Ўтган ҳафта Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари бош имом-хатибларининг аёл-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда 20 ноябрь куни Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда аёл-қизлар ўртасида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш, ахлоқсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажрим, ОИТС каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларини, тушунтириш ишларини янада ривожлантириш лозимлиги, «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликдан холи бўлиши, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шартлари муҳокама қилинди, отинойиларга тегишли кўрсатмалар берилди ва вазифалар юкланди.
Шунингдек, Мавлид ойи муносабати билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида суҳбат ташкил этилиб, қизиқарли савол- жавоблардан иборат викторина ўтказилди. Викторинада фаол иштирок этган отинойиларга эсдалик учун илм зиёси бўлган китоблар совға қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.