Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Яхши ният ва эзгу амал – жаннатга йўл

20.12.2017   9248   2 min.
Яхши ният ва эзгу амал – жаннатга йўл

Яхши ният ва эзгу амаллар соҳибини жаннат сари етакловчи ишлар экани маълум. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс, 9). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан».

Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам ҳаловатсиз кечади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай насиҳат қилади: «Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат)ни тарқатиб юборади».

Шубҳасиз, Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин, сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: «Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўради» (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган.

Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: «Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл, 128), дейилган.

Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқувнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот: «Улардан энг тақволиси», деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар, жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1 жилд, 182 бет), дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳар кимнинг Аллоҳ сари ўз эшиги бор…

22.01.2025   1521   7 min.
Ҳар кимнинг Аллоҳ сари ўз эшиги бор…

عن أبي هريرة رضي الله عنه: عن النبي صلي الله عليه وسلم قال: مَن أنْفَقَ زَوْجَيْنِ في سَبيلِ اللَّهِ، دَعاهُ خَزَنَةُ الجَنَّةِ، كُلُّ خَزَنَةِ بابٍ: أيْ فُلُ هَلُمَّ، قالَ أبو بَكْرٍ: يا رَسولَ اللَّهِ، ذاكَ الذي لا تَوَى عليه، فقالَ النبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ: إنِّي لَأَرْجُو أنْ تَكُونَ منهمْ. رواه البخاري.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг йўлида бир жуфт (нарса) нафақа қилса, уни жаннат хозинлари чақиради. Ҳар бир эшик хозини: “Эй фалончи, кел бу ёққа”, (дейди)”, дедилар. Абу Бакр: “Ё Аллоҳнинг Расули, зое бўлмайдиган ўша экан-ку”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Сен улардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифда раҳмат пайғамбари Саййидимиз Набий алайҳиссалом биз умматни осон, аммо Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта даражаларга, ажр-мукофотга етказадиган амалга буюряптилар. Эътибор билан қараладиган бўлинса, ҳадиси шарифда айтилаётган амални ҳаммамиз ҳар куни қила олишимиз мумкин бўлган амалки, ҳеч биримиз Аллоҳ таолонинг фазл-у марҳаматидан умидимизни сўндирмасак ҳам бўлади.

Ҳадиси шарифда “бир жуфт”, дейилди. Бунда ҳар қандай нарсадан бир жуфтни тушунишган ушбу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз. Бир жуфт кийим, бир жуфт дирҳам, бир жуфт динор, бир жуфт нон, бир жуфт таом ва ҳоказо. Инсонга ёрдами тегиши мумкин бўлган, унга фойда бериши мумкин бўлган ҳар қандай нарса тушунилади. Демак, айнан қайсидир нарсанинг қандай турини инфоқ қилиш шарт эмас. Киши топганини мусулмон биродарига илиниб уни садақа қилса ҳадиси шарифда айтилаётган ваъдага етиши аниқ экан. Қаранг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган амални ихлос билан, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амалга оширадиган бўлсак, жаннатни ҳаётимизда доим учрайдиган, ҳамма ҳам қила оладиган, оддий амал билан қўлга киритишимиз аниқ экан.

Савол туғиладики, бу амални бир маротаба қилса кифоями ёки доимий шундай амалда бардавом бўлиш керакми? Ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, бу амални бир маротаба ёки доим қилган одамга ушбу ваъда етиши мумкинлигини тушунамиз. Мана шундай амалда чин ихлос-ла, Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилиб собит бўлган одамга қиёмат куни ҳар бир Жаннат дарвозасида турган фаришталар уни эй, фалончи, бу ёққа, кел, дея чақирар экан.

Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳ йўлида икки бор инфоқ қилса-бирор нарса сарфласа (ёки маъноси: Аллоҳ йўлида икки жуфт от, туя, эшак, динор ва ҳоказо сарфласа), жаннат эшикларидан биридан чақирилади: ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, райён эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади”. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу шунда: “Ё Аллоҳ пайғамбари, ота-онам сизга фидо бўлсин, барча эшиклардан кириш фазилати ҳам бўлармикан, бирор киши барча эшиклардан ҳам чақирилиб қоладими?” деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа. Сиз ўшалардан бўлсангиз керак”, деб жавоб бердилар.

Уламолардан Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ “Ат-Тамҳид” номли асарларида (7/184-185 бетлар) қуйидагиларни айтадилар:

“Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири шуки, Ислом тарғиб этган амалларни бажаришда ҳар ким ҳам ҳамма соҳада илғор бўлолмайди, бирида жонбозлик кўрсатса, аксар ҳолларда бошқасидан маҳрум қолиши мумкин, жуда кам ҳолатларда буларнинг барчаси бир кишида тўпланади, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ана шундай нодир кишилардан эдилар. Бу ҳадисда яна шунга далолат борки, бир нарсага кўпроқ одатланган киши ўшанга мансуб этиб қайд этилади (албатта, бу ерда фарзи айндан ташқари бўлган ибодатлар ҳақида гап кетмоқда). “Ким намоз аҳлидан бўлса”, деган сўзларига эътибор беринг, яъни, “ким намоздан кўпайтирган, кўп ўқиган бўлса” дегани. Негаки, ҳамма ҳам намоз аҳлидан экани маълум. “Ким жиҳод аҳлидан бўлса”, “ким рўза аҳлидан бўлса” деганлари ҳам шу маънода.

Имом Моликнинг Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий номли зоҳид, обид кишига айтган сўзлари ҳам шунга ўхшаб кетади. Мазкур зоҳид бир куни имом Моликни кўпроқ узлатга даъват этиб, зикру намоз, амални кўпайтиришга, одамлар билан ҳадеб ўтиравермасликка чақириб хат ёзади. Имом Моликнинг унга жавоби қуйидагича бўлган эди: (Аллоҳ таоло худди ризқларни бўлиб берганидек, амалларни ҳам тақсимлаб қўйди; баъзиларга намозда ғайрат берилиб, рўзада унча берилмаган бўлса, айримлар рўзада пешқадам бўлиб, намозда бундай бўлмаган, яна бошқалар садақада жонбозлик кўрсатиб, рўзада илғор бўла олмаган, тағин бирлар жиҳодда ўрнак бўлиб, намозда ўртаҳол бўлган. Илмни ёйиб, ундан таълим бериш энг афзал эзгу амаллардан ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло менга бериб қўйганига розиман. Мен қилаётган иш сиз қилаётган амалдан қуйи бўлмаса керак, иккимиз ҳам яхшилик устидамиз, деб умид қиламан)”.  Ибн Абдул Баррдан келтирилган иқтибос тугади.

Демак, ҳаётимизнинг жабҳалари турлича. Инсонлар ҳам турли хил табиат, турли хил қараш, турфа хиллик билан яратилган. Уларнинг дунё қараши, қизиқиши, бирор бир нарсага бўлган рағбати ҳам турли хил. Мана шуларни жуда яхши билган Роббимиз Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳмат набийси саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тиллари билан бизга таълим бериб айтяптики, барчангиз ҳаётнинг турли хил жабҳаларидан юриб менинг розилигимни истанглар, ҳар ким ўзига муяссар қилинган амал ила менинг розилигимни топишга ҳаракат қилсин! Зеро, сизларнинг қай бирингизни қай бир амали қабул қилинишини Мендан ўзга ҳеч ким билмайди. Сизларни кўзингизга катта кўринган амални қабул қилмаслигим, сизларнинг наздингизда кичик, ҳақир кўринган амални қабул қилиб, ундан рози бўлишим ҳамда уни амалга оширган бандамни жаннатимга киритишим ҳам мумкин.

Азизлар! Динимиз барчaмизни амалга буюради. У катта бўлсин, кичик бўлсин, ҳар қандай амални ихлос, муҳаббат ва асосийси Роббимиз азза ва жалланинг розилигини истаган ҳолда амал қилишга  ҳаракат қилишимиз лозимки, зеро, Аллоҳ таоло покдир, покни қабул қилади. Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ амалларда собит қилсин! Ўзининг розилигига етказсин! Бизларни набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга қовуштирсин! Омин!

Абдуллоҳ Абдулғофир,
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси.