Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446

Бола ҳуқуқи – азалий миллий қадрият

25.10.2017   6440   8 min.
Бола ҳуқуқи – азалий миллий қадрият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзланган серқирра нутқида юртимиз тараққиётида “аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб”, “мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан” борилаётгани уқтирилди. Ушбу янги қиёфани яратиш доирасидаги бунёдкор фаолиятда болалар ҳуқуқини муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси ётганлигига алоҳида урғу берилди. Зеро, Президентимиз томонидан таъкидланганидек, “сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ”.

Нуфузли халқаро анжуманга тақдим этилган ушбу маърузада ўз ифодасини топган бениҳоя долзарб таклифлардан бири, шубҳасиз, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси бўлди. Бу таклиф бугунги дунё олдида турган асосий вазифа “...ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир” деган тезислар билан ишончли равишда асослаб берилди. Шунингдек, Президентимиз чиқишида муқаддас динимизнинг эзгулик ва тинчлик қўрғони ҳамда юксак инсоний фазилатлар сарчашмаси экани ҳам алоҳида таъкидлангани барчамизга яхши маълум.  

Юртимизнинг бугунги тараққиёти кўзгуси орқали қаралганда, мамлакатимиз раҳбарининг таклиф ва мулоҳазалари Янги Ўзбекистонда баркамол авлод тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш энг устувор вазифага айланиб бораётганига асослангани аён бўлади. Сўнгги чорак аср давомида мамлакатимизда қабул қилинган 22 та қонун, 15 кодекс ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатларида бола ҳуқуқлари ва манфаатлари ўз ифодасини топгани, бола ҳуқуқларига оид норматив ҳуқуқий базанинг мунтазам мустаҳкамланиб, унинг институционал асослари шаклланиб бораётгани ушбу фикрнинг ёрқин исботларидир.

Мамлакатимиз раҳбари нутқида баён этилган ғоялар донишманд аждодларимиз томонидан болалар ҳуқуқи масаласида тўпланган ибратли тажриба билан ҳам тўлиқ ҳамоҳангдир.

Таъкидлаш жоизки, мусулмон дунёси ҳудудидаги бола ҳуқуқига оид илк илмий-назарий ва амалий-татбиқий қарашлар тизими XIII асрда айнан бизнинг юртимизда ишлаб чиқилган бўлиб, бу ҳол инсоният тарақиётидаги беназир тарихий ҳодисадир. Гап Жиззах воҳасидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир, буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ал-Уструшаний қаламига мансуб “Жомеъ аҳком ас-сиғор” (“Бола ҳуқуқлари тўплами”) асари ҳақидадир. Айнан шу асар болалар ҳуқуқига бағишланган дунё тарихидаги биринчи ёзма ҳуқуқий манба саналади. Шунга кўра, ал-Уструшанийнинг “Жомеъ аҳком ас-сиғор” асари, шубҳасиз, умуминсоний цивилизацияда намоён бўлган ҳуқуқий моҳиятга эга бетакрор феномен сифатида баҳоланишга ҳақлидир. 

Айтиш лозимки, мамлакатимиз ҳудудларида боланинг юксак қадрият эканлиги энг қадимги даврлардан бошлабоқ тан олинган бўлиб, бу ҳол қадимги ёзма манбаларда ўз тажассумини топган. Хусусан, «Авесто», Сўғд ёзма манбалари ва ҳужжатларида ҳуқуқий моҳиятга эга миллий анъаналар ва урф-одатлар ҳамда оилавий маросимларга оид кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Шунингдек, «Ал-Ҳидоя», «Ал-Муҳит», «Мажмаъ ул-Мақсуд» каби мўътабар манбалар, шунингдек, бизгача етиб келган кўп сонли қозилик ҳужжатлари болалар ҳуқуқига оид исломга асосланган миллий қарашлар тизимини ўзида акс эттиргани бунинг далилларидир. “Жомеъ аҳком ас-сиғор” эса, ушбу соҳада эришилган ютуқларнинг чўққиси бўлди дейилса, ҳақиқатга асло хилоф бўлмайди.

Маълумки, ислом динида инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади. Тарихий Уструшана – бугунги Жиззах воҳасидан етишиб чиққан ва Марказий Осиё Ренессансига салмоқли ҳисса қўшган олимлар ичида буюк фақиҳ Муҳаммад ал-Уструшанийнинг ушбу масалага оид илмий мероси алоҳида ўрин тутади. Унинг шоҳ асари бўлган “Жомеъ аҳком ас-сиғор” болалар ҳуқуқини ўрганишга бағишланган дунёдаги биринчи ва беназир ёзма ҳуқуқий манба саналади. Зеро, XX асргача бўлган даврда инсоният тарихида болалар ҳуқуқига бағишланган бошқа асар яратилгани ҳозирча маълум эмас. Мазкур факт XII асрнинг охири-XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига улкан ҳисса қўшган аллома ва фақиҳ Муҳаммад ал-Уструшаний илмий хизматларининг нечоғлик залворли эканини кўрсатади.

«Жомеъ аҳком ас-сиғор»да фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғилиб, тизимлаштирилган ва муайян тартибда тадқиқ этилган. Ўз асарини яратиш йўлида муаллиф ўзидан олдин яшаган 120 дан ортиқ ҳанафий фақиҳлар фикрларини ўрганиб, чуқур таҳлил қилган. Ислом ҳуқуқшунослиги оид ушбу нодир асарда болалар ҳуқуқи бўйича келиб чиқадиган муаммолар адолатли ҳал қилиниб, болаларнинг жамиятдаги хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар кўриб чиқилган. Унда ҳанафий мазҳаби бўйича болалар ҳуқуқига тааллуқли фиқҳга оид 1280 дан ортиқ фатво ўз тажассумини топган. Асарда ушбу соҳада фаолият юритадиган ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари фаолиятини ташкил этишга доир қимматли амалий кўрсатмалар берилган. Китоб ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётган мўътабар манбалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ал-Уструшаний асарининг вояга етмаган болалар ҳуқуқлари хусусида ёзилган фиқҳий асарларнинг энг мукаммали эканини кўрсатади.

«Жомеъ аҳком ас-сиғор»да ўз аксини топган диққатга сазовор жиҳатлардан яна бири шундаки, унда бола туғилмасдан аввал ҳам, туғилганидан кейин ҳам инсон ҳисобланиши, у жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан тўлиқ вояга етиб, мустақил бўлгунига қадар махсус ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидланган. Шунинг учун ҳам у бугунги исломшунослар ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба вазифасини ўташга лойиқдир.

Шу ўринда назарда тутилаётган асарнинг амалиёт билан боғлиқ аҳамияти нималарда намоён бўлади деган масала бўйича бир-икки мисол келтирайлик. Маълумки, бугунги дунёда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши қизғин тортишувларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, айрим ҳолларда бола қачондан бошлаб муайян ҳуқуқларга эга бўлади деган масалада ҳам баҳс-мунозараларга гувоҳ бўлиш мумкин. Таъкидлаш лозимки, ислом динида бола ҳуқуқлари у ҳали туғилмасдан бошлаб муҳофаза қилинади. Бунга мисол сифатида ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганини кўрсатиш мумкин. Бундан мақсад ҳомиладор аёл қорнидаги бола насабининг аниқ бўлишига эришишдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши эса, унинг энг биринчи ҳаққидир. Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Ал-Уструшаний асарининг «Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?», «Бола қачондан бола ҳисобланади?» каби бўлимларида мазкур саволларга ислом шариатига асосланган ишончли жавоблар берилган.

Хулоса қилиб айтганда, «Жомеъ аҳком ас-сиғор» асари – асрлар давомида аждодларимиз томонидан эъзозлаб келинган серқирра миллий қадриятлар ва бой ҳуқуқий мероснинг бола ҳуқуқларига оид баёнини ўзида мужассам этган бебаҳо манбалардан биридир. Бундай манбаларни янада чуқурроқ ўрганиш, уларнинг нафақат илмий доиралар, балки ундан-да кенгроқ жамоатчиликка етказиш мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган ёш авлод тарбиясига оид долзарб вазифаларнинг жадал ва сифатли ҳал қилинишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими 

.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом ҳуқуқи мактаби

24.12.2024   592   3 min.
Ислом ҳуқуқи мактаби

Ҳаётда шундай соҳалар борки, уларни мукаммал эгаллаш учун бутун умр ўқиб-изланиш лозим. Ана шундай касблардан бири имом-хатибликдир. Кимдир бу касб эгаларига осон тутиши мумкин. Лекин етук имом бўлиш учун тўрт йил мадраса, тўрт йил диний олий таълим даргоҳида ўқишнинг ўзи камлик қилади. Чунки имом ўзи учун ҳам жамоат учун Аллоҳ олдида бурчли бўлса, эл олдидига жавобгарлик ҳам катта масъулият юклайди. Бу масъулият ва халқ ишончини оқлашнинг бирдан бир йўли илм ва тақводир.

Сўнгги йилларда илм-фаннинг барча йўналишлар қатори диний-маърифий хусусан, шариат, фиқҳ, ақоид каби илмларни ўрганиш учун кенг йўллар очилди.  Бу борада Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби, Имом Мотуридий маркази қошида Калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф мактаби, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этилиши ўз самарасини бериб келаётир. Чунки имом-хатибларнинг мадраса ва олий таълим даргоҳида олган билимларини мустаҳкамлаш, уларни янада чуқурлаштириш, янги замонавий диний масалаларни кенг ўрганишда мазкур мактаблар муҳим аҳамият касб этяпти. Бир сўз билан айтганда, бу мактаблар имом-хатибларни чин маънода соҳанинг етук эгасига айланишига замин бўлаётир.

Айни кунда Фарғона вилоятидаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактабида йигирмадан ортиқ водийлик имом-хатиблар ўз иш жойларидан узилмаган ҳолда диний билимларини яна мустаҳкамлаб, фиқҳ илмини чуқурроқ ўрганмоқдалар. Уларга тажрибали имом-хатиблар Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Иброҳимжон домла Қодиров ва Аҳмадхон домла Низомовлар устоз-шогирд анъанаси асосида таълим бермоқдалар. Шу кунга қадар тингловчилар мазкур устозлар кўмагида “Мухтасарул-виқоя”, “Алфиқҳул-акбар” китоблари ўқиб тугатишди. Айни вақтда “Канзул-дақоиқ” ва Мулла Алий Қорининг “Алфиқҳул-акбар”га ёзган “Шарҳул фиқҳил Акбар” китоблари мутолаа қилиниб, асарлар батафсил ўранилмоқда. Ушбу асарлар Аҳли сунна вал жамоа ақидаси асосида мўмин-мусулмонларни тўғри ақида ҳамда динимиз таълимотларига амал қилишда васатий тарзда юришларида асосий манбалардир.

Таъкидлаш жоизки, имом-хатибларнинг мазкур илм даргоҳида олаётган билим ва малакалари фаолиятлари учун ниҳоятда манфаатли бўлмоқда. Зеро, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб адашган юртдошларимизни тўғри йўлга бошлаш, мўмин-мусулмонларга Аҳли сунна вал-жамоа ва Ҳанафий фиқҳи асосида ислом таълимотларини етказиш, долзарб мавзуларда чиқиш қилиш, мақолалар ёзишда бу даргоҳдан олинаётган илмий ва ҳаётий тажрибалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, турли учрашувлар ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларида ҳам мазкур илмий мактабда ҳосил қилинган билим ва кўникмалар асқотмоқда. Имом-хатиблар ўртасидаги билимлар беллашувида ҳам мазкур мактаб тингловчилари ўзини ҳар томонлама намоён этаётгани ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга мактаб тингловчиларининг бир қанчаси илмий изланишларда давом этиб, ўз тадқиқотлари билан динимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Маълумки, илк ўрта асрларда Фарғона водийсида фиқҳ мактаби шаклланиб, буюк алломалар етишиб чиқди. Биргина Бурҳониддин Марғиноний ислом хуқуқшунослиги борасида беқиёс асарлар таълиф этгани барчага маълум. Бугун у кишининг “ал-Ҳидоя” асари бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб, ислом ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, мукаммал асар сифатида тан олинган.

Бугун ҳам мазкур анъаналар қайта тикланиб, юртимиз яна илму маърифат, олим уламолар диёрига айланаётгани қувонарли ҳолдир.

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот котиби
(Ҳидоят журнали, 12-сон)

Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби
Ўзбекистон янгиликлари