Муборак ва порлоқ юзлари
(танловга)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди юзларида қуёш юргандек чиройли ва порлоқ юзли киши эдилар. (Қуёш ўз фалакида қандай юрса, гўзаллик ул зотнинг юзларида худди шундай жилваланар эди).
Али розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни ўта семиз) ҳам, мукалсам (яъни ўта юмалоқ юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки юзларида бирозгина юмалоқлик бор эди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бир парчасидек яшнаб кетар эди».
Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг гардишига ўхшар эди».
Абу Туфайлдан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг» деб сўраганларида у киши шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди».
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди».
Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидламоқдалар.
Ҳасан ибн Али тоғаси Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, салобатли ва виқорли зот эдилар. Юзлари худди тундаги тўлин ойдек чарақлаб турар эди».
Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, шундай деган: «Мен бир у зотга, бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзал эдилар».
Робиъ бинти Муъаввиздан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг» деб сўрашганида: «Эй ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз», деб жавоб берган.
Умму Маъбад ҳам Набий алайҳиссаломнинг тавсифларини шундай келтирган экан: «Мен покиза, гўзал хулқли, чиройли юзли ва хушрўй кишини кўрдим».
Ҳамадонлик бир аёл: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман», деган эди, ундан: «У зотни бизга васфлаб беринг», деб сўрашди. Аёл: «У зот худди тўлин ой кечаси кўкда порлаб турган ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотга ўхшаш инсонни кўрмадим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли ёноқлари тавсифига келсак, ёноқлари текис эди (яъни дўппайиб ҳам турмаган, ичига ҳам ботмаган).
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди:
«(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oққaни ҳaм йўқ, ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ» (Нажм сураси, 17-оят).
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз пайти қандай кўрсалар, қоронғи кечада ҳам шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.
Ибн Абу Ҳола нақл қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқа ёки ён томонларига қарасалар, таналари билан тўлиқ бурилиб қарар эдилар. Муборак назарлари пастга қарар эди (яъни нигоҳларини кўпроқ пастга қаратар эдилар). Қарашлари ўйчан ва мулоҳазали эди.
Али розияллоҳу анҳу айтади: «Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилга мойилроқ (яъни қизғишроқ) киши эдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Кўзлари тим қора эди», дейилган.
Яна бир ривоятда эса: «Кўзларининг оқида бироз қизиллик бор эди», дейилган.
Кўзнинг оқ қисмида қизиллик бўлиши арабларда мақталган ва маҳбуб кўрилган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг эди. Бу хусусдаги ҳадисларнинг лафзлари турлича бўлса-да, барчаси бир маънода келган.
У зотнинг бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Али розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.
Қошларининг тавсифига келсак, улар узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига туташмаган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирра бурунли киши бўлганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари ўртачадан кенг ва каттароқ эди. Тишлари оппоқ, ораси очиқ эди. Икки олд тишлари, яъни курак тишларининг ораси ҳам очиқ эди. Доимо оғизларидан хушбўй ҳид келарди.
Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчсиси Ғиёсиддин Баратов таржима қилди
1. Аллоҳга тақво қилишни тижорат деб бил, шунда у сенга молсиз фойда келтиради.
2. Ўзингни сенга муҳтож бўлмаган, лекин сен унга муҳтож бўлган кишининг ўрнига қўй.
3. Харсанг тошларни жойидан кўчириш, онгсиз одамга англатишдан осонроқдир.
4. Жаннатни талаб қилишда олий ҳимматли бўл.
5. Аллоҳдан шундай умид қилки, у билан Унинг макридан омонда бўлма ва Аллоҳдан шундай қўрқки, у билан Унинг раҳматидан умидсиз бўлма.
6. Мен ҳеч қачон сукутдан афсусланмадим. Агар гап кумуш бўлса, сукут — олтин.
7. Ҳикмат камбағалларни подшоларнинг мажлисларида ўтказган.
8. “Ё Роббим, мени мағфират қил” — деб кўп такрорла, зеро Аллоҳнинг бир соати борки, у вақтда сўровчи рад этилмайди.
9. Ким ёлғон гапирса, юзининг сувини (обрўйи) кетади, кимнинг хулқи ёмон бўлса, ғам-ташвиши кўпаяди.
10. Аллоҳдан қўрқ, лекин қалбинг фожир бўлатуриб, одамлар сени ҳурмат қилишлари учун ўзингни уларга Аллоҳдан қўрқадиган қилиб кўрсатма.
11. Амал фақат яқиний ишонч (эътиқод) билангина мукаммал бўлади, кимнинг эътиқоди заиф бўлса, амали ҳам заиф бўлади.
12. Ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўл, зеро у пиширилган чумчуқ гўшти каби иштаҳалидир, лекин кўп ўтмай эгасини ичини ёндиради.
13. Мажлисни кўзинг билан кўриб танла, агар Аллоҳ зикр қилинадиган мажлис бўлса, у ерда ўтир. Агар олим бўлсанг, илминг наф беради, агар жоҳил бўлсанг, сенга ўргатишади, агар Аллоҳ у мажлисга раҳматини нозил қилса, сен ҳам шу раҳматдан баҳраманд бўласан.
14. Қарздорликдан эҳтиёт бўл, чунки у кундузи хорлик ва тунда ғамдир.
15. Тўқлик устига овқат емагин — чунки ундай таомни егандан кўра итга ташлаган яхшироқ.
16. Агар шайтон сенга шубҳа ва гумон орқали келса, уни яқиний ишонч ва насиҳат билан енг, агар у танбаллик ва зерикиш томонидан келса, қабр ва қиёматни эслаб енг, агар у хоҳиш ва қўрқув томонидан келса, унга дунё тарк этиладиган ва қолдириладиган нарсадир, деб айт.
17. Тилингдан чиққан гапларга эҳтиёт бўл, сукут қилган киши омонда бўлади, фақат фойдаси бор гапларни гапир.
18. Юзингни ниқоблашдан (яъни шубҳали қиёфадан) сақлан — чунки, у кечаси одамларни қўрқитади, кундузи эса хўрлик келтиради.
19. Мен тош, темир ва оғир юкларни кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарсани кўрмадим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ