Cаъд ибн Абу Ваққос ибн Ухайб Зуҳрий розияллоҳу анҳу тириклигидаёқ жаннат башорати берилган ўн саҳобанинг бири. Саъд Қурайш қабиласидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари каби Бани Зуҳра уруғидан эди. Унинг насаби олтинчи силсилада (Ҳакам) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шажараси билан бирлашади. Милодий 601 йили туғилган. Маккаликлардан олтинчи ё еттинчи бўлиб Исломни қабул қилган ва кўп ўтмай, Ясрибга кўчган. У Расули акрамдан 270 та ҳадис ривоят қилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъдни тоғам деб ҳурматлаганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд келаётган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу киши менинг тоғам бўлади, ким менга тоғасини кўрсата олади?” дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Қурайш мушриклари Саъд ибн Абу Ваққосга маънавий азоб беришди. Энг азиз кишиси – онасини унга қарши қайрашди. Шу боис она севимли ўғлига жуда оғир талаб қўяди. Муфассирлар “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудларни) Менга шерик қилишингга мажбурласалар...” (Анкабут, 8) мазмунли оят Саъд ибн Абу Ваққос ҳақида тушганини таъкидлашади. У Макка ёшлари орасида онасини ҳурмат қилиши билан танилган, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатилар эди. Саъд бу синовдан ўтди, имон-эътиқодда собит турди. Онасини ҳам олдингидай ҳурмат қилаверди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалолоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Моликдан ўзга ҳеч кимга ота-оналарини фидо қилмаганлар. У зот Уҳуд куни Саъдга ота-онам сенга фидо бўлсин деганлари ривоят қилинади.
Мўминлар онаси ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада эканларида бир кеча уйқулари қочди ва: “Саҳобалардан бир солиҳ киши мени қўриқлаганида яхши бўларди”, дедилар. Ҳали гаплари тугамасидан бир нарса шитирлаганини эшитдик. У зот: “Ким у?” дедилар. Шарпа: “Саъд ибн Абу Ваққосман”, деди. “Нимага келдинг?” деб сўрадилар. “Пайғамбардан хавотирга тушиб, қўриқлагани келдим”, деди Саъд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилиб, хотиржам ухладилар» (Имом Термизий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин”, деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоинг қабул бўлади. Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, бир одам қорнига ҳаром луқма еса, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг тани ҳаромдан ва рибодан семирса, унга дўзах муносибдир”, дедилар. Сўнгра: “Ё Аллоҳ, Саъд қачон дуо қилса, уни қабул айла!” деб дуо этдилар» (Имом Термизий ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳ этилган йили оғир хасталаниб қолди. Бу ҳақда ўзи бундай ривоят қилади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, ўлимим яқинлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини бошқаларга васият қилайми?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Молимнинг учдан иккисини-чи?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Ярмини-чи?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Учдан бирини-чи?” дедим. “Учдан бири... У ҳам кўп. Албатта, меросхўрларингни бой ҳолда қолдиришинг уларни одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшидир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳатто, аёлинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан”, дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаий ривояти).
Ҳазрат Усмон вафотидан сўнг Ақиқда яшади. Ҳижрий 55 (милодий 676) йили вафот этди. Васиятига кўра, “Бақиъ” қабристонига дафн қилинди.
Аҳмад МУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...
Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги «У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.
Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.
У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.
Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин «Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки, «Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.
Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб, «Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.
Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз: «Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».
Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ. «Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.
Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан