Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлингким, ҳар бирингиз раҳбар-бошлиқдирсиз ва ҳар бирингиз қўл остидаги, қарамоғингиздаги кишилар(нинг ҳар томонлама яъни маънавий ва моддий таъминоти)га масъулдирсиз. Амир одамларга раҳбардир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эркак киши оила-аҳлига раҳбардир ва (Қиёматда) қўл остидаги(барча оила-аъзоларини моддий, маънавий, таълим-тарбиявий, ахлоқий жиҳат)лари ҳақида сўроққа тутилур! Ҳар бир эркакнинг аёли эрининг уйи ва фарзандларига раҳбардир ва у аёл эри ва қарамоғида, бевосита тарбиясида бўлган фарзандлари (яъни эри ва фарзандларини ҳақларини тўлиқ адо этдими-йўқми экани) ҳақида сўроққа тортилур!..”, деганлар. (Бу ҳадис барча “Саҳиҳ” ва “Сунан” китобларда ривоят қилинган).
Оиланинг барча моддий ва маънавий таъминоти эрнинг зиммасида экани Қуръони каримда бундай баён қилинган: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир[1]» (Нисо сураси, 34-оят).
Демак, эркакларнинг оила раҳбари бўлишларининг асосий сабаби улар аёлларнинг моддий ва маънавий таъминотларини адо этишга салоҳиятлилиги учун экан. Агар оиланинг таъминотига бефарқ бўлсалар, раҳбарлик вазифасини уддалай олмаганлари учун шаръан жавобгарликка тортиладилар.
Фиқҳий манбаларимизда эр сафарда бўлиб, оиласи таъминотини жойига қўймаса, аёл буни қозига кўтарса, қози унга болалари ва ўзига кифоя қилгудек зарурий нарсаларни эрни номига қарз олишга кафолат хати қилиб беради ва эри келгач, эрдан аёли олган қарзларни қози ҳақдорларга ундириб бериши очиқ айтилган.
Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо, бир шаръий арзигулик сабаб бўлиб, ажрашсалар, қуйидаги тартибда ҳукм қилинган: аввало, аёлга маҳрини бериб улгурмаган бўлса, уни тўлаши вожиб бўлади: «Агар уларга маҳрни белгилаган бўлсангиз-у, лекин қовушмай туриб талоқ қилган бўлсангиз, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (шу ярмини олишдан ҳам воз) кечиб юборса ёки никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши (яъни эр ўша ярим маҳрдан) воз кечса (яъни маҳрни ярмини олиб қолмай, хотинга мукаммал тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқдир...» (Бақара сураси, 236-237-оят).
Агар яқинлик қилган бўлсалар, маҳрни барчасини тўлаши вожиб бўлади. Чунки энди уларни орасини боғловчи никоҳ тугади. Ажрашгандан то иддаси чиққунча аёл киши эрининг уйида ўтириши ва эр уни моддий таъминлаши вожибдир. Чунки иддаси чиққунча хотин шу эрнинг қарамоғида бўлади. «Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларидаги ҳақ (бурч)дир» (Бақара сураси, 241-оят).
Нафақа талоқ қилинган аёлнинг иддаси чиққунга қадар тўланади. Иддаси тугагач, эрни уйидан чиқиб, ўз нафақасига ҳаракат қилиш ва бошқага турмушга чиқишига рухсат берилади. Агар орада эмизикли фарзанд бўлса, уни она қарамоғига олиб, эмизса ва сут ҳақи талаб қилса, уни ҳам тўлайди. Фарзанд сутдан чиққач, онага ҳақ тўлашни тўхтатиб, фарзанд то балоғатга етгунга қадар ота ўз ҳолидан келиб чиқиб, ўртача ҳол(яъни бой бўлса, бойларнинг ўртачаси, ўрта ҳол бўлса, ўрта ҳолларнинг ўртачаси, камбағал бўлса, уларнинг ўртача деб билинган даража)да болани таъминлайди. Кийим-кечак, еб-ичиш, турар-жой, касалини даволатиш – барчаси ота зиммасидадир.
Фарзанд қиз бўлса, балоғатга етиб, турмуш қургунга қадар таъминоти ва никоҳ тўйи харажатларини ҳам ота беради. Агар ўғилми-қизми, фарзанд тузалмас касал бўлса, бир умр уни ота таъминлайди.
Бугунги кунда ажрашган оталарга маълум миқдор алимент белгиланади. Бу юқорида айтилган шаръий ҳукмларга ҳамоҳангдир. Бунда белгиланган вақтгача, отанинг ойлик маошини маълум фоизини бериш тайинланади. Алимент шаръий нафақадан енгил ва оздир. Чунки нафақа бу ҳар ойга маълум миқдор тўлов эмас, балки фарзанднинг то балоғатга етгунча барча харажатларни тўлиқ кафолатлаш, касал бўлса, даволатиш маъносини ҳам қамраб олади. Бу эса ҳар ой бир хилда фалонча сўм эмас, шароитга қараб, баъзи бир ойларда кўпроқ бўлиши табиий.
Шунинг учун алимент берувчи оталар, уни беришдан бош тортишлари гуноҳи кабирадир. Бош тортсалар ёки имкони бўла туриб, ортга сурсалар, вазифа ва мажбуриятларини бажармаган бўладилар ва уларни шаръан ҳам, қонунан ҳам жавобгарликка тортиш лозим бўлади.
Баъзи оталар “алиментни бердим, бўлди”, демасдан, мабодо, фарзандлари кўпроқ ёрдамга муҳтож ёки бемор бўлиб қолсалар инсоф қилишлари ва қўшимча ёрдам ҳам беришлари зиммаларидаги вожиб ҳисобланишини унутмасликлари лозим. Ҳеч бўлмаганда, ота алиментни ўз вақтида беришдан бош тортмаслиги лозим. Турли байрамларда фарзандларини йўқлаб, алиментдан ташқари кийим-кечак ва совға-салом бериб туришлари керак!
Алимент баъзи йилларда давлат ташкилотида расмий хизмат қилган одамлардангина олинар, расмий фаолияти йўқ киши тўламас эди. Афсуски, шу вақтлар баъзи кишилар ажрашган хотинидан “эркакчасига” қасос олмоқчи бўлиб, алимент тўламаслик мақсадида расмий ишларидан воз кечиб, чет элларда мардикорлик қилиб юрганлар. Ҳозир эса расмий фаолият олиб бораётган кишига ойлик маошини маълум фоизи, расмий фаолиятда бўлмаганларга ҳам муайян миқдорда ойлик алимент белгиланган. Бугун алиментдан қочиб қутилиш имкони йўқ. Шунда ҳам, баъзи кишилар бошқача йўлга ўтмоқдалар: расмий фаолияти бўлмаган кишиларга белгиланган алимент миқдори арзимас пул бўлса ҳам, шуни янада озайтириш мақсадида бу инсонлар энг кам иш ҳақи тўланадиган ишларга номигагина расмий ўрнашиб олиб, ўзи бозорда норасмий фаолият юритиб, яхшигина даромад топса-да, ой якунида расмий арзимас маошинини маълум фоизини алимент ҳисобида тўламоқдалар. Бу одамлар мазкур фирибгарлиги билан шариат тайинлаган вожиб нафақадан қочиш пайига тушмоқдалар. Лекин шариат вожиб қилган вазифани адо этган ҳисобланмайдилар. Бўйинларида қарз бўлиб, қиёматга қолади.
Бир нарсани яхши тушуниш керакки, шаръий нафақа ва алимент тўловлари хотин учун эмас, ўз фарзандлари учундир. Бу борада хотинига ғазаб қилиб, бош тортиш ёки ҳийла қилиш, ўз фарзандининг ҳақини поймол қилиш, келажагига болта уришдир. Исломда яшаб турган аёлига ҳам, ажрашган хотинига ҳам, фақат ва фақат гўзал муомала қилишга буюрилган:
«...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят).
Бу оятдаги «...тотув турмуш кечириш» оятини олимлар аёлларнинг барча ҳақларини тўлиқ адо этиш, маҳри ва нафақасини ўз вақтида бериш, қўпол сўзлар ила муомала қилмаслик, ундан юз ўгириб, бошқасига майл қилмаслик, деб таъкидлаганлар.
Хулоса сўз шуки, оталар ҳамиша алиментларини ўз вақтида, чин кўнгилган чиқариб, оталик бурчини адо этаётганини ҳис қилиб адо этишлари лозим. Имкони бор оталар алиментни ўзи билан кифояланмай, доимо фарзандларини эҳтиёжларини вақтида қондириб, бировга муҳтож қилмай, келажакка нафрат билан эмас, ҳавас ва умид билан, бахтиёр ҳолда жисмонан ва руҳан эзилмай, соғлом, бақувват бўлиб вояга етишига имконият яратиб беришлари, уларни ҳам ўзлари билан бир уйда яшаб турган фарзандлари билан ҳар томонлама тенг олиб юриб, адолатли оталарга бериладиган ажру мукофотларга эришиш пайида бўлишлари ўзларининг икки дунёлари учун манфаатлидир. Аксинча, бундан турли ҳийлалар билан бош тортсалар ҳам, суд идораларида ўзларини оқлаб, хотинлари устидан “ғалаба” қозонсалар ҳам, буларнинг барчаси ўткинчи дунёдаги вақтинча ва ёлғон ғалабадир. Фарзандларини нафақаларини, алиментларини адо этмасалар, қиёматда савобга муҳтож бўлган ҳолларида хайру савоблари ота ўрнига ота бўлиб, қийналиб бола тарбия қилган собиқ хотинлари ва отаси томонидан ҳақлари поймол этилган фарзандларига олиб берилиши ҳақиқатдир. Адолат тарозуси тиклангач, олди-бердиларни адо қилишга кеч бўлади! Бундай мағлубият ва юзи қароликдан Аллоҳ таоло барча оталарни асрасин. Оилаларни қўшгани билан қўша қаритсин. Фарзандларни ўз ота-оналари бағрида намунали камол топтирсин!
Манбалар асосида
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади
[1]. Мақоладаги оятлар тафсири муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур (ҳафизаҳуллоҳ).
Шукуҳ
Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайитини кўтаринки кайфиятда нишонлаш яхши анъанага айланган. Байрам кунлари юртимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади.
Ушбу муборак айёмда қариндош-уруғлар, яқинлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам берилади, қисқача айтганда, жамиятда бирдамлик ва аҳиллик муҳити яна ҳам мустаҳкамланади.
Кези келганда, бугун мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига чиққанини, барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганини, ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Янги Ўзбекистондаги бу муваффақиятлар замирида фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янгилик ва енгилликларни алоҳида қайд этиш, хусусан, икки муҳим ҳужжатни эслаб ўтиш лозим.
Биринчиси — “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун, иккинчиси — Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Ушбу икки муҳим ҳужжат том маънода диний-маърифий соҳа самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди.
Фармонга асосан, кўҳна Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу халқимиз, хусусан, диний-маърифий соҳа вакиллари учун катта хушхабардир. Ушбу марказ том маънода буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни бажаради. Нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этади. Тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилади ва сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.
Сирасини айтганда, ушбу марказ ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сингари учинчи Ренессансни қарор топтириш йўлидаги яна бир мустаҳкам илм ва ақл маркази бўлади, албатта.
Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси — Самарқанд шаҳри 2025 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ҳамда халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланажак, албатта.
Шукрки, мақтансак арзийдиган бу каби хушхабар ва янгиликлар бисёр. Айниқса, айни ҳайит кунларида бу юртдошларимиз кайфиятини янада кўтариши, байрамга ўзгача шукуҳ қўшиши муқаррар.
Кези келганда айтиш жоизки, муборак Қурбон ҳайитининг аҳамияти янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда тобора ортиб бормоқда. Бу муборак кунда яқинлар билан кўришиш, узоқлашган дўстлар билан ярашиш, қариндош-уруғларга зиёратга бориш — барчаси меҳр-оқибат ва инсонлар ўртасидаги узвий алоқаларни мустаҳкамлайди.
Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳисобланади. Одатда ушбу айёмда ҳамма бир-бирини байрам билан самимий муборакбод этади, қурбонликлар қилинади. Қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар, турли миллат ва дин вакилларига улашилади. Бу, ўз навбатида, сахийлик, шукроналик, жамиятдаги тенгликни таъминлашга қаратилган улкан ибрат ҳамда муҳтожлар, етим-есирлар ва эътиборга муҳтож инсонлар ҳақида қайғуришнинг амалий ифодаси, қолаверса, ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.