Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ўтказган видеоселектор бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам диний соҳа ходимлари иштирокида Диний идора раиси муфтий ҳазратлари бошчиликларида мажлис бўлиб ўтгани ҳақида 18 ноябрь куни хабар берган эдик.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугунги кунда жамиятимизда кузатилаётган сунъий уруғлантириш масаласига алоҳида тўхталиб: «Диний идорамизнинг Хотин-қизлар билан ишлаш бўлимига ушбу масала юзасидан мурожаатлар бўлмоқда ва Фатво бўлимига ҳам саволлар келиб тушмоқда. Ҳатто айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотирмоқда. Хўш, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш зарурлигини” таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари аёллар ва ёш болаларга зулм қилиш каби жамиятимизда учраб турган ноҳуш холатлар оғир гуноҳ экани, шунингдек, ғарбдан кириб келаётган миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган энг жирканч иллатларга қарши фатволар эълон қилиш орқали курашиш муҳимлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Муовиянинг даврларида икки одам жанжаллашиб қолди. Жанжал асносида бири бошқасининг тишини уриб синдирди. У синган тишини олиб, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига борди ва: «Тишнинг қасоси тиш бўлади, шунинг учун қасос олиб беринг», деди.
Ҳазрати Муовия: «Тўғри, сенинг ҳаққинг бор, лекин нима фойда? Сенинг тишинг-ку синиб бўлди. Уникини ҳам синдирайликми? Унинг ўрнига тишингнинг хунини ол, хун эвазига муроса қил», дедилар.
У киши: «Мен айнан ўша тишини синдириб қасос оламан», деди. Муовия розияллоҳу анҳу унга яна қайта тушунтирдилар. Лекин у кўнмади. Ҳазрати Муовия кейин: «Ундоқ бўлса юр, унинг ҳам тишини синдирамиз», дедилар.
Йўлда машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўтирган эдилар. У зот шундай дедилар: «Биродар! Қара, сен-ку қасос оляпсан. Лекин бу гапни ҳам эшитиб кет. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бировга азият етказса ва азият етган кимса уни кечириб юборса, Аллоҳ таоло уни афвга энг кўп муҳтож бўладиган кунда (яъни охиратда) афв қилади», деганларини эшитганман».
Боягина ғазабга миниб, хун ҳақи олишга ҳеч рози бўлмай турган одам ушбу ҳадисни эшитгач: «Сиз бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» деб сўради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Ҳа, эшитганман, менинг мана шу қулоқларим эшитган», дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан