Баъзи қўштирноқ ичидаги тоифалар томонидан Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилиниши, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, “Ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган бўлиб, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат бўлиб, бундан Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади.
Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни қоралайди, ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъи назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка ундайди. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар» (Анкабут сураси, 46-оят).
Бошқа дин вакили билан чиройли муносабатда бўлиш нафақат Қуръон карим оятларида балки, Набий (алайҳиссалом)нинг ҳадисларида ҳам учратамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга чақирдилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ғайридинга азият берса, менга азият бергандай бўлади, ким менга азият берса, қиёмат куни унга хусуматчи бўламан”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда бундай деганлар: “Ким ғайридин ёки аҳдлашилган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди”.
Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, турли фирқаларга бўлиниш каби разил ишларни қоралайди ва улардан ҳазар бўлишга буюради. Тинчлик-хотиржамлик каби неъматларни берган Аллоҳ таоло инсонларни турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишдан ва бир-бирларига душманлик қилишдан қайтарган ҳамда бунга эришишнинг асосий йўли сифатида Қуръони карим ҳукмларидан чекинмасликка буюриб бундай деган: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади!» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ислом дини ўзга дин вакиллариларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақиради. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Маданияти ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган бошқа миллатларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча миллат ва элатларни, дин вакилларини бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, осойишта ҳаёт кечимоқликларини насиб этсин, турли хил ихтилоф, келишмовчик ва зиддиятлардан, биз билган ва билмаган ҳар қандай бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин.
Абдутолиб ИСАҚОВ
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани
“Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.