Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Бухоро вилоятидаги Мир араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарларининг семинари бўлиб ўтади.
Унда диний таълим муассасалари раҳбарларининг таълим-тарбия самарадорлигини янада кучайтириш, иқтидорли талабалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, битирувчиларни олий ўқув юртларига ўқишга кириши ва тақсимот бўйича ишга жойлашиши, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” да таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар, таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги борасидаги ахборотлари тингланади.
Куннинг иккинчи ярмида “Ўзбекистон – диний бағрикенглик юрти” мавзусида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабаларининг конференцияси ҳам бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, муаммо, арз ва таклифларини тингладилар.
Қабул жараёнида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, диний таълим, ҳаж-умра ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Айрим масалалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати