Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Онам бир бош узумни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолиб, у зотдан: “Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?” деб сўраб қолдилар. У зот: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон мени учратиб қолсалар: “Хиёнат, хиёнат!” дер эдилар”.
Улуғ мутафаккир Муҳаммад Ҳусайн ушбу ривоятни қуйидагича шарҳлаган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани айблаш ниятида эмас, шунчаки ҳазил йўли билан унинг эътиборини омонатга хиёнат қилмасликка қаратганлар. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни икки марта такрорлагани эса хатога йўл қўйган болани келгусида бундан эҳтиёт бўлишни эслатиш учун бўлган. Чунки Абдуллоҳ ибн Буср ёш бола бўлганлар”.
Бир бош узум воқеаси Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳуга бир умрлик сабоқ бўлди. У зот шу воқеадан кейин омонатга жиддий қарайдиган бўлдилар. Баьзиларга ўхшаб “Ёш бола-да, егиси келган бўлса, егандир-да, шунга ота гўри қозихонами!” демаслик керак. Ота-она гоҳида фарзандини синаб кўриш учун қўлига бирор омонат бериб ”фалончига олиб бор”, деб синаб кўриши керак. Бу синов бир эмас, балки бир неча марта такрорланиши зарур. Ана шундай синовлардан муваффақиятли ўтгандан кейингина болага ишонса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларини қарангки, шу болага танбеҳ бермадилар, балки “хиёнат хиёнат” деб қўйишларининг ўзи Абдуллоҳ учун ҳар қандай тарбиядан таъсирлироқ бир ҳолатни юзага келтириб чиқарганки, натижада, Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу бир умр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу сўзларини эслаб юрганлар ва унга амал қилганлар. Ҳаттоки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига сазовор бўлганлар. Абдуллоҳ ибни Буср розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уйга меҳмон бўлишга таклиф қилдилар. У зот таклифга жавобан келдилар. Отам онамдан: “Бирор егулик борми?” деб сўрадилар. Онам эса: “Ҳа” деб данаги олинган хурмони олиб келди. Икковлари уни едилар. Кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра менга илтифот қилиб қўллари ила бошимни силаб туриб ҳаққимга дуо қилдилар-да: “Бу бола бир аср яшайди”, дедилар.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибни Буср розияллоҳ анҳу мазкур дуонинг шарофати ила роппа-роса бир аср яшадилар ва “ Шомнинг баракаси” деган номга сазовор бўлдилар. Ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб устозлар “Боланинг бошини силаб туриб дуо қилиш суннати набавиядир”, дейдилар. Ушбу суннатга амал қилиш доимо ўзининг ижобий самарасини бериб келган. Ота-боболаримиз ушбу суннатга шу даражада этибор берганларки, натижада, урфимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб кетган. Лекин, афсуски, кўплаб суннатлар каби ушбу суннат ҳам охирги даврларда унутилиб бораяпти. Балки шунинг учундир, ёшлар ўртасида жиноят, талон-тарож қилиш, майда безориликлар ва яна қандайдир нохушликлар кўпайиб бораяпти. Аслида эса биз писанд қилмаётган биргина суннатнинг ортида қанчадан-қанча ҳикматлар ва манфаатлар бор. Шунинг учун ҳам ота- она, фарзандлар тарбиясига бепарво бўлмасдан мазкур суннатга амал қилмоғи керак. Ҳозир айнан шунинг фурсатидир. Чунки ҳозир биз Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойда турибмиз. Барчамизга бу ой муборак ва хайрли бўлсин!
Исҳоқжон Бегматов,
ЎМИ масжидлар бўлими ходими
Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...
Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:
Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2], деганлар.
Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” – дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.
Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.
Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.
Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.
Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дейди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.
Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.
Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.
Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.
Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.
Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4], дедилар.
[1] Исро сураси, 44-оят.
[2] Имом Муслим ривояти.
[3] Имом Термизий ривояти.
[4] Имом Муслим ривояти.