Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Бир ҳадис шарҳи: Ота-онага яхшилик қилиш фазилати

14.12.2017   8579   4 min.
Бир ҳадис шарҳи: Ота-онага яхшилик қилиш фазилати

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш хусусида шундай марҳамат қилган: “Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар!..” (Нисо, 36).

“Анкабут” сурасининг 8- оятида эса: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик (яъни ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир)”, деган.

 Демак, ота-она номига сазовор бўлган шахс борки, динимизда улар эҳтиромга лойиқ зотлар сифатида қадрланади. Юқоридаги ҳадиси шариф матнида келган “Раббнинг розилиги” отанинг розилиги ва “Аллоҳнинг ғазаби” отанинг ғазабида эканининг ўзи ҳам, Исломда уларнинг қадри қанчалар юксак эканига далолат қилиб турибди.

 Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда иккала ўринда ҳам “ота” сўзи ўрнига “ота-она” сўзи келтирилган ва буни ровийдан шак дейилган. Ҳадис китобларининг баъзи жойларида “ровийдан шак” деган сўзга кўзимиз тушади. Бу эса ўша ҳадиси шарифни кучсиз эканига эмас, балки фақат ўша лафз ҳақида ровийнинг шакда эканини ифодалайди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, ровий шу иккала сўздан қайси бирини айтганлари ҳақида шакка тушганини тушунсак бўлади.

Дунёда ҳеч бир буюк шахснинг сўзи ёки у ҳақидаги маълумотлар, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва ҳаётлари сингари аниқлик билан сақланиб қолинмаган. Ҳаттоки, ўзимиз ҳам бундан бир неча кун олдин ўзимиз айтган сўзларни сўзма-сўз айтиб беришимиз амри маҳол. Лекин саҳобалар ва улардан кейинги масъулиятли мусулмон уламоларнинг шарафли хизматлари сабабли, ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан қандай эшитилган бўлса, худди шундайлигича бизгача етиб келган.

Имом Термизий бу ҳадиси шарифни мавқуф деганлар. Ота дейилганда ўзининг асл ота ва бобоси киради. Ота-онани рози қилишлик билан Аллоҳнинг розилигига эришилади. Уларни ғазаблантириш билан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлинади. Агар бу амр ва қайтариқлар фарзанднинг шахсига зулм бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг шариатига хилоф бўлмаса, фарзанд савоб умидида ота онанинг бу ишига сабр қилади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Бир мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса бир эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, дедилар. “Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?” – дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам” – дедилар.

 Имом Таҳовий: "Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳй қилинган нарсаларда эмас”, дейдилар.

 Тоҳир Фатаний: “Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас” деган.

 Имом Ғаззолий: “Кўпчилик уламолар ота онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки, шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота онанинг итоати эса мажбурийдир", деганлар.

 Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробар риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки, насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.

 

Демак ота-онани рози қилиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат ва фақат яхшиликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоғимизни насиб қилсин!

 

Олимхон ЮСУПОВ,

“Махдуми Аъзам” жоме масжиди

 имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

4.11.2024   5571   17 min.
«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

 

«Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен.

Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен»

 

«Авлиёларнинг  авлиёси», «мутафаккирларнинг  мутафаккири», «шоирларнинг султони» бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари нақадар чиройли таъриф берганлар ўз асарларида!

«Огоҳлик» cўзининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, янада кенг миқёсда тушунишимизга тўғри келади. Яъни, бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса ёшлар қалбини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини жаҳонда юз бераётган мафкуравий йўналишдаги ошкора ва яширин таҳдидларнинг хатарларидан ва «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади.     

Албатта, халқимиз, жумладан ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. 

Бироқ Ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини Ғарб зиёлиларининг ўзлари «Ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.

 

«Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда».

 

Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа, деб билмоғимиз лозим!

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю-кундуз тарқатаётган бир онда, айниқса бугун фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар, жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга ҳаво,  балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак...

 

Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия. 

«ЖОНСИЗ» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, телевизор... Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймокда.

Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда... 

 

Бундай шаклдаги «жонсиз»тарбия:

доно халқимиз дунёқарашига ҳам, 

миллатимиз менталитетига ҳам, 

Қуръони карим оятларига ҳам, 

Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларига ҳам, 

динимиз кўрсатмаларига ҳам, 

шариатимиз ҳукмларига ҳам, 

уламоларимиз фатволарига ҳам, 

давлатимиз қонунларига ҳам, 

шарқона одобларимизга ҳам, 

мазҳабимиз меъёрларига ҳам, 

жамиятшунослик алоқаларига ҳам, 

одамгарчилик муносабатларига ҳам, 

инсоний туйғуларга ҳам, 

руҳшунослик сир-асрорларига ҳам, 

юртимиз урф-одатларига ҳам, 

ўзбекчилик қоидаларига ҳам, 

маданиятимиз ахлоқларига ҳам, 

инсоний ақлга ҳам,

ахлоқий нормаларга ҳам, 

доно мақолларимизга ҳам, 

миллий анъаналаримизга ҳам, 

диний қадриятларимизга ҳам, 

халқимиз онгига ҳам,

мусулмончилигимиз асосларига ҳам, 

Ислом динимиз тушунчаларига ҳам 

 

ЗИД  ЭКАНЛИГИНИ  УНУТМАЙЛИК!!!

 

Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга мос келадиганларинигина саралаб олмоғимиз шарт!

Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин!

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

  

2) «ЖОНЛИ» тарбия – бу: 

улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари; 

буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари; 

меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари; 

элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари;

жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар;

уйимизда фарзандларимизга ўзимиз бераётган таълим-тарбиямиз.

 

Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади. 

 

Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини ҳақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади. 

Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «мени отам мени ҳақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради. 

Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди. 

 

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди», деб яна қўшимча сифатида бизларга  енгилмас куч қилиб бердилар.

Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир! Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. 

 

Жаноби ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси-шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!» 

Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор: 

«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

 Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. 

Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим. 

Айниқса ҳозирда юртимиздаги мавжуд беҳисоб ҳамда турли фурсат ва имкониятлардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб, 

 

ҲАР БИР ОТА,  ҲАР БИР ОНА  ЎЗ фарзандига:

 

одоб-ахлоқ намуналарини, 

киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини,

бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни, 

ота-онага – меҳр ва итоаткорликни, 

оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни, 

ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, 

қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни, 

қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни, 

синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни, 

атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни, 

ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз – 

ҲАМ  БУРЧИМИЗ,  ҲАМ  ҚАРЗИМИЗ,  ҲАМ  ФАРЗИМИЗДИР!!! 

 

ХУДОНИ ОЛДИДА ҳам, БАНДАСИНИ ОЛДИДА ҳам, ЮРТ-ХАЛҚИМИЗ ОЛДИДА ҳам

 

Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!

Кимнинг она-Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “хақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!       

 

Иброҳимжон домла Иномов