Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июн, 2025   |   15 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
19:59
Хуфтон
21:37
Bismillah
11 Июн, 2025, 15 Зулҳижжа, 1446

Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

19.12.2017   5176   2 min.
Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон: миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг янги босқичи” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда миллий маданият марказлари, дўстлик жамиятлари, турли жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

 

Тадбирда мамлакатимиз Конституциясида ирқи, жинси, диний эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар тенглиги белгилаб қўйилганлиги таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Республика байналмилал маданият маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид жорий йил юртимизда бўлиб, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик борасида эришилган ютуқларини юксак баҳолаганини алоҳида қайд этди.

 

Анжуманда тарих фанлари доктори, профессор Раҳбар Муртазоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Б.Каримов “Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида бағрикенглик тамойилларининг ўрни ва аҳамияти”, “Мустақил Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш жараёни ва бағрикенглик масалалари”, “Глобаллашув ва ахборот цивилизацияси даврида бағрикенглик масалалари” каби мавзуларда маъруза қилди.

 

Сўзга чиққанлар Конституциямизда белгиланган тамойиллар жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ўрни беқиёсдир.

 

Тадбирда миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама этилди, долзарб масалалар ечими бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Олимга нимани насиҳат қиламан?

09.06.2025   3334   2 min.
Олимга нимани насиҳат қиламан?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳнинг илм ва фазллари машҳур бўлаётган ва шуҳрат қозонаётган эди. У киши ўзларининг воқеаларини қуйидагича сўзлаб берадилар: «Мен «Сийратун-Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобини олти жилд қилиб тамомладим. «Муҳтарам Зотнинг сийратларидаги бирор жилва ёки кўриниш менинг ҳаётимда ҳам бўлганми ёки йўқ? Агар бўлмаган бўлса, у ҳолда қандай бўлади?» деган ўй қайта-қайта қалбимда тинчлик бермас эди. Шу мақсад учун Аллоҳнинг бирор валийсини қидирдим.

Тҳана Бҳавандаги хонақоҳда яшайдиган ва Аллоҳ таоло файзларини таратиб қўйган Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий ҳазратлари ҳақида эшитган эдим. Шундай қилиб, бир куни Тҳана Бҳаванга боришни ният қилдим ва сафарга чиқдим. Бориб, ҳазрат билан кўришдим ва бир неча кун у ерда турдим. Ортга қайтаётганимда ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳга: «Ҳазрат! Бирор насиҳат қилинг», дедим. У зотнинг хаёлларига ўша пайт: «Шундай катта алломага нима насиҳат қиламан? Илм ва фазли бутун дунёга машҳур бўлса», деган ўй келибди. Кейин: «Эй Аллоҳ! Қалбимга унинг учун ҳам фойдали бўлган ва менинг учун ҳам фойдали бўлган нарсани сол», деб дуо қилибди. Шундан кейин ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳга хитоб қилиб: «Эй биродар! Бизнинг йўлимизда бошидан охиригача ўзингизни хокисор тутишингиз керак», дебдилар.

Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзларни айтаётганларида қўлларини кўксиларига олиб бориб, паст тарафига бир зарба бердилар, зарба худди менинг қалбимга тушгандек бўлди».

Ҳазратимиз Доктор Абдулҳай раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Бу воқеадан кейин Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини шундай хокисор тутдиларки, унинг мисли топилиши қийин эди. Бир куни қарасам, хонақоҳнинг ташқарисида ҳазрат Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ мажлисга келганларнинг оёқ кийимларини тартиблаётган эканлар. Шундай тавозеъ ва муҳаббатни Аллоҳ таоло у кишининг қалбида пайдо қилди ва кейин юксак даражаларга кўтариб қўйди».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан