Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким биродарининг обрўсини (тўкилишидан, яъни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло унинг юзини (бутун баданини) Қиёмат кунининг оловидан сақлайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ғийбат ҳақида турли тушунчалар бор. Уни одамлар ҳар хил тушунади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, дейишди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродарингиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитиб, хафа бўлса, сиз уни ғийбат қилибсиз”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз айтган сифат унда бўлса-чи?” дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шунда ғийбат бўлади. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, унга бўхтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шунинг учун, бошқалар билан гаплашаётган вақтда орамизда бўлмаган, яъни суҳбатда иштирок этмаётган инсон ҳақида, гапиришга зарурат туғилса, у ҳақида яхши сўз айтишимиз лозим. Орамизда йўқ одам ҳақида ёмон сўз айтилса ва обрўсини тўкилса, гапираётган одамни тўхтатиш ва биродаримизни ҳимоя қилишимиз керак. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, зиммамиздаги бурчимизни адо этган бўламиз. Шу сабаб банда Қиёмат кунида дўзахнинг аламли азобидан нажот топиб, Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотига сазовор бўлади. Дўстининг обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётган кимсани тўхтатишга кучи етмаган одам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берган таьлимга амал қилиши лозим бўлади. Яъни, мункар ишни қўл ва тил билан тўхтатишга қодир бўлмаган одам, қалби билан инкор қилсин ёки суҳбатни тарк этсин. Аллоҳ таоло Қурони каримда бундай марҳамат қилади: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12).
Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло бандаларни ғийбат қилмасликка амр этмоқда. Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти каримада ҳам баён қилинмоқда.
Мазкур оятдан ғийбат қилиш ўлган одамни гўштини ейиш билан баробар экани тушунилади. Маълумки, инсоннинг гўштини ейиш нафақат Ислом динида, балки, бошқа динларда ҳам мумкин эмас. Одам ўлгандан кейин унинг гўштини ейишни эса хаёлга келтириш, ҳатто, тасаввур қилиш ҳам машаққат. Шунинг учун, оятдаги: “яхши кўрасизми?” деган саволга ҳеч ким, “Ҳа”, деб жавоб бермайди. Шу боис оятнинг давомида: “Ҳа, ёмон кўрасизлар!” деб таъкидланмоқда.
Оятнинг давомида мазкур гуноҳни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга чақирилиб: “Аллоҳдан қўрқинглар”, дейилди. Шу билан бирга, аввал билмасдан ғийбат қилиб қўйилган бўлса, тезда тавба қилиб гуноҳни ювиш мумкин экани айтилмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳаматидан ноумид бўлмасликка чақирилмоқда.
Чин дилдан надомат чекиб, қайта бу ишни қилмасликка аҳд қилиб ва унга вафо қилиш тавбанинг шартларидир. Ҳамда кимни қаерда ғийбат қилган бўлсангиз, ўша ерда у одам ҳақида яхши гапларни гапириш лозим. Шунда Аллоҳ таоло тавбани қабул қилади.
Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп. Жумладан, ғазабини тўкиб солиш, бошқаларнинг суҳбатига қўшилиш, ўз обрўсини кўтариш, ҳасад, ўйин-кулгу ва ҳазил қилиш кабилар ғийбатга сабаб бўлади. Баъзида бир одам бошқа кимсанинг жаҳлини чиқаради. Ғазаби чиққан одам уни йўқлигида, ғийбат қилиб ўч олишга ҳаракат қилади. Айрим ҳолларда таниш ёки улфатлар бир кишини ғийбат қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида, у гуноҳга шерик бўлади. Баъзилар эса “Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ”, деб, ўзларини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади. Кўпчилик бир кишини мақтаса, унга ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади. Aйримлар бошқаларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида баъзиларни камчилик ва айбларини айтиб, ғийбат қилишади.
Инсон ғийбат туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиши ҳақида фикр қилиши мазкур гуноҳдан сақланишда муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, банда қиёмат куни ғийбатчининг савоблари олиниб бошқага берилиши ёки унинг зиммасига ўзганинг гуноҳлари юкланишини доимо ёдда тутиши лозим. Ғийбат пайти ҳамма ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг камчилик ва нуқсонлари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, шукр қилсин. Инсон ўзини энг ёмон айб – ғийбатчилик ила булғамасин. Ўзини бошқалар ғийбат қилишини хоҳламаганидек, ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин. Ғийбатга сабаб бўладиган иллатларни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Ҳар дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабларни йўқ қилиш билан бўлади.
Мўмин-мусулмонлар ўзлари ғийбатдан сақланиб, бошқаларни ҳам бу гуноҳдан тийилишига ҳаракат қилишлари зарур. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мўминнинг биродаридир. Ҳар бир мўминнинг зиммасида мусулмонларнинг қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бор”, деганлар. Шунинг учун, ҳар биримиз ўз бурчимизни тўлиқ адо этмоғимиз лозимдир.
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” китоби асосида
Абдусамад ТОЖИДДИНОВ
тайёрлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, шунда Аллоҳнинг сизга берган неъматларини оз санамайсиз» (Имом Муслим ривояти).
Инсон мол-дунёда, чиройда, ижтимоий ҳолатда ўзидан устунроқ одамларга эътибор бераверса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб қолади. «Мендан бошқаларга роса яхши неъматлар берган экан, улар неъматларга кўмилиб яшаяпти. Мен эса доим нимагадир муҳтож бўлиб яшайман» деб, ўзига берилган неъматларни оз санайди, ҳатто кўрмай қолади. Бу эса Аллоҳ таоло берган неъматларни менсимасликка олиб боради. Натижада розилик ҳиссини йўқотиб қўяди, бунинг ҳаловатини туя олмай, азоб ичида яшайди. Бу эса уни нафрат, ҳасад томон етаклайди. Натижада инсон ўзидан устун бўлганларга ёмонлик қилишга ўтади. Баъзида улардан устун бўлиш мақсадида ҳатто ўғрилик қилишдан, ёлғон сўзлашдан ҳам тоймайди. Бойлик орттириш йўлида одамлар билан мусобақалашиб, ўзини ғам-ғуссага, изтиробга кўмиб ташлайди.
Инсон мол-дунё, чирой, соғлик, қувват борасида ўзидан пастроқ бўлганларга қараса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган карамини кўради, бошқа кўплаб одамларга бермаган неъматларини унга берганини ҳис қилади. Натижада сакинат, хотиржамлик туяди, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлади, фақир-мискинларга хайр-эҳсонлар қилиб, Аллоҳнинг марҳаматига шукр келтириб, умргузаронлик қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эриштирувчи нарсани васият қилганларини тушуниб етади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётни яна ҳам гўзал қиладиган, қалбни бахт ва сурурга тўлдирадиган энг гўзал васиятларидан бири - Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисдир.
«Халилим менга етти нарсани васият қилганлар:
мискинларни яхши кўришни, уларга яқин бўлишни буюрганлар;
ўзимдан юқоридагиларга эмас, ортдагиларга қарашни буюрганлар;
ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликни буюрганлар;
силаи раҳм қилишни буюрганлар;
аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишни буюрганлар;
Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни буюрганлар.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (қудрат ва қувват фақат олий, улуғ Аллоҳ биландир)» ни кўп айтишни буюрганлар».
Бир қиз айтади: «Бу ҳаётдаги шодлигимнинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қилган еттита васиятларидир. Бу васиятни ўрганиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишончим сабабли бу васиятларга амал қилдим. Ахир у зот биз умматлар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишимиз учун юборилмаганмидилар? Мен бу васиятлар доим кўз олдимда, ёнимда бўлсин деб, бир нечта қоғозга кўчириб, бирини чўнтагимга, бирини ёстиғимнинг остига, бирини кийим жавонимга, бирини дарс столимга қўйиб қўйганман. Сўнгра уларга амал қила бошладим. Шу васият сабабли ўзимга ишончим ортди, қалбим сакинатга тўлди. Масалан, ўсмирлик муаммолари сабаб бирор кун ҳам психолог маслаҳатига муҳтож бўлмадим. Яқинларим, дугоналарим кўпайди. Ҳар кеча Аллоҳнинг фазли билан хотиржам уйқуга кетаман».
Бошқа бир қиз айтади: «Неча йиллар ўзимдан, ҳаётимдан, атрофдаги ҳаммадан норози бўлиб яшабман. Сиқилиш, тушкунлик, уйқусизлик – ҳаммасини бошдан ўтказдим. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Бой оиланинг фарзанди бўла туриб, шу аҳволга тушиб қолдим. Бир куни бир дугонам мени етимларга, камбағалларга эҳсон қилайлик деб, ёрдамлашишга чақирди. Унинг яқинлари бир хайрия жамғармасида ишлар экан, бу эҳсонлар ўша жамғармадан эди. Аллоҳнинг марҳамати билан, хайрли иш экан деб, рози бўлдим. Мана шу фикр ҳаётимнинг ўзгаришида илк қадам бўлди. Бир бева аёлникига бордик. Ёш-ёш етим болалари бор экан. Унинг уйига бордиму, ҳаётимда илк бор саодат, шукрона ҳиссини туйдим. Бу аёлнинг уйини, шароитини кўрсангиз эди… Аёл мурғак гўдаклари билан ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош бериб яшаётган бўлса-да, Аллоҳнинг неъматлари, кўрсатган марҳаматлари учун тинмай ҳамд айтар эди. Биз озгинагина пул, рўзғор учун керакли нарсаларни берсак, ҳаққимизга узундан-узоқ дуолар қилди. Унинг дуоларида хурсандчилик, самимият, розилик ва ихлос балқиб турар эди. Ўша кунги зиёратдан йиғлаб қайтганим ҳали ҳам эсимда. Чунки шу пайтгача нақадар аҳмоқона ҳаёт кечириб келганимни ўша куни ҳис қилган эдим. Афсуски, умримнинг асосий қисми бойларга қараш, мол-дунё борасида улар билан мусобақа қилиш билан ўтиб кетибди. Бирорта дугонам меникидан чиройлироқ нарса сотиб олса ёки уникига ўхшаш нарсани излаб топа олмасам, кўзларимдан уйқу қочиб, ҳатто йиғлашга тушардим.
Бева аёлнинг зиёратидан кейин ҳаётга муносабатим бутунлай ўзгарди. Шундан кейин энди буёғига заифлар, ожизларга, камбағалларга ёрдам бераман деб бел боғладим. Моддий жиҳатдан қийналиб турган одамга ёрдам бериш шунақанги буюк саодат эканки, кўплаб инсонлар бундан мутлақо бехабар экан. Камбағаллар билан елкадош бўлиб яшасангиз, қандай аҳволда яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳаётингиздан рози бўлиб қоласиз. Уларга янада кўпроқ ёрдам бериш учун ўқишда, ишда янада кўпроқ тер тўкасиз. Бу эса ҳаётингизга барака киргизади, хотиржам ухлашингизга сабаб бўлади. Бошимдан ўтказган тажрибаларимдан келиб чиқиб, барча маҳзун қизларга камбағалларнинг, етимларнинг оналарига яқинроқ бўлишни, уларга имкон борича моддий, маънавий ёрдам беришни, улар билан тез‑тез суҳбатлашиб туришни тавсия қиламан. Бу тавсияга амал қилсангиз, ҳақиқий ҳаловат, чинакам хотиржамлик нималигини ўшанда биласиз. Бировга ёрдам беришнинг завқи бировдан ёрдам олишнинг завқидан кўра тотли бўлар экан».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.