Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.
Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Буни 1 декабрь куни Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзоланганида кўриш мумкин. Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу фармонда ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида турли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири сифатида Гемотология ва қон қуйиш илмий текшириш институтининг клиникасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари номидан лейкемия билан оғриган бемор болаларга совғалар, тиббиёт буюмлари улашилганини келтириб ўтиш мумкин.
Ушбу савобли ишлар “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан муносабати билан амалга оширилди.
Маълумот учун, дунё аҳолисининг “энг катта озчилигини” ташкил этувчи ногирон кишилар, одатда, ногирон бўлмаган кишилардан фарқли ўлароқ, соғлиги сустроқ, таълим соҳасидаги ютуқлари камроқ, иқтисодий имкониятлари чекланган ва моддий шароити ҳам ёмонроқ бўлади. Бунинг сабаби улар учун яратилган қулайликларнинг етишмовчилигидир. Бундай етишмовчилик уларнинг ҳар кунлик ҳаётида кўплаб тўсиқларни туғдиради.
Халқаро ногиронлар куни 1992 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг 47/3-рақамли қарорига биноан нишонлана бошлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Мусулмон киши ҳар бир ишида Аллоҳ таолога таваккул қилади. Зеро, Аллоҳ таоло таваккал қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг. Зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Ушбу оят тафсирида: “Аллоҳга таваккул қилиш улуғ фазилат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни яхши англашмайди. Ўйламай, уринмай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона туришни таваккул деб тушунувчилар бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олайлик. У зот мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитиб, тезда мусулмонларни йиғиб, кенгаш ўтказдилар. Ўзлари биринчи бўлиб Ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг – Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, пешвоси бўлган зот урушга кетаётиб бир эмас иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб борганларидан кейин душманнинг куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнг ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, режа туздилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни кўрдилар. Аммо Аллоҳга таваккул қилишлари бу ишлардан айри эмасди.
Таваккул буларнинг барчасини боғлаб турадиган бир ип мисоли. У ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Афсуски, кўпчилик таваккулни ҳаракатсизлик, уриниб кўрмаслик билан боғлиқ ҳолда тушунади. Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, деб ҳаракат қилишлари керак бўлган ишларни ҳам қилишмайди. Бу эса дангасалик, холос.
Пайғамбар алаҳиссалом даврларида бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилайми?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккул қил” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига таваккал қиладиган бандалари қаторида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими