Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Ҳар бир ишда ҳикмат бор

27.12.2017   4904   4 min.
Ҳар бир ишда ҳикмат бор

Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси билан инсон зотини барча махлуқотлардан азизи мукаррам қилиб яратди. Унга ақл ва идрок берди. Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга доимо шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, мусибатларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва  умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутмоғи даркор.

Ҳаётда баъзан дунёнинг арзимас матосини деб ўзини қийнаб, турли хил бедаво дардларга чалиниб қолаётган кишилар бор. Бу – Яратганнинг тақдирига норози бўлишдир. Қолаверса, Аллоҳ бизга беҳисоб неъматлар берган, мўмин эса ибодати билан ана шу неъматларга шукр қилмоғи лозим. Агар инсон яхшиликдан умид қилмай қолса, шайтон алайҳи лаъна уни умидсизликка ундайди. Агар биз илоҳий калом бўлмиш Қуръони каримга мурожаат қиладиган бўлсак, Роббимизнинг бизларга қанчалик меҳрибон эканига яна бир бора амин бўламиз. Хусусан, Зумар сурасидаги 53-оятни ўкисак:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

Эй (Муҳаммад САВ) гуноҳлар қилиш билан ўз жонларига зулм қилган бандаларимга: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Аллох ўта мағфиратли ва ўта раҳимли зотдир, деб айтинг...

Бугун  баъзи ота-оналар болаларидан узоқлашиб, фарзандларига яқин дўст, сирдош бўла олмаяпти. Уларнинг орзу-ҳаваси, дарди, фикрини эшитмаяпти. Эҳтиёжлари, муаммолари, руҳий ҳолати билан қизиқмаяпти. Болаларини қийнаётган саволларига биргаликда жавоб изламаяпти. Бунинг оқибатида, болалари ҳаётнинг паст-баланд йўлларида адашиб боряпти.

Бу гуноҳга қадам қўйиши оқибатида нафақат ўзининг охирати барбод бўлади, вужуди, руҳи абадий дўзах оловига куяди, балки унинг ортида қолган бева аёли, етим болалари, ота-онаси, ака-ука, яқин қариндошлари ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий машаққатга қолади. Бу гуноҳни ният қилганлар шуни ҳам яхши англашлари лозимки, бир инсоннинг дунёдан кетиши билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Бир оз вақтдан кейин ҳаммаси унут бўлиб кетади. Бу ишидан унинг фақат ўзи катта зарар кўради ва охири йўқ азобга гирифтор бўлади. Ҳар қандай муаммонинг ечими бўлади. Ҳар қандай қийинчиликдан кейин енгиллик бўлади.

Аллоҳ таоло инсонни бу дунёда имтиҳон қилади. Бошига турли мусибатлар юборади. Бу қийинчиликлар олдиди банда ўзини йўқотиб қўймай, сабр қилиб, яшаса, савоб олади.

Ёши  улуғ бир киши ўғли билан масофаси икки кунлик йўл бўлган шаҳарга сафар қилди. Уларнинг юк ортган эшаги ҳам бор эди. Чол доимо:  “Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деган сўзни қайтараверарди. Улар йўлнинг ярмига етганда эшакнинг оёғи синиб қолди. Чол: ”Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деди. Юкларини елкаларига ортиб йўлда давом этдилар. Бир оз  муддатдан  сўнг чолнинг оёғи  қайрилиб  кетиб ҳеч нарса кўтаролмай қолди. Оёғини зўрға судраб кетар ва: “Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир! “ деб айтарди. Чолнинг ўғли барча юкларни  елкасига ортиб  йўлда  давом  этдилар. Йўлда чолнинг ўғлини илон чақиб олиб  оғриқдан  ерга  йиқилди. Чол яна: ”Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир! “ деди. Ана шунда ўғли  ғазабланиб отасига: “Бошимизга шунча мусибат келган бўлса, нега ҳадеб бир гапни  қайтараверасиз? деди. Ўғлининг дарди енгиллашгач йўлда давом этдилар. Шаҳарга етиб келганларида қарасалар зилзила оқибатида у ердагиларнинг барчаси ҳалок бўлган эди. Чол ўғлига қараб: “Эй ўғлим, кўрдингми, агар сафаримиздаги мусибатлар бўлмаганида ҳозир биз ҳам мана шу ҳалок бўлганлар билан бирга бўлар эдик”, дебди.

Хулосамиз шуки, ҳаётимиздаги муаммо ва қийинчиликлардан тўғри хулоса қилиб, фақат яхшиликни умид қилайлик. Аллоҳ таоло берган умр неъматининг қадрига етайлик, синов дунёсида эканимизни унутмасдан. ҳар бир кунимизга шукр қилайлик. Ўзи берган жонни фақат Ўзи олишга ҳақлидир. Бунинг ҳақиқатини атрофимиздагиларга, болаларимизга тушунтирайлик, улардан узоқлашмайлик, ўз ҳолларига ташлаб қўймайлик.  “Аллоҳ таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деган ҳикматли сўз бугунги кундаги ҳаётимиз дастури бўлсин. Зеро, Раббимиз ҳукм қилувчиларнинг ҳукм қилувчироғи, раҳим қилувчиларнинг раҳим қилувчироғидир.

Нодир  ҲАКИМОВ, 

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Салла ва дўппи

9.01.2025   3985   6 min.
Салла ва дўппи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.

Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.

Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
 

عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعااعتموا تزدادوا حلما

.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар


عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلمفرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس

Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:

“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:


وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.

“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.

Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.

Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.

Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.

Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.

Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.

Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.

Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:

“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:

وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا  رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ

“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.

Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.

Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.