Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Қувайтда Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди

19.12.2017   4085   2 min.
Қувайтда Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди

Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини жаҳонга ёйиш, сайёҳларнинг кенг қатламини Ўзбекистонга жалб этиш мақсадида турли учрашувлар, музокаралар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Қувайт давлатида ташкил этилди.

17 декабрь куни Ал-Қувайт шаҳрида Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Расмий очилиш маросими соат 10.00да давлат мадҳиялари ва Қуръони карим  тиловати билан бошланди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков очди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонни мадҳ этувчи фотокўргазмалар намойиши Қувайт давлати марказидаги “Ал-Адвания” галереясида ташкил этилди.

Кўргазмада асосан:

  1. Ўзбекистон – Ислом маърифати ва алломалар юрти;
  2. Халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмлари намойиши (хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, кандакорлик, каштачилик, атлас ва адрас);
  3. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти (15 турдаги махсус буклет, видеороликлар намойиши);
  4. Ўзбекистон тарихи ва бугунги жадал тараққиётини ёрқин акс эттирувчи фотокўргазмалар намойиши ўтказилди.

Тадбирда Қувайт маданият, санъат ва адабиёт миллий кенгаши бош котиби Али Ҳусайн ал-Юҳа (вазир мақомида) ва кенгаш вакиллари, шунингдек, Қувайтдаги Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев ҳамда элчихона ходимлари қатнашдилар.

Кўргазманинг ҳар бир бўлими, айниқса, хаттотлик ҳамда халқ ҳунармандчилик буюмлари, Ўзбекистон маданий мероси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Масалан, хаттот Ҳабибулло Солиҳ меҳмонлар иштирокида Ўзбекистонда сақланаётган муборак Усмон Мусҳафининг биринчи саҳифасини (Фотиҳа сураси) хаттотлик санъати асосида ёзиб берди, ушбу ёзилган санъат асарини эсдалик совға сифатида Али Ҳусайн ал-Юҳага тақдим этди.

Шунингдек, ёғоч ўймакорлик маҳсулотлари намойишида Лавҳ, унинг мақсади ва ундан фойдаланиш ишлари тадбирнинг ҳар бир иштирокчисини қизиқтирди. Али Ҳусайн ал-Юҳа ва кўп давлатларнинг элчилари ундан ўзлари учун тадбирдан эсдалик сифатида олдилар.

Фотокўргазмадан жой олган ҳар бир фотосурат меҳмонларнинг диққатини ўзига жалб этди, айниқса, Регистон мажмуаси ва Ичан қалъа иштирокчиларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини кескин оширди.

Тадбир давомида ўзбек санъат усталарининг машҳур миллий куйлари жонли ижро этилди. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ғижжакдаги юксак маҳорат билан ижро этган мусиқага барча шайдо бўлди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

9.01.2025   2759   2 min.
Фарзанд тарбиясига оид 6 оят

Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.


Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.

“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.


Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.

“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).

Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.


Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.

“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).


Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.

“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).


Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).


Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.

(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир(Луқмон сураси, 19-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД