Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуёш чиқадиган ҳар бир кунда инсонларнинг бўғимлари учун садақа бор. Икки киши ўртасида адолатли бўлмоғинг садақадир. Кишига улови борасида ёрдам бериш, минишига кўмаклашиш ёки юкини кўтариб олиб беришинг садақадир. Яхши сўз садақадир. Намоз сари босилган ҳар бир қадаминг садақадир. Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашинг садақадир” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саломатлик ва аъзоларни бут экани буюк неъмат эканига ишора қилмоқдалар. Шунингдек, ҳар куни инсон аъзолари учун Аллоҳ таолога шукр айтмоғи лозимлиги тушунилади.
Шукрнинг баъзиси вожиб, бошқаси эса мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни умумий тарзда садақа деб номладилар. Чунки шукрни садақа сифатида қабул қилиниши Аллоҳ таолонинг фазлидир.
Садақа қалбдаги имоннинг чин эканини тасдиқловчи эзгу амалдир. У ҳадисда зикр қилинганидек ижтимоий, маънавий ва маданий кўринишлардa ҳам намоён бўлади.
Хусуматлашганлар орасида одилона ҳукм чиқариш ва уларни ўзаро яраштириб қўйиш динимиз буюрган муҳим амал. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, мўминлар (динда) ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот, 10). Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларга (нафл) намоз, (нафл) рўза, ва (нафл) садақанинг даражасидан ҳам афзал амални айтайми?” дедилар. (Саҳобалар): “Ҳа”, дейишди. У зот: “Орани ислоҳ қилиш”, дедилар. Зеро, бу амал хусумат ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олади.
Одамларга ёрдам бериш совобли иш. Ҳадисда уловга минишга ёки матосини ортишга кўмаклшиш зикр қилинди. Бундан бошқаларга берилган кичик ёрдам ҳам эътиборли экани тушунилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўминнинг дунё машаққатларидан бирини кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгиллик беради. ...” дедилар (Имом муслим ривояти).
Яхши сўзнинг қамрови кенг. Тавҳид калимасини айтиш, саломни ошкор этиш, алик олиш ва одамлар билан хушмуомалали бўлиш яхши сўздир. Шунингдек, Аллоҳ таолони ёдга олиш, дуо қилиш, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, маслаҳат сўраган кишига тўғри йўлни кўрсатиш эзгу сўздир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Ҳар бир) ёқимли сўз Унинг ҳузури сари чиқур. Солиҳ амални эса, (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур” (Фотир, 10).
Ҳадисда “Намоз сари босилган ҳар бир қадам”, деб таржима қилинган қисмидан мурод намозни жамоат билан адо этиш мақсадида масжидга боришдир. Масжид сари босилган қадам туфайли савоблар кўпаяди, хатолар ўчирилади, охиратда даража кўтарилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло хатоларни ўчириришига ва даражаларни кўтарилишига сабаб бўладиган амални айтайми?” дедилар. (Саҳобалар): “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қийинчиликда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжид сари кўп юриш, намоздан сўнг намозни кутиш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бану Салама уруғи Мадина шаҳрининг чеккасида яшар эди. Улар масжид яқинига кўчмоқчи бўлишди. Шунда “Албатта, Биз ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг (ўлимидан олдин) юборган амалларини ҳамда (қолдирган) асоратларини (оммага фойдали ёки зарарли ишларини) ёзиб қўюрмиз” (Ёсин, 12) ояти нозил бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Босган изларингиз ёзилади. Шунинг учун кўчманглар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Йўлдаги тош, тикон, чиқинди каби инсонларга озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш савобли иш. Ҳатто, бу амал имоннинг шохчаларидан бири экани ҳадисларда зикр қилинган. Ҳар биримиз ушбу суннатга амал қилсак, кўчаларимизни озода тутсак, юртимиз обод, йўлларимиз равон, кўнгилларимиз нурафшон бўлади.
Манбалар асосида Учкўприк тумани
бош имом-хатиби
Аҳмадхон НИЗОМОВ тайёрлади
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.