Қиз боланинг кийими ўзига ярашиб турсин. Нари борса, бармоғида битта нозик бандли узук ва қулоғида кичик сирға бўлса, етарли. Узук, билагузук, бўйинга тақадиган турли мунчоқлар келинчаклар зийнати. Уларни уйда, қариндош-уруғлар тўйида тақиб олса ярашади. Аммо жамоат жойига, ўқув юртларига ўта узун осилмачоқ сирғалар тақиб келиш, ўта ялтир-юлтир буюмларни соч ва кўйлакка қадаб юриш одобдан эмас.
* * *
Фаросатли қизлар кир ювса ёки бирор оғирроқ ишга уннаса, ишини тугатиб, тезда ювинади ва кийимларини алмаштириб, ўзига қараб олади. Овқат пиширганида, албатта, бошига рўмол ўрайди. Соч тўкилишидан ёки ёғ иси сочга ўрнашиб қолишидан ўзини сақлайди. Қизларнинг уй кийимлари осон ювиладиган, ғижим бўлмайдиган, энг асосийси, қимматбаҳо бўлмаса ҳам, чиройини очиб, иш қилишига ҳалақит бермайдиган бўлиши керак.
* * *
Онамларимиз тут пишиб болга тўлганида тўйиб-тўйиб еб олишарди-да, қолганини эзиб, юзларига суришарди. Вақти-вақти билан бодринг, помидор, олмани ҳам эзғилаб, юзга суришарди. Юзга қатиқ ёки сузма суриш ҳам момолардан қолган яхши одат. Шундай қилинса, рангга ранг, танага тетиклик киради. Онам қиз ва келинларга ўсма, хина қўйиб, ороланишни тез-тез уқтирардилар. Ўсма таркибидаги танин моддаси қош ва киприкларга қувват бўлади. Сочи қазғоқли қизлар вақти-вақти билан ўсмани эзиб, соч илдизларига суртиб турса, сочи бақувват тортиб, қазғоқдан асар ҳам қолмайди.
* * *
Айрим аёллар ёш кўринамиз деб сочларини кесади, рангларга бўяйди, киприклар улаб, қошларига мўйчинак теккизади, лекин барибир йиллар асоратини беркитолмайди. Айримлар эса, Яратганнинг берганига шукр қилади, қош-кўз борасида “яратувчанлик” қилмайди. Кийинишда, безанишда оддийликни танлайди. Ўсма, хина билан ороланади. Балки шунинг учун ёш ва тетик кўринар...
Умида АБДУАЗИМОВА
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.