Бугун Қуръони каримда зикр қилинган Фиръавнинг аёли Осиё онамизнинг ҳаёти ва у кишининг исломдаги намунали хизматлари ҳақида сўз юритамиз. Маълум бўлишича, “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва: “Бу нима, биласизми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчидир”, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Булар жаннатнинг энг афзал аёллари — Хадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон ва Фиръавннинг аёли Осиё бинти Мазоҳимдир”, дедилар.
Ривоятларда айтилишича, ўтмишда Миср подшоҳларини Фиръавн деб аташган. Мусо алайҳиссалом даврида Рамзес Иккинчи Фиръавн бўлгани айтилади. Фиръавн тўғёнкор, золим ва илоҳлик даъвосини қилган подшоҳ бўлган. Қуръони каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилган, кишиларга ўзини Рабб сифатида кўрсатган, ўзига бўйсунмаганларга чексиз зулм ўтказган мустабид ва золим подшоҳ тимсолида тасвирланади.
Фиръавн бир куни туш кўради, Тушида унинг подшоҳлиги инқирозга учрайди. У кўрган тушини таъбир қилиб беришни сеҳргар ва фолбинлар зиммасига юклайди. Унинг атрофидаги гумашта сеҳргар-фолбинлар подшоҳга, сенинг мулкингнинг йўқ бўлишига Бани Исроилдан келажакда туғиладиган бир ўғил бола сабабчи бўлади, деган хабарни етказади.
Фиръавн гарчи, худолик даъвосини қилса-да, тахтига хавф солади деб она қорнидаги ҳомиладан ҳам қўрқади. Фиръавннинг гумашталари эса унинг бу заиф жойини яхши билади. Шунинг учун Фиръавнга ёқмаган тоифанинг ҳомиладаги боласини ҳам унга ашаддий душман, тахтига кўз олайтирган қилиб кўрсатишга уринади. Оқибатда Фиръавн Бани Исроилдан туғиладиган ҳар бир ўғил бола мулкининг инқирози сабабчиси бўлиши мумкин, деган фикрга келади. Шу боисдан туғилган ҳар бир ўғил бола дарҳол ўлдирилсин, деган фармон чиқарди. Ўша соатдан бошлаб, ҳар бир бани исроиллик ҳомиладор аёллар ёнида доя қўшилиб юрадиган бўлди. Аёл туғиши билан доя қарар, ўғил бола бўлса, хабар берар ва жаллодлар болани қатл қилар эди. Шундай қилиб, Фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини олиб борди.
Қуръони каримнинг Қасас сурасида зикр этилган Мусо алайҳиссалом ҳақидаги қиссалар худди шу маънодаги муқаддима ила бошланади:
“Дарҳақиқат, Фиръавн ерда (Мисрда) туғёнга* кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифани (Исроил авлоди қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, қизларини тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардандир. Биз эса, у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хорликдан чиқариб, намунали) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкига) меросхўр қилишни истаймиз. Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига улар хавотирланаётган нарсани кўрсатиб қўйишни (истаймиз)”.
Фиръавн хоҳлаган ишини ирода қилаверсин, унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг истагани бўлади. Ҳомон –Фиръавннинг вазири. У ҳар доим Фиръавн қиладиган ёмонликларга бошу қош бўлиб келган. Фиръавн, Ҳомон ва иккисининг аскарлари бани Исроилдан мулкига завол етишидан қўрқар эди. Аллоҳ таоло улар қўрққан нарсани айнан бани Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда.
Яратган Парвардигор Қасас сурасининг 7-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:
“Биз Мусонинг онасига ваҳий* қилдикки: “Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз” .Уламолар ушбу оятдаги «ваҳий»нинг илҳом маъносида келганини таъкидлаганлар. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг онаси Пайғамбар бўлмаган, демак, у кишига ваҳий келмаслиги ҳам аниқ. Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганидан онаси нима қиларини билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдак ўғил эканлигини сезиб қолса, уни онасидан тортиб олиб ўлдириши мумкин. Нима қилиш керак? Инсоннинг қўлида ҳеч қандай чора йўқ. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи кўмаклашди.
Мусо алайҳиссаломнинг онасини Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажарди. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юборди. Қуръони каримнинг Қасас сураси 8-ояти каримасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Бас, Фиръавннинг хонадон аҳли уни (ўсиб-улғайганида) ўзларига «душман ва ташвиш бўлиши учун» тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари янглишган эдилар”.
Ичига гўдак Мусо (а.с) солинган сандиқ дарёдан оқиб бориб Фиръавн қасридаги боққа киради. Фиръавн ва унинг хотини Осиё хоним дарё бўйида ўтирган эди. Бирдан уларнинг кўзи дарёда оқиб келаётган сандиққа тушиб қолади. Фиръавнинг буйруғи билан сандиқни сувдан олиб чиқаришади. Шунда Фираъвн бу сандиқдаги болани кўриб бу бола Бани Исроил қавмидан деб болани зудлик билан ўлдиришга фармон беради. Боланинг жони хатарда қолади. Одатда, ҳеч қачон кўнгли юмшамайдиган Фиръавнни Аллоҳ таоло энг нозик жойидан олди. Унинг аёли Осиё онамизни ишга солди. Осиё онамизнинг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади ва ўртага тушиб шундай деди: “Бу бола мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир, Жуда ҳам истараси иссиқ, чиройли гўдак экан, кўрган одамнинг кўзи қувонади, биз ҳам уни кўриб қувониб юрайлик, уни ўлдирманглар, тирик қолсин. Боқиб, тарбия қилиб ўстирсак, шоядки, у бизга фойда берса, эҳтимол, уни ўзимизга бола қилиб олармиз”, деди.
“Ҳолбуки, улар сезмасдилар”. Улар Мусони келажакда ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлишини (Осиёдан бошқасига) сезмайдиган ҳолатда эдилар. Фиръавн Осиёнинг гапи билан гўдак Мусони ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилдилар. Аллоҳнинг ҳикматли тадбири олдида ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Аввал Фиръавннинг аёли Осиё қалбига Мусо алайҳиссаломнинг муҳаббатини солиб, гўдакни ўлдирмасдан, боқиб олиш учун қарор қилдирди.
Таҳрим сурасининг 11-оятида бундай марҳамат қилинади:
“Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида Фиръавннинг хотинини мисол келтирди. Ўшанда у: «Эй, Роббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин!”
Фиръавннинг хотини Осиё хоним ўша замондаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Ҳар жиҳатдан тўкинликда яшар эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳ таолога иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу эса дунё ҳойи-ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Аллоҳ таоло ушбу оятда барча мусулмонларга ибрат тарзида Фиръавннинг аёли Осиё бинти Мазоҳим хонимни мисол қилиб келтиради. Бу мисол Аллоҳга итоат ва динда мустаҳкам бўлишга бир тарғиб, мўмин ва мўминаларнинг имон йўлида сабрли бўлишларига бир чақириқдир. Қуръони каримнинг тафсирларида баён қилинишича, Мусо алайҳиссалом ва укалари Ҳоруннинг Фиръавн сеҳргарлари билан бўлган беллашувида, имон куфр устидан ғалаба қилади. Бундан хабар топган Фиръавннинг хотини Осиё: “Мусо ва Ҳоруннинг Раббисига имон келтирдим”, деб имонини ҳаммага ошкор қилди. Бундан хабар топган Фиръавн ғазабланиб, уни ўлдиришга амр этди.
У Мусо ва Ҳоруннинг динига имон келтирган хотинини ҳузурига чақириб: “Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?” деб сўрайди. Осиё онамиз: “Ҳа, у менинг Раббим, сенинг Раббинг ва барчанинг Раббиси – Аллоҳдир, мен унга ибодат қиламан”, деб дадил жавоб беради. Шунда Фиръавн аскарларига буюриб, Осиёнинг қўл-оёқларига қозиқлар қоқтиради. Қуёш жазирамаси остига қўйиб азоблайди. Устига улкан тошни бостириб, қийнайди. Шу билан Аллоҳга бўлган имонидан қайтаришга уринади. Лекин Осиё хоним Фиръавнинг бу таклифга асло кўнмайди. Осиё азобланар экан, Аллоҳга дуо қилди: “Эй, Роббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин”, деди.
Уламолар бу дуо хусусида шундай дейдилар:
Аллоҳ таоло бу дуони ижобат қилди. Осиё осмонга қараб, шу онда, самода, жаннатда ўзига бино қилинаётган қасрни кўрди. Қаср дуру гавҳарлардан эди. Бу манзарани кўриб, хотиржам бўлди ва азобларни унутиб, табассум қилди. Бу ҳодиса Фиръавн ва сарой аъёнларининг кўз ўнгида содир бўлди. Аьёнларининг ҳайратини кўрган Фиръавн баттар ғазабланди. Сўнгра: "Унинг жиннилигига ажабланмайсизми? Мен уни азоблаяпман-у, у эса куляпти?" деб қичқирди ва хотинини тезроқ ўлдиришларига буйруқ берди. Фиръавн одамлари Осиё хоним устига улкан тошни қулатишганида, унинг покиза руҳи аллақачон жаннатга олиб чиқиб кетилган эди. Улкан тош жонсиз жасад устига тушди. Ҳазрати Осиёнинг шижоати, жасорати ва сабот-матонати ҳамда Аллоҳга бўлган мустаҳкам имон ва эътиқоди барча мўмин ва мўминаларга юксак бир ибратдир.
Интернет материаллари асосида
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.
Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.
«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.
Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.
Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.
«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.
Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.
Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.
Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар».
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.
Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.
Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни… тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи бўлган ҳолларида».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:
«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (8-оят).
Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.
Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди