Қиш. Тунлар ҳамон узайишда давом этмоқда. Мўмин-мусулмонлар шу кунларга: яна қорларни, музларни кўрадиган кунларга етказганига шукр қилиб, зикрларини ва ибодатларини кўпайтирмоқда.
Динимиз покликни талаб этгани боис кишиларимиз намозга бораётганда ёки бошқа иш билан юрганда кийимига лой сачраган бўлса, уни нима қилиш керак, ўша лой сачраган жойин ювиш керакми ёки кийимнинг ҳамма жойин ювиш зарурми дея ўйланиб қолади. Бу иккисининг қайси бирини қилса ҳам жамоатдан қолиб кетади. Аммо Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, бу ишнинг иккаласини ҳам қилиш шарт эмас экан. Чунки унинг асли пок экан. “Мусаннаф”да бир қатор тобеинлардан бундай ривоят қилингани келтирилган: “Улар ёмғирдаги сув ва лойни кечиб, масжидга кирар ва намоз ўқир эдилар”.
Қиш фаслида шаҳарда таҳорату ибодат унчалик қийинчилик туғдирмайди. Чунки масжидларимизнинг таҳоратхоналаридаги қулайликлар таҳорат қилаётган кишига роҳат-фароғат бағишлайди. Ҳамма жой топ-тоза, чароғон, жўмракни бир тарафга қаратиб сал қиялатсангиз, иссиқ сув келади; аксини қилсангиз, совуқ сув; ўртасига қўйсангиз, илиқ сув. Муаттар ҳидли совунларни айтмайсизми. Юз-қўл учун, оёқ артиш учун алоҳида сочиқлар, яна шамоллатиб қуритгичлар ҳам бор. Яна таҳоратни тугатиб чиқаётганингизда масжид ходимлари мушки анбар ҳам суриб қўйишади.
Намозхонага кирсангиз, юмшоқ гиламлар тўшалган, иссиққина, кўплаб масжидларда иссиқ пол қилинган. Ўша ерда ўтириб намоз бошлангунча токчаларга териб қўйилган китобларни мутолаа қиласиз, ҳатто намоз тугагандан кейин ҳам кетгиси келмайди одамнинг.
Фақат шу фаслда сафарга чиқиб қолган киши ёки қишлоқ жойда яшайдиган намозхонларнинг ҳозирча бир оз машаққатлари бор. Бироқ ана шу машаққат учун аслида жуда катта савоблар олар эканмиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Оллоҳ у билан хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага кўрсатма берайми?" дедилар. Саҳобалар: "Ҳа, кўрсатма беринг", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этиш, масжидга қадамни кўпайтириш ва намоздан кейин намозни кутишдир. Мана шу риботдир (марғуб бўлинган нарса)", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Қозий Иёз: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этишдаги машаққат дейилганда, қаттиқ совуқ, жасаднинг совуқ қотиши ва шунга ўхшаш нарсалар назарда тутилган", деган.
Буни қарангки, намознинг вақти ичида ҳам вақти бўлар экан. Ёзнинг жазирамасида пешинни бир оз салқинлатиб ўқиганимиздек, қишнинг қаҳратонида пешинни вақти киргани заҳоти ўқиб олсак фойдали бўлар экан. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совуқ қаттиқ бўлса, намозни эрта ўқирдилар. Агар иссиқ қаттиқ бўлса, намозни совутардилар (яъни аввалги вақтидан кечиктирардилар)". (Имом Бухорий ривоят қилган).
Имом Термизий ана шу ҳадиснинг маъносини тушунтириб: "Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва улардан кейинги аҳли илмлар ихтиёр этган нарсадир, зеро, намоздан қасд қилинган нарса хушуъ ва қалбнинг ҳузуридир, қаттиқ совуқ ва қаттиқ иссиқ намозхонни машғул қиладиган нарсалар жумласидандир", деган экан.
“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деганларидек, қиш фаслининг ҳам ҳикматлари жуда кўп ва уларни ўрганилиб борилаверса, совуқни ҳам, узун тунларни ҳам ёқтириб қоларкан одам. Айниқса, қиш фасли рўза тутишга ғоят қулай фасл. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қишдаги рўза, салқин (роҳатли) ғаниматдир", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бинобарин, қиш кунларида рўза тутиш тушликни бир оз кечикиб қилишдек гап. Энг муҳими, чанқамайсиз, жигарингиз куймайди, қорнингиз очадиган вақтда ўзи ифтор вақти кирган бўлади.
Шундай экан, ана шундай қулай фурсат, ғанимат дамлардан фойдаланиб қолайлик, азизлар!
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.
Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.
«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.
Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.
Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.
«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.
Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.
Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.
Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар».
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.
Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.
Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни… тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи бўлган ҳолларида».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:
«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (8-оят).
Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.
Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди