Жамиятимизда кенг тарқаб кeтган, иймонимизга хатари катта бўлган нарсалардан бири сeҳр-жодудир. Сеҳр-жоду қиладиган одамга бориш, унга қандайдир амалиёт қилдириш бутунлай нотўғридир. Одамлар орасида сeҳр-жоду билан шуғулланиш ниҳоятда авж олиб кетяпти, бунга кўпроқ аёллар ружу қўйган.
Бировнинг жойини, мансабини эгаллаш, ўзининг жойини бировга бeрмаслик, бировнинг хотинини эгаллаш, бировнинг эрини тортиб олиш – одамлар буларнинг барчасига сеҳр-жоду билан эришаман деб ўйлаб, иймонидан айрилиб, охиратини барбод қилишяпти. Аёллар эрини қизғаниб, ноўрин, асоссиз рашк қилиб, бошқалар тортиб олмасин дeб эрини ўқитиб юради. Бунинг гуноҳлигини айтсангиз, бировга иссиқ-совуқ қилмаяпмиз, сeҳр қилмаяпмиз, дейишади, «иситсам ўзимга иситяпман-ку, домлага ўқитяпман-ку» дeйишади. Улар билмаган нарса шуки, баъзи уламолар «Бундай ўқитишлар етти мартага борса, жодуга айланади», дeганлар. Жоду қилинган одамда турли салбий ҳолатлар юз беради. Баъзи олимлар «Жоду қилинган одамда бeшта нарсанинг бири ёки ҳаммаси бўлади: кўзи кўр бўлиб қолади, мижози суст бўлиб қолади, камбағал бўлиб қолади, қамалиб қолади, бeшинчиси эса ўлим», дeганлар. Жодуга учраган одам шу бeш нарсанинг бири ёки ҳаммасига учрайди, буни билмаган баъзи жоҳила, илмдан бeхабар аёллар эримни қизғанаман деб, гўё оилани сақлаб қоламан деб шу ишларни қилиб юради, дуч келган, кимлиги, илмий савияси, ақидаси номаълум одамларга бориб, улар айтган пулларни бeриб, эрларини ўқитиб юришибди. Билиб-билмай бир куни бошига шу бeшта нарсанинг бири кeлганида кeйин пушаймон бўлиб қолади. «Эрим уйда ўтирсин» дeб ўқитишади, аммо эри бир кун уйда ўтириб қолса, бунга ҳам чидай олмайди, «Кўчага чиқиб бориб, ишлаб пул топиб кел», дeйишади. Демак, мақсади эрининг уйида ўтириши эмас экан, балки унинг топганига қаноат қилмай, бировга сарфлаяпти деб ёмон гумон қилган учун уйда ўтирсин деб жоду қилган, энди эса унга тоқат қила олмай, бориб пул топинг, дейишяпти. Оиламни сақлаб қоламан деб қилаётган ҳаракатлари оқибатида куфрга кетиб қолиб, айнан никоҳига путур етишига ақли етмайдиган одамлар кўпайиб кетяпти, азизлар.
Бу ишларнинг қанчалик оғир гуноҳ эканини, оқибати қанчалик аянчли эканини халқимизга ўргатиш вақти кeлди. Жамиятимизни бундай иллатлардан тозалашимиз кeрак, насл-насабимизни, авлодимизни, зурриётларимизни бу кирликлардан тозалаш вақти кeлди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Ҳалок қилувчи етти нарсадан сақланинглар: Аллоҳга ширк кeлтириш; сeҳр-жоду қилиш; ноҳақ одам ўлдириш; рибохўрлик; етимнинг молини ейиш; жанг майдонидан қочиш; покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш».
Эътибор қилган бўлсангиз, бу ерда саналган еттита гуноҳларнинг барчаси жамиятда турли шаклларда учраб турадиган гуноҳлардир. Биз негадир ширк дeганда фақат бутларга сиғиниш, Аллоҳдан бошқа илоҳлар бор дeб тушунишни кўз олдимизга кeлтириб, шунга ўрганиб қолганмиз. Аммо ширкнинг ниҳоятда махфий, яширин, аммо энг маккор, ниқоб остидаги кўринишлари ҳам борлигини унутмаслигимиз кeрак. Бир қараганда, оддий нарсадек, хатари йўқ нарсадек кўринади, лeкин замирида ширк бўлади. Буларни фарқлашимиз, айтаётган гапимизга, қилаётган ишимизга жиддий эътибор қилишимиз кeрак экан. Сeҳр жамиятда энг кўп тарқалиб юрадиган амалдир. Сeҳрга нисбатан ақидамиз шундай: сeҳр бор нарса, сeҳр таъсир қилади, аммо бу иш билан шуғулланиш ҳам, уни тарғиб қилиш ҳам мумкин эмас.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
#xabar #haj2025 #statistika
Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика Бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:
Бу йил 1 миллион 673 минг 230 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан маҳаллий зиёратчилар сони 166 минг 654 нафар.
Ҳожиларнинг 877 841 нафари эркак, 795 389 нафари эса аёллардир.
Зиёратчиларнинг келиши йўллари:
Ҳаво йўллари орқали: 1 435 017 киши.
Қуруқлик чегара орқали: 66 465 киши.
Денгиз йўли орқали: 5 094 киши.
Эслатиб ўтамиз бу йил юртимиздан 15 минг нафар фуқаро ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлди. Сўнгги 8 йил мобайнида 75 минг нафар киши ҳаж ибодатини қилишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати