У зотнинг тўлиқ исми Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Мурра, насаби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаби билан Килоб ибн Муррада бирлашади. Отасининг исми Молик, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган. Бироқ Саъд ибн Абу Ваққоснинг номига отасининг исми эмас, куняси қўшиб айтилган.
Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчи бўлиб кирган саҳобаи киромлар сирасидан.
Маълумки, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша вақтда Қурайш ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бештаси; Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн ал-Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар иймонга келдилар. Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққос ўзини Исломга учинчи бўлиб кирган шахс ҳисоблар юрган эканлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Исломга кирган кунимдан аввал биров Исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб турдим» (Бухорий ривоят қилган). Уламоларимиз маълумотларнинг ҳаммасини диққат билан ўрганиб чиқиб, Саъд ибн Абу Ваққос еттинчи ўринда мусулмон бўлган, деган хулосага келганлар. Бу манбалар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Исломга илк бор кирган улуғлардан эканини кўрсатади ва у зот учун буюк фазл манбаси ҳисобланади.
Саъд ибн Абу Ваққос эътиқодини эълон қилгани заҳоти дин йўлида синовга дучор бўлдилар. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъднинг онаси унга ҳаттоки у ўз динига куфр келтирмагунича ҳеч ҳам унга гапирмасликка, еб ичмасликка қасам ичди. Ва “Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилган, мен онангман, мен сени шунга амр қилмоқдаман!» деди. Бас, уч кун туриб қийналганидан ҳушидан кетиб йиқилди. Унинг Умора деган ўғли туриб унга (бир нарса) ичирди.
Бошқа ривоятда: «Қачон унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб, қуйишар эди. У Саъдни дуои бад қила бошлади. Бас, Аллоҳ таоло: «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма»ни нозил қилди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу можаролари ҳақида зикр қилинган юқоридаги ҳадисда айтилган «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма» ояти каримасининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларини ўргансак, вазият янада равшанлашади.
Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Саъд ибн Абу Ваққос ёшлигидан ўзида жанговарлик сифатларини мужассам қилган ҳолда ўсган эди. У киши камон отишни жуда кўп машқ қилар эди. Шу боисдан моҳир ва машҳур амончиси бўлиб етишди. У кишининг қалбини иймон нури ёритган лаҳзадан бошлаб Исломнинг мухлис лашкарига айландилар. У киши ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам душманга юзма-юз келишдан тап тортмас эдилар. Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек бошқа исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн берилганда Саъд ибн Абу Ваққос биринчилардан бўлиб дину диёнат, иймону эътиқод йўлида Маккадан Мадинага ҳижрат қилдилар. Ҳижратдан кейин бўлган барча ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида турдилар.
Биринчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолиб бошлиқ сарийяни Робиғ тарафга юбордилар. Улар биринчи сарийя эдилар. Сарийя Қурайш карвони билан тўқнашиши керак эди. Мусулмонларнинг сарийяси олтмишта муҳожир саҳобалардан иборат эди. Мусулмонларнинг бу биринчи чиқишларида, биринчи байроқ ҳам тикилган эди. Биринчи байроқдорликка Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёр қилинган эдилар. Икки тараф тўқнашди. Мушрикларга Абу Суфён бошлиқ эди. Мушриклар билан мусулмонлар орасида биринчи қуролли тўқнашув содир бўлди. Ана ўшанда Саъд ибн Абу Ваққос душманга қарата биринчи бўлиб камондан ўқ отдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб ўз камонларидан душманга тинмай ўқ узар эдилар. У киши ҳар ўқ отишидан олдин: «Эй бор Худоё! Уларнинг қадамларини ларзага солгин, қалбларига қўрқувни солгин, ундоқ қилгин, бундоқ қилгин», дер дуо қилар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар: «Эй бор Худоё! Саъднинг дуосини қабул қилгин!» дер эдилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг худди ўша мерганлик сифатлари Уҳуд урушида қўл келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга: «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дейишлари жуда катта гап. Бу гапни у зот алайҳиссалом биринчи бўлиб Саъд ибн Абу Ваққосга айтганлар. Ана шу ибора ҳам унинг фазилатли зот эканини билдиради. Иккинчи марта Хандақ урушида у зот алайҳиссалом «Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деган гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга айтганлар ва ундан кейин бошқа бировга айтмаганлар.
Имом Теримизий ривоятидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга қарата айтган, «Эй паҳлавон йигит!» деган гаплари ёлғиз Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзларига хосдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида бир кеча уйқулари қочди ва: «Саҳобаларимдан бир киши мени кечаси қўриқлаганида эди», дедилар. Биз шундоқ ҳолда турганимизда силоҳнинг шитирлаганини эшитиб қолдик. Бас у зот: «Ким у?!» дедилар. «Саъд ибн Абу Ваққос», деди. «Нимага келдинг?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кўнглимга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида хавф тушиб у зотни қўриқлагани келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига дуо қилиб сўнгра уйқуга кетдилар» (Имом Термизий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққос кўнглига Расулининг истаги натижаси ўлароқ илҳом қилиб солмаса бундай иш бўлмайди. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси орзу қилганларига мос келиб у зотни қўриқлаб дуоларини олиш қандай саодат!
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, Саъд Сенга қачон дуо қилса, қабул айлагин!» дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Эллик тўртинчи ҳижрий сана. Мадинаи мунавваранинг четидаги Ақиқ деган туман. Саксон уч ёшли Саъд ибн Абу Ваққос сафарга ҳозирланмоқдалар. У кишининг ўғиллари бу ҳақда шундай ҳикоя қилган: «Отамнинг боши қучоғимда эди. У киши жон таслим қилмоқда эдилар. Мен йиғладим. У киши: «Нега йиғлайсан, ўғлим? Албатта, Аллоҳ мени ҳеч азаобламайди. Мен аҳли жаннатларданман» дедилар.
Сўнгра у киши сандиққа ишора қилдилар. Уни очишди. Ичидан эскириб кетган ридони олишди. Саъд ибн Абу Ваққос ўз аҳлларига ўзларини ўша ридога кафанлашни амр қилилар ва: «Бадр куни мушриклар билан жанг қилганимда шуни кийган эдим. Мана шу кун учун сақлаб қўйган эдим», дедилар.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг жанозасини Марвон ибн Ҳакам ўқиди. У зотнинг пок жасадлари Жаннатул Бақийъга дафн этилди. Жаннат башорати берилган ўнликдан охири вафот этганлари Саъд ибн Абу Ваққос эдилар. Баъзи уламоларимиз, муҳожирлардан охири вафот этганлари ҳам Саъд ибн Абу Ваққосдир, дейдилар. Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан Ўзи рози бўлсин!
Пўлатхон КАТТАЕВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.
Мутаассиблик турларидан бири бу диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда, маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири бу, динлараро мулоқотга раҳна солишдир.
Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланади. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”, деб марҳамат қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар.
Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида, бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: “Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…”.
Аллоҳ таъоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин.
Косонсой тумани "Содод" жоме масжиди имом-хатиби
Баҳодир Мирфайзиев
Манба: @Softalimotlar