Қиш мавсумида кўпчилигимиз, дорихоналардан иммунитетимизни мустаҳкам қилувчи, грипп, ангина, бронхит ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилувчи қимматбаҳо “мўъжизавий” дориларни сотиб оламиз.
Бироқ, биз ўйлагандек мўъжизавий препаратлар ҳали яратилмаган. Бундан ташқари, мусулмон кишига дорихоналардан бу турдаги воситаларни ахтаришнинг ҳожати йўқ, чунки Ислом дини саломатликни мустаҳкамлаш ва иммунитетни кучайтириш учун асрлар давомида исботланган воситаларни тақдим этади:
Таҳорат
Таҳорат мусулмон кишига нафақат ибодат учун, балки соғлиқ учун ҳам зарурдир. Юрак қон томир тизими учун таҳоратнинг фойдаси аллақачон исботланган, бундан ташқари, у рефлексотерапия усулларини ҳам ўз ичига олади.
Илиқ ёки ёзда салқин сув билан таҳорат қилиш танани мукаммал даражада мустаҳкамлайди. Оғиз ва бурунни мунтазам ювиш инфекцияларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Умуман олганда, барчаси осон: таҳорат қилинг – соғлом бўласиз!
Занжабил (Имбирь)
Бу ўсимликнинг илдизи антибактериал, яллиғланишга қарши, антимикроб, антисептик, бактерицид хусусиятларига эга. Занжабил жуда фойдали бўлиб, С, В витаминларига бой, унинг таркибида танадаги ҳужайраларни “даволаш” ва янгилаб туриш қобилиятига эга ретинол моддаси мавжуд. Занжабил асал билан истеъмол қилинганда у асалининг фойдали хусусиятларини мукаммал равишда тўлдиради.
Асал
Асалнинг шифобахш қудрати Қуръони каримда айтилганлигини яхши биламиз. Ушбу маҳсулот иммунитет тизими учун тенги йўқ ҳисобланади. Қайд этиш керакки, инсон қонининг кимёвий таркиби ва асал ҳайратланарли даражада ўхшайди. Қонимизда 24 микроэлемент мавжуд бўлса табиий асалда – 22 та.
Шамоллаш билан боғлиқ касалликларни олдини олишнинг ажойиб услубларидан бири асални ёнғоқ билан қориштириб истеъмол қилишдир. Бунда ҳар қандай ёнғоқ туридан фойдаланиш мумкин. Асосийси, аралашма маълум вақт туриши лозим.
Қора седана ёғи
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қора седана ёғи ошқозон-ичак фаолиятини нормаллаштиради, иммунитет тизимини фаоллаштиради, кўплаб патоген бактерияларни йўқ қилади, қонда холестеринни камайтиради ва холеретик таъсир кўрсатади.
Седана ёғидан профилактик даволаш ҳамда умумий қувватлантириш мақсадларида фойдаланиш мумкин. Агар сиз кун давомида ҳеч бўлмаганда бир чой қошиқ седана ёғидан ичсангиз, сизда модда алмашинуви нормаллашади ва танангизнинг ҳимоя кучи ортади.
Ҳилба (Хельба)
Ҳилба уруғи (Семена пажитника) шамоллаш, иситма, вирусли инфектсиялар оқибатларини бартараф этишга ёрдам беради. Ўзининг юмшоқ хусусиятларидан келиб чиқиб, бу ўсимлик шамоллашни даволашда яллиғланишга қарши ва балғам кўчиришда ишлатилади.
Ҳилба шилимшиқ пушти массаларни юмшатиб, эритиб, лимфа тизимидан токсинларни олиб ташлашга ёрдам беради. Шунинг учун бир ош қошиқ пажитник уруғини ярим литр сувга солиб билан истеъмол қилиш шамоллашни даволашда ичимлик сифатида ишлатилади. Бундан ташқари, витаминлашнинг қўшимча самарасини ошириш учун ичимликка, лимон ёки клюква шарбати қўшилади.
Тошкент шаҳар вакиллиги ходими
Зоиржон СОДИҚОВ
тайёрлади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД