Оламларга раҳмат бўлган зотнинг вафотига бир минг уч юз саксон тўрт йил бўлибди. Уммат сал кам ўн тўрт асрдан буён ҳидоят шамчироғининг муборак сиймосисиз умр кечирмокда.
Сидратул мунтаҳони сайр қилган ул покиза жасадни ўз хаёлларида тасаввур килганча, қалбида расулига муҳаббати бор уммат ҳамон қилаётган ҳар бир амалида у муборак зотнинг таълимотларига эргашмокда.
Аллоҳ таоло биз инсонларга жуда ҳам меҳрибондир. Одамзот жаҳолат ботқоғида ботаётган, куфр ва ширк дарёсида чўкиб бораётган, ўз қўллари билан ясаган тошларга сиғиниб, гуноҳ, маъсият ва разилликнинг энг юқори чўққисига чиқиб, бир оёғи жаҳаннам оловининг тафтини сезиб турган бир пайтда: «Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди... » (Оли-Имрон сураси, 164-оят).
Бу зотнинг қадрини кўрингки, оламлар Роббиси Ўзининг яратган оламлари учун айнан шу инсонни раҳмат қилиб танлади: «(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси,107-оят).
Аллоҳ таолонинг бу сўзларини тасдиқлаб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам: “Албатта мен ҳадя қилинган раҳматман”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло инсониятни икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилган муборак Каломида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят) деб буюрган.
Яъни, агар биз, бизни йўқдан бор қилган, Ўз руҳи покидан насиба бериб инсон деган шарафли номга сазовор этган, азиз ва мукаррам қилиб қўйган Парвардигоримизни яхши кўрсак ҳамда Аллоҳ таоло ҳам бизни яхши кўришини истасак ва бандачилигимизга бориб билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечиришини хоҳласак, ягона шарт: ҳаётимизда қандай ҳолатга дуч келишимиздан қатъи назар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашайлик!
«Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир», (Нажм сураси, 2-3-оят) деган Зот Муҳаммад алайҳиссаломни биз учун андоза қилиб яратди. Агар кимда Аллоҳнинг раҳматидан, охират кунидаги мукофотлардан ҳамда айтилган ваъдаларга бўладиган вафолардан умид қилса ҳар бир амалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишини Аллоҳ таолонинг Ўзи таъкидлайди: «(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Инсон боласи борки, ҳаётида ишончли дўстга, унинг тўғри ва ишонарли панду насиҳатларига муҳтож бўлади. Бизнинг бу борада омадимиз келган. Чунки Раббимиз азза ва жалла: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят), дея таърифлаган, содиқул амийн бўлган, башарият сардори дея эътироф этилган зотнинг насиҳатлари бисёр. Агар уларга амал қилсак икки дунёда ҳам фароғатда бўламиз. Бу хушхабарни Аллоҳ таолонинг Ўзи айтмоқда: «Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва эзгу амал қилса, Биз унинг мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун фаровон ризқ (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз» (Аҳзоб сураси, 31-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир гаплари бизни жаҳаннам оловидан қутулишга ва абадий саодат соҳиби бўлишга чақиради.
Дарҳақиқат, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари ичидан у зотга муҳаббат қўйган, у кишининг суннатларида бардавом бўлган умматлари учун Аллоҳ таолодан мағфират сўраб, уларга шафоатчи бўлиб жаннат томон бошлаётган вақтда, шундай муборак зотга уммат бўлишдек бахтдан фойдаланиб қолмаслик билан ўз нафсига зулм қилганлар: «У кунда золим қўлларини (бармоқларини) тишлаб (пушаймон қилиб), дер: «Эҳ, қани эди, мен ҳам пайғамбар билан бирга бир йўлни тутганимда!», дейдилар (Фурқон сураси, 27-оят).
Бугун бизда имкон бор. Чунки биз ҳаётмиз. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига имкон қадар амал қилишга ҳаракат қилайлик. Зеро, Аллоҳ каломида: «Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар», деб марҳамат қилади (Нур сураси, 52-оят).
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Учкўприк тумани
“Шоҳ муқаддам” жоме масжиди имом-ноиби
Инсон зиммасида бир нечта омонатлар борки, буларни қадрлаш зарур ҳисобланади. Ўз жонига ўзи қасд қилиш эса ана шу омонатга хиёнат қилишдир. Бинобарин, Қурони карим Нисо сураси 29-оятида Ҳақ таоло хитоб қилган: "Бир-бирларингизни ўлдирмангиз".
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўлни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради" (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Мўътабар фатво китобларимиздан “Фатавои Сирожия”да: “Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра қаттиқроқдир!”
Юқорида келтирилган манбалардан кўриниб турибдики динимиз инсон ўз жонига қасд қилишга эмас, балки бу омонатни асрашга қадрлашга чақиради. Лекин, жамиятда баъзи инсонлар борки, ўз жонига қасд қилишга, худкушликка рағбат қиладилар. Аслини олганда ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ берган неъматни мутлақо менсимасликдир. Шу билан бирга бундай ҳолат ўша жамиятга ҳам мусибат ҳисобланади.
Ўзини-ўзи ўлдиришнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ ва каттароқ ҳисобланади. Энди, салгина ҳаёт ташвиши деб, озгина ғам ва алам деб ўзини ўлдираётганларнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ эканлигини билдик. Бироқ, бундан ҳам энг ачинарлиси, бировларнинг ёлғон-яшиқ гапларига учиб, “фатво”ларига алданиб, бегуноҳ мўмин-мусулмонларни ўлдиришга қасд қилиб ўзини ўлдиришнинг гуноҳи бундан неча баробар оғирроқ ҳисобланади. Бу шаҳидлик эмас, бу қаҳрамонлик ҳам эмас, балки худкушликдир.
Уйчи тумани "Девона бобо" жоме масжиди имом-хатиби
Абдуфаттоҳ Мусаханов
Манба: @Softalimotlar