Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро Ислом ташкилоти (ISESCO) шу йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида Ислом маданияти, санъати ва тарихи бўйича халқаро тадқиқотлар маркази – (IRCICA) билан ҳамкорликда Ислом оламида мавжуд бўлган тарихий ва маданий обидаларни муҳофаза этиш бўйича халқаро симпозиумни ўтказади.
Мазкур симпозиумни ўтказишдан Ислом оламидаги тарихий ва маданий обидаларни асрашни ривожлантириш, уларни айрим давлатларда содир бўлаётган беқарор вазиятлар туфайли талафотлар етиши каби ҳолатларга учрашининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши мақсад қилинган.
Халқаро симпозиум иштирокчилари хавфу хатарга дуч келаётган маданий обидаларни муҳофаза этиш борасидаги халқаро ва минтақавий муассасалар ва ташкилотларнинг ролини фаоллаштириш тўғрисида ҳам ўзаро суҳбатлар олиб боришади.
Симпозиум якунида “Ислом оламида маданий обидаларни асрашга доир Истамбул баённомаси” қабул қилинади ва унда обидаларни асрашга доир тавсияномалар ишлаб чиқилади. Мазкур симпозиум ишида (ISESCO) ташкилоти номидан вакил сифатида ташкилотнинг маданият ишлари бошқармасидаги етакчи мутахассиси Доктор Муҳаммад Юнус “Халқаро (ISESCO) Ислом ташкилотининг Ислом оламида маданий обидаларни муҳофаза этишдаги ташаббуслари ва қарашлари” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.
БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.
ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.
Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади