Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июн, 2025   |   14 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:28
Аср
17:37
Шом
19:59
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июн, 2025, 14 Зулҳижжа, 1446

ТЕРРОР – ЗУЛМ, ЗОЛИМЛАРНИ АЛЛОҲ ЁМОН КЎРАДИ

18.12.2017   4434   20 min.
ТЕРРОР – ЗУЛМ, ЗОЛИМЛАРНИ АЛЛОҲ ЁМОН КЎРАДИ

ХХI асрда инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Гўёки, Ислом динига дахлдор бўлган бир гуруҳ кимсалар амалга оширган хуружлар оқибатида бир неча минг бегуноҳ инсонлар даҳшатли тарзда бевақт оламдан кўз юммоқда. Заминимизнинг турли ерларида хунрезликлар муқаддас Ислом динимиз номидан ҳамон давом эттирилмоқда.

Зотан, бирорта ҳам ҳақиқий иймонли киши, қайси диндалигидан қатъи назар, ўз ақидаси йўлида бегуноҳ одамларни ўлдирмайди. Шуни унутмаслик керакки, террорчилик ҳаракатлари чоғида ўлдирилган одамлар орасида турли дин ва миллат вакиллари, айни пайтда мусулмонлар ҳам бор эди.

Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангуга дучор бўлади. Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар.

Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг мақсади илоҳий динни ҳақоратлаш, одамларни ундан четлаштириш ва уларнинг қалбида иймонли одамларга нисбатан нафрат ва ғазаб уйғотиш, холос. Моҳиятига кўра, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки «дин йўлида» амалга оширилган ҳар қандай зўравонлик ва зулм илоҳий дин устидан зулм ҳисобланади.

Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг тамомила аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймондан эмас, даҳрийлик ҳамда бидъатдан ахтариш керак.

Агар инсон совуққонлик билан бегуноҳ кишиларни ўлдира олибдими, демак, у иймонли эмас, у худосиз. Бу кимсалар Аллоҳ таолонинг жазо-азобларидан қўрқмайдиган бўлиб қолган, уларнинг ягона мақсади қон тўкиш ва одамларга кулфат-алам келтириш. Шундай экан, бугунги кунда халқаро матбуотда тез-тез учраб турган «ислом терроризми», «диний экстремизм» ҳақидаги даъволар, нотўғри ва асоссиздир. Зеро, Исломда ҳам, бошқа икки самовий динда ҳам террорга ёки одамлар устидан
бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Бунинг устига биз «террор» деб атаётган ҳаракатлар (яъни, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларга қарши қилинаётган жиноятлар) Исломда улкан гуноҳ ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон ана шундай ҳаракатларга йўл қўймаслик, ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулдир.

Ислом – тинчлик ва оқибат дини

Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари равшандир. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Зеро бирор дин вакили бўлиш ўша диннинг илоҳий манбаларини тўғри ўрганиш, тўғри англаб етиш орқали бўлади.

Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий – Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар. Умумлашган тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.

Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишларни рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдир.

Бу  неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

яъни: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).

Тинчликнинг қадрига етиш мўмин-мусулмонлар бурчидир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, деб марҳамат қилганлар.

Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон кабидир. Қанча унумдор ерлари, боғлари бўлмасин фойда ололмайди. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, барчамиз жипслашиб, ҳамжиҳатликда иш тутишимиз зарур.

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِنًا فيِ سِرْبِهِ، مَعَافًي فيِ جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّما حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا

яъни, “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш учун тинчлик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ  إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ

яъни: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.

Тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотиржам адо этадилар.

Қуръон адолатга тарғиб қилади 

Қуръони каримда баён этилган олий ҳаққоният ҳар бир воқеага ҳар томонлама баҳо бериш, холис ва адллик билан ёндошишни, софдиллик, раҳм-шафқат, беғаразлик ва сабр-тоқатни талаб этади. Чунки ҳистуйғулар ва эҳтиросга қул бўлиб қолган одам воқеаларни холис, ҳар томонлама мулоҳаза билан баҳолай олмайди, тўғри қарорга келолмайди ва ўз ҳис-туйғуларининг таъсири остида қолади. Қуръонда буюрилган ҳаққониятга риоя этувчи инсон ўзининг шахсий эҳтирослари ва мулоҳаза-фикрларини ўйламаслиги керак. Чунки ҳар ерда ва ҳар қачон ҳақиқатни ҳимоя қилиш учун Аллоҳ таоло олдида масъулиятни ҳис этиш ва олий ҳаққониятга хизмат этиш йўлини танлагани учун у ҳар қандай шароитда ҳам ор-номус, адолатдан чекинмайди.

Иймонли кишининг ахлоқий софлиги шунчалар олий бўлиши керакки, қаршисида турган одамнинг талаб ва эҳтиёжлари ўзининг шахсий манфаатларидан устун бўлиши керак. Мусулмон киши ҳатто ўзига зарар бўлса ҳам, адолатга риоя қилишда Аллоҳ таоло олдида масъулдир.

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат-гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавм-ни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шуниси тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Моида, 8).

Қуръон таълимоти мусулмондан ҳақиқий адолатни талаб этади. Иймонли киши эса ҳаётининг ҳар лаҳзасида Парвардигорига мақбул бўладиган амалларни қилиб юрсагина Аллоҳ таолонинг ажр-мукофотларга муносиб бўлишини билади. Бундан ташқари ана шу кишининг ахлоқий фазилатига гувоҳ бўлган ҳар бир одамда унга нисбатан ишонч пайдо бўлади, унинг ҳузурида ўзини хотиржам ҳис қилади ва ҳар қандай масъулиятли ишини унга топшира олади.

Ислом ҳурфикрликни ҳимоя қилади

Ислом таълимоти одамлар ҳаёти ва ҳурфикрлилигини ҳимоя қилади, мусулмонларга бошқа кишига нисбатан ёмон гап айтишни, ғийбат ва туҳмат қилишни, ҳатто нохолис фикрга боришни таъқиқлайди, одамлар ўртасида адоват ва ихтилофларни тўхтатишга буюради. Ислом жисмоний зўравонлик ва ваҳшийликнинг барча кўринишларини ҳам, одамларга нисбатан заррача бўлсада ғоявий босим ўтказишни ҳам бирдай маън этади:
«Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара, 256)

«Бас (эй Муҳаммад), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос» (Ғошия, 21).

Одамларни динга ёки диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш Исломнинг моҳияти ва руҳига мутлақо зиддир. Зеро Ислом ақидасига кўра, чинакам иймонга хоҳиш-ирода ва виждон амри билангина келиш мумкин. Албатта, мусулмонлар Қуръони каримда баён этилган ахлоқий асосларни ҳаётга татбиқ этиш зарурати тўғрисида бир-бирларини рағбатлантиришлари, огоҳлантиришлари ёки эслатишлари мумкин. Қуръони каримнинг ахлоқий кўрсатмаларини одамларга тушунтириш ҳар бир диндор одамнинг бурчидир.

Аллоҳ таоло бандаларини ғулув (ҳаддан ошиш)дан кайтарган

“Экстремизм” тушунчаси Ислом динининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар с.а.в.нинг ҳадисларида қайта-қайта келган “ғулув” (الغلو), “туғён”(طغيان) , “ҳаддан ошиш”  (تعدي الحدود)каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилган. Масалан, Қуръони каримда ғулув лафзи бир нечта оятларда келган ва уларнинг барчасида Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан кайтарган. Жумладан: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! …” (Нисо, 171). Яна бошқа бир ояти каримада: “Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).

Ислом дини тавҳид дини ўлароқ, унда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган бўлиб, мусулмонларни ҳам бирдамликка чақирилгандир. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).

Динда ғулувга кетишнинг ёмон оқибатларидан яна бири, у кишиларни машаққатга солиб қўяди. Одамларни Аллоҳнинг кўрсатган тўғри йўлидан юришдан тўсиб, диндан нафратланиб, ундан безиб қолишларига олиб боради. Бундан ташқари шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиш, динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўлади. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким унда чуқур кетса, енгилади. Бас, тўғри бўлинглар, амалларингизни мўътадилликка яқин қилиб олиб боринглар, дин ҳақида фақат яхши гапларни айтинглар. Тонг вақтида, кундуз куни ва туннинг бир оз вақтида тоат ибодат қилиб фойдаланинглар” (Бухорий ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Ҳаддан ошувчи, ғулувга кетувчилар ҳалокатга учрадилар”, деб уч марта такрорладилар. (Муслим ривояти).

Динда ғулувга кетишнинг энг биринчи ва асосий сабаби албатта, бу динни яхши билмаслик, диний саводсизликдир. Динни яхши билмаган киши ким нима деса шунга эргашиб кетаверади. Шайтон кўзига чиройли кўрсатган ботил ақидаларни ҳақиқатини англамайди, натижада эътиқодидан адашади, катта гуноҳларга қўл уради. Шунинг учун ҳар бир мусулмон билмаган нарсасини ўз замонасидаги етук даражада диний илмга эга бўлган, барча эътироф этадиган олимларга мурожаат қилиб билиб олмоғи даркор.

Ҳозирги кунда Ислом оламида бир қанча ғулувга кетган экстремистик гуруҳлар мавжудки, буни кўрган баъзи ғарб оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракларини ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ҳолбуки, бугунги кунда экстремизм бутун жаҳон муаммосига айланди, ундан дунёдаги деярли барча давлатлар жабр кўрмоқда, жумладан мусулмон давлатлари ҳам. Юқорида биз айтган ОАВ вакиллари билмайдиларки, Ислом динининг ўзи экстремизмга қарши ва у  экстремизмга қарши курашни бундан ўн беш аср олдин бошлаган.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса”. Ибн Аббос р.а. Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Ислом дини мўътадил эканлигининг ўзи унинг ҳар қандай экстремизмга қарши эканлигининг яққол исботидир. Мўтадиллик дегани, ҳаддан ҳам ошмайди, сусткашликка ҳам йўл қўймайди, балки, ҳар бир ишнинг энг ўртасини, яъни адолат нуқтасини тутади.

Ислом биродарлик ва бағрикенгликка чақиради

Бу дунёда ҳар бир мусулмон уларнинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, барча одамларга ҳурмат, муроса, авф ва адолат, муҳаббат ва раҳм-шафқат кўрсатишга Аллоҳ таоло ҳузурида масъулдир. Аллоҳ таоло томонидан иймон эгалари зиммасига Ислом динига яхшилик, омонлик ва ҳурмат билан даъват қилиш юклатилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларга шундай дейди:
«Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус, 99).

Муқаддас динимизда бағрикенгликка далолат қилувчи ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бундай деб марҳамат қилганлар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган).

Ўлкамизда азалдан ҳанафий мазҳабининг қарор топиши бежиз эмас эди. Зеро, Имом Аъзам ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган буюк ватандошларимиз – ал-Мотуридий, Абул-Муъин ан-Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна ва-л-жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни учратамиз. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал Мотуридий (870 944) асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръон тафсирига бағишланган “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40-оятини тафсир қилар экан, “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас-Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса ўзининг “Баҳр ал улум” деган тафсир китобида Қуръондаги Мумтаҳана сурасининг 8, 9-оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан- Насафий (ваф. 1310 й.) ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”,  деб шарҳлайди. Ал Мотуридий насронийлар мусулмонларга қалби мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтиб ўтган бўлса, Абул Баракот ан-Насафий насронийлар мусулмонларга дили яқин эканини, улар орасида тавозели,  камтар “қиссис ва роҳиб” яъни, олим ва обидлар бор, дея таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, у албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлайди.   Шайх Аҳмад Яссавий (1105-1166) ҳам  ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши   муносабатда бўлишни уқтирган,

“Суннат эрмиш, берма озор кофир бўлса,

Кўнгли қоттиғ дилозордан худо безор”.

Динимиз таълимотига кўра, аҳли китобларни мусулмонлар диёрида турли вазифаларга қўйиш тақиқланмайди. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Жаҳондаги барча динларнинг асл моҳияти тинчлик, жумладан ислом дини инсонларни ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар улар билан тинч-тотув яшашга буюради.

Инсонларга шукр айтмаган Парвардигорига ҳам шукр айтмайди

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинким, бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги тўлиқ таъминланиб, диний бағрикенглик муҳити табора мустаҳкамланмоқда.

Ўтган қисқа вақт давомида Қорақалпоғистонда «Имом Эшон Муҳаммад»масжиди, Хоразмда «Охун бобо» масжиди, Тошкентда «Сузук ота», “Имом Термизий ”масжидларини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилиши, шунингдек, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш бошлагани катта туҳфа бўлди.

Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беради.

Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини дунёга таратишда беқиёс аҳамият касб этади. Шунингдек, азим пойтахтимизда Ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига жуда катта хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Шу ўринда айтиш лозимки, ҳозирги кунда диёримизда икки мингдан зиёд масжидлар фаолият юритмоқда, 2 та олий диний ўқув юрти, 9 та мадраса иш олиб бормоқда. Ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра амалларини адо этишмоқда. Бир йилда бир неча юзлаб номдаги, миллионлаб ададда диний-маърифий нашрлар чоп этилмоқда. Бугунги кунда 50 га яқин диний-маърифий сайтлар ишлаб турибди. Уларда энг тажрибали уламолар томонидан тўғридан-тўғри савол-жавоб қилиш ва диний фанлардан онлайн дарслар ўтиш ҳам йўлга қўйилган.

Албатта, мана шундай неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг марҳамати ва хотиржамликнинг маҳсулидир. Бунинг учун Яратган Парвардигорга доимо шукроналар айтамиз.

Навоий ҳазратлари ўзларининг “Арбаъин” асарларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга гўзал шарҳ берадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди», дедилар» (Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилган).

Улки Холиқға шукр дер, аввал

Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.

Кимки, махлуқ шукрини демагай,

Демагай дағи шукр Холиқдин.

Холиққа шукр қилгувчи киши аввал халойиққа – одамларга шукр келтириши керак. Ким инсонларнинг шукрини айтмаса, Яратганга ҳам шукр айтмайди. Зеро, шукр билан неъматлар зиёда бўлиб бораверади.

Биз имом-хатиблар халқимизни ислом маърифатига бошлаб, айниқса ёшларимизда ана шу шукроналик ҳиссини қарор топтиришимиз, уларни дунёга муаллим бўлган улуғ аждодларимизнинг барҳаёт илм чашмаларидан янада кўпроқ баҳраманда этишимиз лозим. Бугун юртдошларимиз ҳар бир янги кунни тинчлик-омонлик дея аталмиш бахту саодат оғушида қарши олмоқда. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда ҳам шукр қилганларга неъматларини зиёда қилиб бериши тўғрисида оятлар мавжуд. Акс ҳолда ношукрлик нотинчликка олиб келади.

 

Анвар қори ТУРСУНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қурбонликка оид 30 масала

04.06.2024   4434   8 min.
Қурбонликка оид 30 масала

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).

Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).

Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).

Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир (131).

Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади (37).

Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).

Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).

Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир (57).

Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас (58).

Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).

Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).

Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).

Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда (78).

Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади (82).

Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди (91).

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (96).

Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади (133).

Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (98).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади (99).

Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир (99).

Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади (100).

Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир (102).

Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди (105).

Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (107).

Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

Манба

Мақолалар