Не раҳравеки, тожи ҳидоят бошидадур,
Йўқ бок анга ҳаводиси афлок тошидин.
Ҳудҳудки, қўйдилар азалий тож бошиға,
Тушгайму жола ёққон ила тож бошидин.
Рубоий, туюқ, фард ва қитъа каби кичик шеърий намуналар шоирдан катта маънони юклаш маҳоратини талаб этади. Бор-йўғи тўрт сатрдан иборат мазкур қитъада шундай ҳолни кузатиш мумкин. Биринчи сатрдаги “раҳрав” форсий тилда йўловчи, сайёҳ маъносини беради. Аммо у дунё кезадиган оддий кишидан фарқ қилади. Дунё яралибдики, ер юзида яшаётган одамларнинг ҳар бири унинг йўловчиларидир. Бу йўлнинг боши бешик, охири қабрга бориб тугайди. Аммо бу йўлдаги йўловчиларга тақдир азал икки йўлдан биридан юриш ихтиёрини берди. Бири ҳидоят йўли, яна бири залолат йўлидир. Қитъада тилга олинган йўловчи ҳидоят – тўғри йўлда юриш тожини бошига кийиб олгани боис унга замон ҳодисалари таъсир қилмайди. Яъни у ўз йўлида тинч-хотиржам ҳолда давом этиб, ортиқча безовта бўлмайди. Аллоҳ таоло Ўз даргоҳи илоҳийсидан бадарға қилганида “(Иблис) айтди: «Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман” (Ҳижр сураси, 39-оят). Шайтон қутқу ва васваса солиб ҳидоят йўлидан озганлар залолат йўлини танлаб адашадилар. Чунки шу иккисидан бошқа йўл йўқ.
Мазкур қитъада “тожи ҳидоят”ни бошига кийган йўловчи ва унинг бу дунё йўлини қандай ўтиши ҳақида сўз бормоқда. У тўғри ва ҳақ йўлни танлаганидан турли синовларга йўлиқади, дунё ва замон ҳодисалари унга зарар етказиш учун бошига тошдек ёғилади, қалбини шубҳа ва ваҳима эгаллайди. Лекин у бу йўлдан оғиб, эгри йўлга ўтмайди. Мумтоз адабиётимизда бундай йўловчини Ҳудҳуд қушга ўхшатилиши бежиз эмас. Илмий ва бадиий манбаларда Ҳудҳуд – қушларнинг муршид-раҳбари бўлиб, уларни кўзланган манзилга тўғри ва ҳақ йўлдан эсон-омон етказиб боради. Тўғрилик ва ростлик тимсолига айланган Ҳудҳуд қушларни манзилга эсон-омон етказиб бориши бадиий адабиётда кўп тасвирланган. Ҳақ йўлдан юриш Ҳудҳудга азалий тож сифатида тақдим этилгани учун у бошқаларни ҳам ҳақ йўлдан юришга ундайди. Аммо бу дунёга келганларнинг ҳаммасини ҳақ ва тўғри йўлни танлайди, машаққатларга сабр-тоқат қилади, деб бўлмайди. Нафс уларга Аллоҳ таоло буюрган йўлдан эмас, балки шайтон даъват этган эгри ва қинғир йўлни танлашни чиройли қилиб кўрсатади. Бу йўлдан бири абадий бахт-саодат ва роҳатга олиб борса, яна бири абадий хорлик ва азоб-уқубатга йўлиқтиради.
“Лисон ут-тайр” достонида баён этилишича, бир гала қушлар Ҳудҳуднинг олдига келиб, ундан ўзларига йўлбошчи бўлишини сўрашади. Ҳудҳуд бунга рози бўлиб, уларга йўл азоби, қийноғи ва ундан ўтиш осон бўлмаслигини хабар беради. У қушларга айтиб берган йўлдан ўтишда кўплаб тўсиқлар учраши ва унда юриш қийинлигини маълум қилади. Мажозий тасвирлар асосига қурилган йўлда кўп қушлар манзилга ета олмай ора йўлда қолиб ҳалок бўлади. Навоий бобомиз “Хамса” достони муқаддимасида ҳақ йўлни танлаганларни “аҳли қабул”, залолат йўлини танлаганларни “аҳли рад”, деб атайди. Яъни айни ҳақ йўлни танлаб, бошига ҳидоят тожини кийиб йўлга тушганлар синов-имтиҳон, бало ва мусибат келганида довдирамайди, ўзини йўқотиб қўймайди, Ҳақни ёддан қўймайди, йўлда юриш баробарида Ҳаққа илтижо қилади, яхшилик ва неъмат етганида шукр қилиб, Уни улуғлайди. Шунинг учун мазкур қитъа тўғри ва ҳақ йўлни танлаганларни мақталмоқда.
Ота-боболаримиз тўғри йўлдан юр, эгри йўлдан қоч, деб уқтиришида ҳам шу маъно бор. Инсон ақл-фаросатини ишлатиб, тўғри йўлни танлаши, унинг оғирлик ва машаққатидан қочмаслиги керак. Шуни амалда бажара олса, бу дунёда кўзланган манзилга эсон-омон етиб олади. Қуръони каримда ҳам бу икки йўл эгалари таърифи келтириб, бирини ўнг томон эгалари деб аталса, яна бирини чап томон эгалари дейилган: “Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз. Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик) дир! (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир. Айнан ўшалар (Аллоҳга) яқин зотлардир ноз-неъмат боғларида. (Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари) дан эса озчиликдир” (Раъд сураси, 7-14-оятлар). Ҳақ йўлдан юриш машаққатини иймон-эътиқод соҳиби кўтаради. Бироқ дунё яралганидан бери ҳақ йўлни тутганлар, яъни ўнг томон эгалари камроқ, чап томон эгалари кўпроқ. Аммо ҳақ йўлни топа олмаган киши залолат ва ботил йўлдан юришни ўзига маъқул кўради. Навоий бобомиз тўрт сатрда ана шундай улкан ҳақиқатни бизга баён этиб, ҳақ ва тўғри йўлда юриш осон бўлмаслиги, бу йўлда турли синовларга дуч келишини бадиий бўёқлар воситасида чизиб бермоқда.
Бобомурод ЭРАЛИ
Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида
Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.
Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром
“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.
“Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.
Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади
“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.
“Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.
Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.
Уламолар ҳикматларида:
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.
Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.
Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: “Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.
Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.
Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.
Хулоса қилиб айтганда “Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир!” бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.
Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.