Туркиянинг Истанбул шаҳри яқинида жойлашган Санжаклар масжиди ўзининг ноодатий архитектура ечимлари билан ажралиб туради. Шу сабабли ҳам 2012 йилда қурилган ушбу иншоат 2013 йилда Жаҳон архитектура фестивалида “Йилнинг энг яхши дизайни” номинацияси соҳиби бўлган эди.
Ушбу масжид Туркиянинг Emre Arolat Architects компанияси томонидан қурилган бўлиб, унинг асосий қисми ер остида жойлашган.
700 квадрат метр майдонли масжид тош деворлар билан барпо этилган. Унда бир вақтнинг ўзида 650 нафар одам ибодат қилиши мумкин. Таҳоратхоналар ҳам ер ости қисмда жойлшатирилган.
Масжиднинг азон айтишга мўлжалланган минораси ҳам ноодатий услубда ишланган.
Масжид ичида қолдирилган туйнук ички томонга қуёш нурининг яхши тушишини таъминлайди. Ғорга ўхшаш масжид ибодат қилиш ва кўнгли хотиржамлик истаганлар учун қулай қилиб барпо этилган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.
Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.
Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан