Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июн, 2025   |   20 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:40
Bismillah
16 Июн, 2025, 20 Зулҳижжа, 1446

Тақво нажот йўли

30.11.2017   7499   7 min.
Тақво нажот йўли

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Гуноҳнинг ортидан, уни ўчирадиган яхшилик қилгин. Инсонларга гўзал хулқ билан муомала қил”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда “тақво” деб таржима қилинган сўздан луғатда ҳимоя, тўсиқ деган маънолар тушунилади. Шариат истилоҳида банда билан у қўрқадиган азобнинг ўртасидаги ҳимояловчи тўсиқ тақводир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисни айтишларига Абу Зар ва Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳумо)лар сабаб бўлишган. Муоз (розияллоҳу анҳу) Яманга кетаётганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Муоз, Аллоҳга тақво қилгин. Одамлар билан гўзал муомалада бўлгин. Гуноҳ иш қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қилгин”, дедилар. Муоз: “Ё Расулуллоҳ, “Ла илаҳа иллаллоҳ” яхшиликми”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У яхшиликларнинг энг буюгидир”, дедилар” (Ибн Абдулбир тамҳидда келтирган). Абу Зар (розияллоҳу анҳу): “Ё расулуллоҳ мени жаннатга яқин қилиб, дўзахдан сақланишимга сабаб бўладиган амални ўргатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳ қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қилгин. Чунки битта яхшиликнинг ўнта мисли бор”, дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ “Ла илаҳа илллаллоҳ”, яхшиликми”, деб сўради. Набий (алайҳиссалом): “У яхшиликларнинг гўзалидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Инсон Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси. Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳисобсиз неъматлар ато қилди. Башариятга яхшилик ва саодат йўлларини кўрсатиш учун, уларнинг орасидан пайғамбарлар чиқарди. Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига ибодат қилиш ва буйруқларига бўйсунишга буюрди. Одамларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, меҳр-оқибатли бўлишлари ва ўзаро яхшиликлар қилишлари саодатга эришишнинг муҳим омилларидан эканини баён қилди. Бу йўлда Аллоҳга тақво қилишнинг ўрни беқиёсдир.

Тақво нажот йўли. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тақво банда учун саодат эшиги ва Аллоҳ таолонинг розилиги калити эканини баён қилдилар. Тақво барча яхшиликларни жамлайди ва инсони ёмонликлардан ҳимоя қилади. Мўминлар тақво билан абдаий нажот топадилар ва Аллоҳ таолонинг ёрдамига эришадилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл, 128). Бошқа оятда Аллоҳ таоло тақволи бандаларга гўзал ризқ беришни ва қийинчилик, машаққатлардан халос қилишни ваъда қилди: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3). Банда тақво қилса ёмонларнинг ҳийла-найранрларининг зараридан халос бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар сизларга яхшилик етса, бу уларни хафа қилади. Борди-ю, сизларга ёмонлик етса, бундан улар хурсанд бўладилар. Агар сабр билан тақвода бўлсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилмишларини иҳота қилувчи зотдир” (Оли Имрон, 120).

Банда тақво қилиб дунё ва охиратда ғалаба қилади ва Аллоҳ таолонинг чексиз инъомлари ва даражаларига эга бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва дарёлар узрадирлар. (Улар) қудратли подшоҳнинг (Аллоҳнинг) ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар” (Қамар, 54-55).

Тақво сўзидан Ислом динидаги ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби амaллар тушунилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингиз-нинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар” (Бақара, 177).     

Тақво айтиладиган сўз ёки ҳужжатсиз талаб қилинадиган даъво эмас. Балки, у Аллоҳга итоат этиш ва гуноҳларни тарк қилишга ундовчи солиҳ амалдир.  Уламолар: “Аллоҳ таолога итоат этиб, осий бўлмаслик, Уни ёдга олиб, унутмаслик ва Раббига шукр қилиб, кўрнамаклик қилмаслик тақводир”, дейишади. Мўминлар мазкур маънода амал қилишлари ва сийрат-у суратда тақво билан зийнатланишлари лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!” (Оли Имрон, 102).

Банда шубҳали нарсалардан сақланиб, мукаммал тақвога эришади. Шубҳадан сақланиш инсонни поклайди. Ҳаром нарсаларни бажариб қўйишдан қўрқиб, мубоҳ ишлардан сақланиш ҳам шунинг жумласидан ҳисобланади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда зарарли нарсадан қўрқиб, зарарли нарсалардан тийилмагунча тақводор бўлолмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсон ҳаромдан хавф қилиб, ҳалолни тарк қилмагунча тақвога эришолмайди”.

Гуноҳларга тавба қилиш тақводорларнинг хулқидир. Гоҳида инсон унутади ёки ғафлат қолади. Натижада, нафси ғолиб келиб ёки шайтон васавасаси сабаб гуноҳ қилиб қўяди. Шу онда тавба қилиш ва Аллоҳ таолога истиғфор айтиш тақводорлик белгисидир. Аллоҳ таоло тақволик бандаларни бундай сифатлайди: “Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир” (Оли Имрон, 135). Бошқа оятда бундай марҳамат қилинади: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар” (Аъроф, 201). Тақволик банда тавба ва истиғфордан кейин, яхшилик қилиш ва солиҳ амалларни бажаришга шошилади. Аллоҳ таолонинг ваъдаси билан яхшиликлар ёмонликларни ўчиради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир” (Ҳуд, 114).

Гўзал хулқ мўминнинг зийнати. Инсон чиройли хулқ билан олий даражаларга етади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча билан гўзал муомалада бўлишга буюриб: “Имконинг борича хулқингни гўзал қилгин”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). Инсон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқларига эргашиб, чиройли одобни  ўрганади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21). Аллоҳ таоло бошқа ояти каримда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай сифатлаган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам, 4).

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хато қилган одамни кечириш, инсонларга меҳр-муҳаббатли ва оқибатли бўлиш, уларга очиқ юз, ҳалимлик, тавозелик ва камтарлик билан муомала қилиш гўзал ахлоқнинг кўринишларидир.

Манбалар асосида Юнусобод туманидаги

"Юнусобод" жоме масжиди имом-хатиби

Абдулғани ТОШПЎЛАТОВ тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ (4-қисм)

16.06.2025   481   8 min.
Мошина ҳайдовчининг 66 та ОДОБИ (4-қисм)

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

     (4-қисм)

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ  66 та ОДОБИ

(буларнинг акси

мўмин-мусулмон инсонга

мутлақо тўғри келмайди!!!)

 

  1. Мошинага минишда яхши ният билан энг аввало «Ауузу биллоҳи минашшайтонир ражим!», «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!» деб, ўнг қўл билан эшикни очиб, ўнг оёғини олдин босиб чиқишлик.
  2. Мошинага чиқаётиб, салом беришлик.
  3. Мошинага минганда, қисқагина тиловат қилиб, ўтганларнинг ҳақларига дуо қилиб, белгиланган дуоларини ўқишлик.
  4. Мошинада ўзини худди бировнинг уйида ёки жамоатчилик жойида ўтиргандек тутишлик.
  5. Мошинани ички ва ташқи томонларини доим тоза, озода ва покиза тутишлик.
  6. Мошинанинг техник талабларини бузмасдан, уларга сўзсиз ва тўлиқ риоя этишлик.
  7. Мошинани ҳар доим барча жойлари созланган ва минишга яроқли ҳолда ҳайдамоқлик.
  8. Йўлга чиқишдан олдин улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг дуоларини олиб чиқишлик.
  9. Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўришлик.
  10. Бир-бирига нисбатан раҳмдиллик, меҳр-оқибат, ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилишлик.
  11. Одамлар билан муомалада ҳаё, уятни унутмаслик.
  12. Нафақат инсонлар билан, балки ҳайвон, парранда, ҳашаротлар ҳатто ўсимликлар билан ҳам чиройли хулқ-одоб билан муомала қилишлик.
  13. Ўзидан катталарни доим ҳурмат қилишлик.
  14. Ўзидан кичикларни доим иззат қилишлик.
  15. Ҳаргиз ва ҳаргиз бошқаларга ноқулайлик туғдирмаслик.
  16. Ҳеч кимга ҳеч қаерда ва ҳеч нарсага жаҳл қилмаслик!
  17. Атрофдагилар билан доим ширинсухан бўлишлик!
  18. Йўл асносида атрофдагиларга бирор савол билан мурожаат қилганда, жавоб берган одамга миннатдорчилик изҳор этишлик.
  19. Мошина ҳайдовчиси тил, қўл, оёқ ва бошқа ҳаракатлар орқали ҳам бошқаларга озор бериши динимиз кўрсатмаларига асло тўғри келмайдиган амал. Чунки бундай ишлар муборак ояти-карималар ва ҳадиси-шарифларда қаттиқ қораланган.
  20. Йўл ҳаракат қоидалари ва йўлда юриш одобларига тўлиқ ва дин-диёнат билан риоя қилишлик.
  21. Мошина билан ҳам кечаю-кундуз ОТА-ОНАНИНГ хизматларини оғринмасдан, меҳр билан бажариб, УЛАРНИНГ бебаҳо, беқиёс ва бетакрор дуоларини олишлик.
  22. Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) нинг ҳурматларини жойига қўйишлик.
  23. Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) га нисбатан беодоблик қилмаслик.
  24. Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан имкон қадар кесиб ўтмаслик. Мабодо шунга мажбур бўлиб қолган ҳолда, узр айтиб, кечирим сўрашлик.
  25. Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)  нинг имкон қадар олдиларига тушиб юрмаслик. Мабодо шунга мажбур бўлиб қолган ҳолда, узр айтиб, кечирим сўрашлик.
  26. Ўз ака-ука, опа-сингилларига мошина билан ҳам меҳрибонлик қилиб, доим хизмат-юмушларини беминнат адо этишлик.
  27. Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиб, иссиқ-совуқ кунларида мошина билан ҳам беминнат хизмат қилишлик.
  28. Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилиб, иссиқ-совуқ кунларида ҳам, улар эҳтиёж сезганларида ҳам мошина билан ҳам беминнат хизмат қилишлик.
  29. Инсон зотини манфаати кўзлаб ўрнатилган тартиб-қоидаларга инсоф билан, дин-диёнат билан риоя этишлик.
  30. Инсон зотини манфаати кўзлаб қўйилган йўл белги (знак)лар талабларини ҳамда светофор ишораларини бузмаслик.
  31. Оғир бўлиб, босиқлик ва сабр билан юришлик.
  32. Сира ҳам шошилмаслик, зеро шошилиш – шайтондандир.
  33. Жуда секин ҳам ҳаракатланмаслик.
  34. Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда имкон қадар сигнал чалмаслик.
  35. Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда видео-овоз чиқариш ускуналарини овозини кескин пасайтиришлик.
  36. Агар мутлақо ўчириб қўйилса, янада улуғроқ бўлади.
  37. Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги ҳар қандай қабристоннинг ҳам ёнидан ўтганда, тезликни сезиларли даражада пасайтиришлик.
  38. Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда имкон қадар секинроқ ҳаракатланишлик.
  39. Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги қабристоннинг ёнидан ўтганда, ўтганларимизнинг ҳақларига дуо қилишлик.
  40. Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги ҳар қандай касалхонанинг ёнидан ўтганда, барча беморларнинг ҳақларига дуо қилишлик.
  41. Қулоқчин (наушник) ишлатмаслик.
  42. Имкон қадар телефон билан гаплашмаслик.
  43. Ҳаракат давомида ойнадан бошқа ҳайдовчилар ва йўловчилар билан гаплашмаслик.
  44. Автомошина ойнасидан турли нарсаларни ташлаб юбормаслик.
  45. Бўлар-бўлмасга сигнал чалмаслик.
  46. Мошинадаги (видео, овоз чиқариш) ускуналарини овозини баланд қўйиш билан ўзгаларга озор бермаслик.
  47. Кўпчилик ҳаракатланаётган жойда юрганда жамоатчилик одобларига риоя қилиш лозим.
  48. Эҳтиёжмандларга тез-тез хайр-эҳсон, садақа қилиб туришлик.
  49. Уйда, кўчада ва барча жамоат жойларида бирор нарса умидвор бўлиб, сўраб келган инсонни қуруқ қайтармаслик.
  50. Кўпчилик ҳаракатланаётган жойлар ҳам худди мажлислар кабидир. Уларда ҳам мажлислар одобларига риоя қилган каби одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш лозим бўлади.
  51. Йўл ҳаракати асносида ҳам Ёнғин хавфсизлиги, Тез тиббий ёрдам ва шу каби ташкилотларнинг мошиналарига имкон қадар йўлни тезроқ бўшатиб қўйиш лозим.
  52. Мошина ҳайдовчиси шовқин-сурон, бақир-чақир қилмаслиги ҳам одобдандир. Зеро бақир-чақир, шовқин-сурон қилишлик мусулмон кишиларга мутлақо ярашмайди.
  53. Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қачон, кимнинг олдида ва қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзини юксак одоб доирасида тутади.
  54. Кечки пайтда бошқа ҳайдовчиларнинг ҳамда пиёдаларнинг кўзларини қамаштирадиган даражада ёритгичларни ёқиб юрмаслик.
  55. Йўлда сарсон бўлиб, қийналиб турганларга имкон қадар кўмаклашиб, ёрдам беришлик – ҳақиқий мўмин-мусулмон кишининг энг савобли ишларидан ҳисобланади. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади”.
  56. Бораётган манзилга бир оз етмасдан 10-20 метр олдин тўхташлик.
  57. Бораётган манзилда мабодо одамлар тўпланган жой бўлса, ундан камида 20-30 метр олдин тўхташлик.
  58. Борган манзилга мошинани ўша жойнинг эшиги, дарвозаси, кириб-чиқиш жойига рўпара қўймаслик ҳамда атрофдаги одамлар ва бошқа мошиналарга ҳам ҳар томонлама халақит бермайдиган даражада қилиб қўйишлик.
  59. Киши билан хайрлашганда одамнинг олдида эшикни қаттиқ ёпмаслик. Имкони бўлса, бир оз юргандан кейин ёпишлик.
  60. Уйга келганда келганини билдириш учун ёки эшик, дарвозани очишлари учун мошина сигнали билан ёки ўз овози билан бошқаларга озор бермаслик.
  61. Автоуловни дуч келган жойда қолдирмасдан, бошқаларга зарар бермайдиган жойни танлаш лозим.
  62. Турли жамоат жойлари (касалхона, бозор, мактаб, масжид, савдо марказлари, автотураргоҳ ва ҳоказо)да мошинани жуда катта диққат ва ниҳоятда жиддий эътибор билан, мошиналарга ҳам, одамларга ҳам мутлақо озор етказмайдиган ҳолда қилиб қўйишлик.
  63. Ҳатто ўз уйининг, ўз ишхонасининг олдига ҳам қўшнилар, йўловчиларга асло озор бермайдиган қилиб қўйишлик.
  64. Бирор жойга меҳмонга борганда ҳам ёки бирон юмуш билан тўхтаганда ҳам мошинани қўшнилар, йўловчиларга асло озор бермайдиган, бировларни йўлини тўсиб қўймайдиган қилиб қўйишлик.
  65. Манзилига етиб борганидан кейин, Худога шукр қилиб, мошинага ҳам миннатдорчилик изҳор этилади.
  66. Ўзидаги мавжуд уловга доим шукр қилишлик.

 

Меҳрибон Парвардигоримиз

ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам

Ўзи буюрган,

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган

йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

                                                                                        Иброҳимжон домла Иномов

 

 

Ибратли ҳикоялар