган амални қилиш тавсия этилади. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Ансорлар орасида Абу Шуайб исмли киши бўлиб, унинг қассоб хизматкори бор эди. Бир куни Абу Шуайб: “Мен учун махсус таом тайёрла, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кишининг бешинчиси қилиб чақираман”, деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кишининг бири қилиб чақирди. Уларга бир киши қўшилиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мезбонга: “Сен мени беш кишидан бири қилиб чақирдинг, бу киши эса бизларга қўшилиб келди. Агар хоҳласанг, унга изн бер, хоҳламасанг тарк эт”, дедилар. Мезбон: “Албатта, унга изн бераман”, деди” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан кўплаб фойдалар олинади. Мисол учун, кимки чақирилмаган ҳолда келса уни зиёфатга киритиш ёки киритмаслик мезбоннинг ҳаққи ҳисобланади. Агар бир киши бошқаларга қўшилиб чақирилмаган ҳолда бир мажлисга боришни истаса, у қайтарилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига эргашган кишини мезбон қанақа ҳолда кутиб олишига қараб ўтирмасдан қабул қилдилар-да, унинг ишини мезбонга ҳавола қилдилар. Бу фикрларни Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтиб ўтган.
Меҳмонга такаллуф қилиш...
Меҳмонга такаллуф қилиш яхши, бироқ, бу аввало динимизга ва ақлга мувофиқ келиши керак. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Биз Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдик. У: “Биз (сохта) такаллуфдан қайтарилганмиз”, дер эди”.
Бу ерда айтилган такаллуф сохта, хўжакўрсин учун қилинган такаллуфдир. Албатта, бу динимизда қоралангани табиий ҳол. Негаки, сохтакорлик – ёлғон ва алдовдир. Бироқ, уламоларимиз “Меҳмон учун сохта бўлмаган такаллуф қилиш ҳар макон ва диёрларнинг урфига боғлиқ. Агар бир қавм урфида меҳмон учун такаллуф қилиш урф бўлиб, бошқасида эса акси бўлса уларнинг урфлари ўзлари учун тўғридир. Ҳар икки тарафнинг ишлари айбга йўйилмайди. Лекин ҳурмат ва илтифот чегарадан чиқиб кетмаслиги керак.
Меҳмонга таом тайёрланиш ҳам ўртача ҳолатда яъни, исрофгарчилик ва йўқчилик ўртасида бўлиши керак. Чунки ҳадиси шарифга мувофиқ, ишларнинг энг яхши ўртачасидир.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Бир кишининг таоми икки кишига кифоя қилади. Икки кишининг таоми тўрт кишига кифоя қилади. Тўрт кишининг таоми саккиз кишига кифоя қилади” (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Ҳадиси шарифда кўрсатилганидек, дастурга амал қилиш ўртамиёна дастурхон бўлади. Бугунги кунимизда одамлар ўз ҳолатидан келиб чиқиб, тўкинроқ дастурхон ёзиши аслида жоиз. Бироқ шариатимизда бу ҳолатлар бошқалар ҳам ўшандай дастурхон ёзиши одат тусига айланишига таъсир ўтказса ёки бошқалардан “кимўзар” ўйнагани туфайли бўлса қайтарилади.
Ана шу тарздаги зиёфат динимизда қораланади. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мутаборийлар таомларини ейишдан қайтардилар”.
Имом Хаттобий айтадилар: “Мутаборийлар – бир-бири билан амалларини кимўзарга қиладиган кишилардир”.
Бундан қайтарилишининг сабаби, уларнинг дастурхони бошқаларга кўз-кўз қилиш мақсадида риёкорлик учун ёзилгандир.
Рухсат билан кириш, таомдан кейин ортга қайтиш...
Аллоҳ таоло ўз бандаларига ўргатган гўзал одоблардан бири изн берилса таом учун бошқаларнинг уйига кириш, таом еб бўлингандан сўнг эса ортга қайтишдир. Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! ...” (Аҳзоб сураси, 53-оят).
Мазкур ояти каримада мўминлар Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига фақат изн берилганидан сўнг таом учун киришлари мумкинлиги таълим берилмоқда. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар бошқа мусулмонларнинг уйларига ҳам изнсиз кирмас эдилар. Чунки оятдаги қайтариқ фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари хос эмас, балки барча мўминларнинг уйларига ҳам тегишлидир.
Аввал катталар, сўнгра ўнг тарафдагилар...
Меҳмондорчиликка таклиф қилган киши зиёфатда катталарни муқаддам қилиши, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиши лозим. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тушимда бир мисвок ила тиш тозалаётган эдим. Бири иккинчисидан каттароқ бўлган икки киши менга қўл узатар эди. Мен мисвокни ёши кичигига бердим. Шунда менга: “Каттасига (бер)”, дейилди. Сўнг мисвокни олиб ёши каттасига бердим”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қуйидагилар Аллоҳ таоло улуғлашидандир: ёши улуғ кекса мусулмон кишини икром қилиш, Қуръонни ёд олиб, у борада ҳаддан ошмаган ва унга жафо қилмаган қорини икром қилиш ва одил салтанат эгасини икром қилиш”.
Яна бир ҳадиси шарифда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ичимлик келтирилди. У зотнинг ўнг тарафида ёш йигит, чап томонида эса улуғ саҳобийлар ўтирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар-да, сўнг ўнг тарафида ўтирган йигитга қараб (ўнг тараф биринчи ичишини назарда тутиб): “Сендан аввал уларга беришимга рухсат этасанми?”, дедилар. Йигит эса: “Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, Сиздан кейин ичишлик ҳақимни ҳеч кимга бермайман!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга идишни узатдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мазкур ҳадиси шарифларга биноан аввало катталарга ҳурмат кўрсатиш, сўнгра ўнг тарафда ўтирганларга узатиш кераклиги маълум бўлади.
Охирги ҳадис бўйича баъзилар: “Ушбу ҳадисда катталар эмас, ўнг томонда ўтирган ёш йигит ичди-ку”, дейишган. Уламоларимиз бунга қуйидагича жавоб беришган: “Воқеа шундай бўлган эса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам катталарга беришни яхши кўргани учун йигитдан изн сўрадилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақини талаб қилса бериш кераклигини ўргатиш учун шундай қилганлар. Агар буларни ҳам ҳисобга олмасангиз, унда бу ҳадис фақат ичимликларга тааллуқли холос. Ундан бошқаларида эса катталарга биринчи риоя қилинади”.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи буюрган амаллар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берган суннатларга амал қилмоғимизни насиб айласин.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортуқ суяр. Ҳатго бу ватан ҳисси туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан — уюридан айирилса, ўз еридаги каби роҳат-роҳат яшамас, маишати талх бўлуб, ҳар вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар.
Биз туркистонлилар ўз ватанимизни жонимиздан ортуқ суйдиғимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик, иссиғ чўлларини, эскимўлар шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларин ташлаб ҳижрат қилурлар эди. Боболаримиз: «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл», демишлар (Абдулла Авлоний. Танланган асарлар).
Шариат манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган. Агар душман бостириб келса, аёл киши ўз эридан, қул ўз хожасидан изн сўраб ўтирмасдан жангга чиқиб кетавериши мумкин. Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб, уни ҳимоя қилмаслик оғир гуноҳ экани юқорида келтирилган фикрлардан далолатдир.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, деганлар.
Динимиз таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган.
Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Ҳар бир инсон ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”, деган.
Ҳукамолардан бири: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деган.
Уламолардан бири: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”, деган экан.
Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиши ватанпарварлик ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривояти).
Инсон ўз Ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – динимиздаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир! Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг зиёдасига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.
Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси барча махлуқотларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя ҳам қилади.
Шундай экан, ақлу заковат ва тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим. Бу борада Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, ватандан кетганда уни соғиниш, ватан камситилганда ғазабланиш, ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир”, деган экан.
Инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли, киндик қони тўкилган жой ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган инсон энг оғир дамларда уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага кўчиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, ўз ватани Маккаи мукаррамага қараб: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:
1. Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш.
2. Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш.
3. Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.
Демак, инсон ўзи туғилиб ўсган ватанини қадрига етиши, ҳаққига дуо қилиши ва ободлигига ҳисса қўшиши билан бирга биринчи ватани бўлмиш – жаннатга бориш сабаб ва омилларини бажариб, уларни унутмаслиги зарур. Чунки Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мирқотул мафотиҳ” китобларида: “Инсоннинг биринчи ватани – жаннат” деганлар. Зеро, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз биринчи жаннатда яшаганлар ва ундан маълум сабабларга кўра тушурилганлар.
Биз ҳаётимиз давомида дунёдаги Ватанимизни обод қилиш билан бирга, охиратдаги ватанимизга ҳам захира қилиб боришимиз даркор. Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Ватан ва аҳли диёрнинг қадри мусофиротда маълум бўлур. Ҳақиқатан, ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ва ўлғунча айрилмасға керакдур”, деган эди.
Халқимизнинг ҳам кўп минг йиллик тарихи аждодларимизнинг юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида юксак матонат ва мардлик намуналарини кўрсатганлар. Улар аҳамонийлар, македонияликлар, араблар, мўғуллар ва кейинчалик Чор Россияси босқинлари чоғида ёвга қарши курашда кўрсатган жасурлиги ва мардлиги ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Аёл бўлишига қарамай малика Тўмарис Ватан учун жангга кириб босқинчиларни тор-мор қилгани, Широқ кучли ақл-идроки ва ботирлиги билан душман қўшинларини сувсиз чўлу биёбонларда маҳф этгани, Спитамен бошчилигида юрт мудофаасига бел боғлаган аждодларимиз озодлик ва мустақилликни ҳимоя қилиб, юксак мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатганлари бизда чексиз ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.
Ватанга бўлган меҳру муҳаббат ҳар қандай муаммони ечишга, ҳар қандай ёвуз кучни енгишга қодир. Ана шундай муҳаббат Жалолиддин Мангубердини тақдирнинг оғир зарбаларига дош беришга, метин ирода ва ҳарбий салоҳиятни намойиш этиб, чингизийлар билан муросасиз кураш олиб боришга ундаган эди.
Кубровия тариқати асосчиси Нажмиддин Кубронинг “Ё ҳаёт, ё шарафли ўлим” дея ғаним билан жангга кириб, мардларча ҳалок бўлгани эса, Ватан озодлиги, мустақиллиги, юрт тинчлиги ҳамма нарсадан улуғлигини кўрсатувчи ёрқин ҳаётий мисол бўла олади. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Ватан ҳимояси йўлида ҳарбийларимизнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳар бир виждонли инсон ҳақиқатни тан олиши даркорки, барчамиз хотиржам тинч ором олиб ухлаб ётганимизда, ҳарбийрлар сархадларимизни қўриқлаб, жонларини юртимиз тинчлигига фидо қилиб, қийинчилик ва машаққат билан оила яқинларидан ҳам аввал барча ватандошларимиз хавфсизлиги билан туну-кун хизматдалар. Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбий юртдошларимизни турли бало ва офатлардан, ёмон кўз ва сўзлардан Аллоҳ ўз панохида асрасин.
Дониёр НОРХЎДЖАЕВ,
Мустақил тадқиқотчи. Шарқшунос, филолог.