Меъёр – ўртача йўлни тутиш, мўътадиллик демак. Ҳар соҳада, ҳар бир мавзуда ўрта йўлни тутиш марғуб саналади. Ҳатто яхши, савобли ишни бажаришда ҳам меъёр шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон, 67).
Намоз – диннинг устуни, рўза – имон қалқони. Аммо бу ибодатларни бажаришнинг ҳам меъёри бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ажр беришдан чарчамайди, лекин сиз зерикиб қоласиз, шунинг учун ўртаҳол ибодат қилинг, деган мазмунда ўгит берадилар. У зот яна ифротга ҳам, тафритга ҳам кетиб қолишдан қайтарадилар. Яъни, ўта бепарво ҳам бўлиб қолманг, таркидунёчиликка ҳам берилиб кетманг, деб огоҳлантирадилар.
Ҳадиси шарифларда айтилишича, Аллоҳ йўлида бир киши билан дўст тутиниш бошқа соя бўлмайдиган Кунда Аршнинг соясидан жой олишга сабаб бўлади.
Аммо яна шу ҳадисларда мазкур хусусда ҳам ўртача йўл тутиш – дўстни меъёрида яхши кўриш билан бирга душманни ёмон кўришда ҳам чегарадан ошмаслик кераклиги насиҳат қилинади. Доимо ишларнинг ўртачаси яхши экани уқтирилади.
Буларнинг барчасидан хулоса чиқарсак, ўртачалик – инсон табиатига мос,
хилқатига хос хислат. Айнан, у билан дунёнинг низоми, жамият интизоми барқарор бўлади. Меъёрдан оғишмасак, эътиқодимизу амалларимиз Китоб ва суннатга мос бўлади. Ўтмиш солиҳ аждодларимиз тутган йўл ҳам шу аслида.
ЎМИ матбуот хизмати
عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ تَكُونُوا إِمَّعَةً تَقُولُونَ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَحْسَنَّا وَإِنْ ظَلَمُوا ظَلَمْنَا، وَلَكِنْ وَطِّنُوا أَنْفُسَكُمْ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَنْ تُحْسِنُوا وَإِنْ أَسَاءُوا فَلاَ تَظْلِمُوا» (رواه الترمذي)
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз: “Агар одамлар яхшилик қилса – яхшилик қиламан, ёмонлик қилса – ёмонлик қиламан”, дейдиган лоқайд, беўй бўлмасин. Лекин ўзларингизни одамлар яхшилик қилса – яхшилик қилишга, агар ёмонлик қилса – уларга зулм қилмасликка одатлантиринг», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифнинг арабча матнида келган إِمَّعَةٌ [иммаъатун] сўзи “лоқайд”, “фикрсиз”, беўй”, “ким нима деса, ўйлаб кўрмасдан унинг ортидан эргашиб кетаверадиган”, “журъатсиз”, “қатъиятсиз”, “субутсиз”, “ўзгарувчан”, деган маъноларни англатади.
Ўзининг қатъий фикри, тутуми йўқ, бурдсиз одамларни огоҳлантириш мақсадида Набий алайҳиссалом: «Сизлардан бирингиз: “Агар одамлар яхшилик қилса – яхшилик қиламан, ёмонлик қилса – ёмонлик қиламан”, дейдиган лоқайд бўлмасин», деганлар. Чунки бундай одамлар, Аллоҳ асрасин, ўзга дин вакиллари билан сафарда ёки бошқа сабаб билан бирга бўлиб қолса, ўзи тушуниб-тушунмаган ҳолда муомала-муносабатларда, ибодатларда уларга тақлид қилиб қўйиши ҳам мумкин. Бу жуда хавфлидир.
Алий Қори раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадиси шариф орқали ахлоқ-одоб, юриш-туриш, муомалада ҳам ўзга маданият, дин вакилларига тақлид қилишдан қайтардиларми, демак, ақида ва ибодат масалаларида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки ақида ва ибодат масалалари жуда нозик. Мўмин киши бир сўз билан иймонидан ажраб қолиши мумкин”.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунани Термизий” асарига ёзилган “Туҳфатул Аҳвазий” китобида мазкур ҳадис шарҳланиб: «Одамлар нима деса, шунга эргашиб кетаверадиган кимса “муқаллид” дейилади. Мулоҳазасиз, фикри йўқ, беўй одамдан эҳтиёт бўлиш керак. Мўмин киши ҳеч қачон эътиборсиз бўлмайди. Ҳар бир ишини мулоҳаза билан Яратганнинг розилигини кўзлаб амалга оширади. Айниқса, ақида ва ибодат масалаларида ҳар доим ихлосли бўлади.
“...Лекин ўзларингизни одамлар яхшилик қилса – яхшилик қилишга, агар ёмонлик қилса – уларга зулм қилмасликка одатлантиринг”, яъни яхши иш қилишга ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар, эзгуликни давом эттиришга одатланишимиз керак. Одамлар бировларга зулм қилса, уларга эргашиб кетиш мўминнинг иши эмас. Зулм қилмасликнинг ўзи яхшиликдир.
Ҳадиси шарифда ёмон хулқларга кўр-кўрона эргашиш чиройли хулқни тақиқлашнинг бир белгиси экани эслатилган. Аллоҳ ва Расули эзгуликни яхши кўради. Шу боис Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилишни васият этганлар.
Манбалар асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан олинди.