Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Юксак фазилатлар

22.12.2017   6875   4 min.
Юксак фазилатлар

Ғайрат – саъй-ҳаракат, иштиёқ, жўшқинлик; иш-ҳаркатга бўлган кучли интилиш, берилиш ҳисси ва яна бирор ишга астойдил киришиш, бирор ишни иштиёқ билан бажариш ҳисси  маъноларида ишлатилади.[1] Ғайратли деса, бирор ишга бор куч-қуввати билан ҳаракат қиладиган, шижоатли киши тушунилади. Динимизда ғайрат, шижоат сингари сифатлар қадрланади ва унга тарғиб қилинади.  Хусусан, буюк Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам бу сифатлар билан сифатланганлар ва шу мавзуга доир бир неча ҳадисларни ривоят қилганлар. Шулардан, у зот ва Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда жаноби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки, “Албатта Аллоҳ таоло бандалари ичида ғайратлисини яхши кўради”.  Яъни кимки ҳар бир ишда, ҳоҳ у диний бўлсин, ҳоҳ дунёвий бўлсин ғайрат, шижоат қиладиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи уни ёрлақайди ва у мақсадига етишади. Чунки саъй-ҳаракат бандадан уни баракасини бериб, зиёда қилиш Аллоҳдандир. 

Анушервони Одил ўзининг вазири Бузуржмеҳрдан сўради: Ғайрат, шижоат нима? Бузуржмеҳр унга: “Юракнинг қуввати”, деб жавоб берди. Анушервон яна ундан: “Нега қўлнинг қуввати эмас?”  деб сўради.  Бузуржмеҳр: “Агар юракда қувват бўлмаса, қўлда ҳам қувват бўлмайди. Қўл қуввати юрак қувватига боғлиқ”. деб жавоб берди.

Дарҳақиқат, инсон юракдан бирор ишга ғайрат ва шижоат билан қўл урар экан, албатта, у нафақат кўзлаган мақсадига, балки унданда юксакроққа, олийликка етади. Бу борада Муҳаммад Жавҳар Заминдор шундай дейди, “Мақсадни қўлга киритишда ғайрат иш беради. Ҳар кимда ғайрат бўлмаса, унда ўзгаларга ибрат бўла олиш қобилияти бўлмайди”.[2]

Ҳақиқатан, кўплаб ана шундай ғайрат ва шижоат эгалари бизларга доимо ибрат  бўлиб келган. Хусусан, буюк фақиҳлардан Имом Абу Юсуф ҳазратлари бунга намунадир. У зотга устози Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ айтадики, “Сенинг зеҳнинг паст эди,  сенинг доимийлигинг, ғайратинг ва шижоатинг бундан халос этди”.

Ҳамият ҳам ғайрат сингари инсоннинг юксак фазилатларидандир. Ҳамият ор-номусини, қадр-қимматини пок сақлаш туйғуси; орият ҳисобланади.[3] Халқимизда ҳамиятли сифати ўз ғурури, ор-номуси, ўз оиласи ва юрти учун курашадиган, уни осойишта, пок сақлашга ҳаракат қиладиган, виждонли инсонлар учун ишлатилади. Ҳамиятли инсон ўз қадр-қиммати, оиласи ва юрти шаъни учун қайғуради. Ор-номуси, ғурури топталишига йўл қўймайди. Ҳамият соҳиблари доимо инсонлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Бу ҳақда улуғ ҳакимларимиз ва шоирларимиз ўзларининг асарларида тўхталганлар.

Ҳамият соҳиблари иззатда бўлгай, доимо хуррам.

Ҳамиятсиз бўлса ҳар ким, куни қолгай надоматга!

Бархурдор ибн Маҳмуд.

Албатта, динимизда ҳам ҳамиятсизлик, ориятсизлик ва беҳаёлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ривоят қилган ҳадисларда ушбу сифатни қоралаган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган ҳадисларининг бирида айтиладики, “Қиёмат кунидаги одамларнинг энг ёмони –беҳаёлиги, ҳамиятсизлиги сабабли назардан четда қолдирилган одамдир”.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, қайси бир кишини уяти, ҳамияти ва ҳаёси бўлмаса у нафақат Аллоҳнинг, балки бошқа инсонларнинг ҳам назаридан четда қолади, инсонлар ундан юз ўгиради.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, буюк бобакалонимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ғайрат ва ҳамият каби улуғ фазилатлар билан сифатланганлар. Айниқса, у зотнинг ҳадис жамлашдаги ғайрат ва шижоатлари таҳсинга сазовордир. У зот тўғрисида  кўп уламоларимиз мақтовларни изҳор қилишган. Улуғ алломалардан Ал-Муборакфурий айтадики, “Имом ал-Бухорий машаққатларга чидамли, ишда тиришқоқ бўлиб, ўз қўлидан келадиган юмушни бировга юклашни хушламас экан”.[4]

Дарҳақиқат, бобокалонимиз Имом Бухорий асарларидаги, қолаверса, у зотнинг сиймосидаги ғайрат, шижоат, ҳамият, ҳаё сингари сифатлар биз авлодларга ибрат ва намуна ҳисобланади.

 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

[1]Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент 2008.

[2]Машриқзамин – ҳикмат бўстони. Ҳ.Ҳомидий. “Шарқ” нашриёти. Тошкент 2008.

[3]Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент 2008.

[4]Имом ал-Бухорий барокати. Усмонхон Алимов. “Мовароуннаҳр”. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. Тошкент 2007.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом ҳуқуқи мактаби

24.12.2024   1752   3 min.
Ислом ҳуқуқи мактаби

Ҳаётда шундай соҳалар борки, уларни мукаммал эгаллаш учун бутун умр ўқиб-изланиш лозим. Ана шундай касблардан бири имом-хатибликдир. Кимдир бу касб эгаларига осон тутиши мумкин. Лекин етук имом бўлиш учун тўрт йил мадраса, тўрт йил диний олий таълим даргоҳида ўқишнинг ўзи камлик қилади. Чунки имом ўзи учун ҳам жамоат учун Аллоҳ олдида бурчли бўлса, эл олдидига жавобгарлик ҳам катта масъулият юклайди. Бу масъулият ва халқ ишончини оқлашнинг бирдан бир йўли илм ва тақводир.

Сўнгги йилларда илм-фаннинг барча йўналишлар қатори диний-маърифий хусусан, шариат, фиқҳ, ақоид каби илмларни ўрганиш учун кенг йўллар очилди.  Бу борада Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби, Имом Мотуридий маркази қошида Калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф мактаби, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этилиши ўз самарасини бериб келаётир. Чунки имом-хатибларнинг мадраса ва олий таълим даргоҳида олган билимларини мустаҳкамлаш, уларни янада чуқурлаштириш, янги замонавий диний масалаларни кенг ўрганишда мазкур мактаблар муҳим аҳамият касб этяпти. Бир сўз билан айтганда, бу мактаблар имом-хатибларни чин маънода соҳанинг етук эгасига айланишига замин бўлаётир.

Айни кунда Фарғона вилоятидаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактабида йигирмадан ортиқ водийлик имом-хатиблар ўз иш жойларидан узилмаган ҳолда диний билимларини яна мустаҳкамлаб, фиқҳ илмини чуқурроқ ўрганмоқдалар. Уларга тажрибали имом-хатиблар Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Иброҳимжон домла Қодиров ва Аҳмадхон домла Низомовлар устоз-шогирд анъанаси асосида таълим бермоқдалар. Шу кунга қадар тингловчилар мазкур устозлар кўмагида “Мухтасарул-виқоя”, “Алфиқҳул-акбар” китоблари ўқиб тугатишди. Айни вақтда “Канзул-дақоиқ” ва Мулла Алий Қорининг “Алфиқҳул-акбар”га ёзган “Шарҳул фиқҳил Акбар” китоблари мутолаа қилиниб, асарлар батафсил ўранилмоқда. Ушбу асарлар Аҳли сунна вал жамоа ақидаси асосида мўмин-мусулмонларни тўғри ақида ҳамда динимиз таълимотларига амал қилишда васатий тарзда юришларида асосий манбалардир.

Таъкидлаш жоизки, имом-хатибларнинг мазкур илм даргоҳида олаётган билим ва малакалари фаолиятлари учун ниҳоятда манфаатли бўлмоқда. Зеро, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб адашган юртдошларимизни тўғри йўлга бошлаш, мўмин-мусулмонларга Аҳли сунна вал-жамоа ва Ҳанафий фиқҳи асосида ислом таълимотларини етказиш, долзарб мавзуларда чиқиш қилиш, мақолалар ёзишда бу даргоҳдан олинаётган илмий ва ҳаётий тажрибалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, турли учрашувлар ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларида ҳам мазкур илмий мактабда ҳосил қилинган билим ва кўникмалар асқотмоқда. Имом-хатиблар ўртасидаги билимлар беллашувида ҳам мазкур мактаб тингловчилари ўзини ҳар томонлама намоён этаётгани ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга мактаб тингловчиларининг бир қанчаси илмий изланишларда давом этиб, ўз тадқиқотлари билан динимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Маълумки, илк ўрта асрларда Фарғона водийсида фиқҳ мактаби шаклланиб, буюк алломалар етишиб чиқди. Биргина Бурҳониддин Марғиноний ислом хуқуқшунослиги борасида беқиёс асарлар таълиф этгани барчага маълум. Бугун у кишининг “ал-Ҳидоя” асари бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб, ислом ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, мукаммал асар сифатида тан олинган.

Бугун ҳам мазкур анъаналар қайта тикланиб, юртимиз яна илму маърифат, олим уламолар диёрига айланаётгани қувонарли ҳолдир.

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот котиби
(Ҳидоят журнали, 12-сон)

Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби
Ўзбекистон янгиликлари