Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 13 ноябрдаги 01А/113-сонли буйруғига асосан идора тасарруфидаги диний таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилининг 1 декабридан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид” ҳамда “Араб тили” фанлари бўйича ўқув курслари фаолият бошлаши ҳақида маълум қилинган эди.
Мазкур хабар эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идорасига кўплаб фуқароларимиз томонидан ёзма ва оғзаки мурожаатлар бўлди. Мутахассислар томонидан мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, ташкил этилиши режалаштирилган курслардаги ўқиш муддати, ўқув режалари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, улар тасдиқлангач, бу ҳақда қўшимча эълон қилиш мақсадга мувофиқ эканига хулоса қилинди.
Шу муносабат билан ўқиш истагида бўлган фуқаролар ташкил этиладиган курслар ҳақидаги янгиликларни билиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг www.muslim.uz сайтини кузатиб боришлари тавсия этилади.
ЎМИ таълим бўлими
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати