Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакатимизга расмий ташриф давомида кўрсатган эҳтироми учун миннатдорлик мактубини юборди. Ушбу мактуб билан танишинг:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифимиз чоғида менга ва Қирғизистон делегациясига кўрсатган эҳтиромингиз ва меҳмондўстлигингиз учун чуқур миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз.
Менинг ташрифим жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида янада мустаҳкамланган олий даражадаги ишончли мулоқотнинг мантиқий давоми бўлганидан мамнунман.
Ўзаро англашув ва ишонч муҳитида ўтган музокаралардан ғоят мамнунман.
Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик алоқалари, яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларига асосланган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича эришилган келишувлардан жуда хурсандман.
Йўловчи транспорти қатновини қайта тиклаш, транзит ташишларни таъминлаш ва транспорт йўлаклари очиш, шунингдек, экспорт-импорт алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши оддий фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратишига ишончим комил.
Ўйлайманки, Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегараларининг қолган қисмини делимитация қилиш ишлари ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаол суръатда давом этади.
Сизнинг дипломатияда янги анъаналарга асос солаётганингиз, давлатлараро аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда ностандарт ва самарали ёндашувларни намоён қилаётганингиз таҳсинга сазовор. Сиз нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка ижобий суръат бағишладингиз.
Қирғизистон Сизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биз бу ташаббусни амалга ошириш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз.
Қадрли Шавкат Миромонович!
Ўртамизда дўстлик ва биродарлик муносабатлари қарор топганидан ғоят мамнунман.
Сизнинг ташриф давомида бир неча бор янграган “дардингизни ўз дардимиз, ғалабангизни ўз ғалабамиз сифатида қабул қиламиз”, деган сўзларингиз қирғиз халқига эзгу муносабатингиз ифодаси бўлиб, қалбимиздан чуқур жой олди.
Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва тараққиёт тилайман.
Ҳурмат билан,
Сооронбай Жээнбеков,
Қирғизистон Республикаси Президенти
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.