Оила қуриш бир умрлик узоқ сафар бўлиб, агар ҳар икки тараф яхши ният ила холис бўлиб, бир-бирларининг ҳақларига риоя қилсалар, мазкур сафар бахт-саодат масканига айланиши тайин. Чунки Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида оилани инсонлар учун хотиржамлик ва меҳр-муҳаббат топадиган маскан қилганини баён қилган:
وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир (Рум сураси, 21оят).
Оиладаги муҳитни соғломлаштириш, ундаги тотувликни ўз ҳолида ушлаб туришда эркак ва аёлнинг бирдек ўрни бор. Айниқса, ҳар икки тарафнинг бир-бири учун фидокор бўлиши, ўзини ўйлашни ортга суриши, бағрикенг бўлиб, ҳаёт сўқмоқларида тўғаноқ бўладиган ҳар қандай муаммони тадаббур ва вазминлик ила ҳал қилиш орқали оиладаги бахт-саодат янада барқарорлашади.
Уламоларимиз оилани бахтли, турмушни фаровон қиладиган бир қанча омилларни санаб ўтганлар. Шу омилларнинг асосийларидан бири сифатида “оилада гўзал муносабатда бўлмоқ” ҳақида суҳбат қилсак.
Аҳли оила билан гўзал муносабат ўрнатмоқ Аллоҳ таолонинг мусулмон эрлар учун юборган буйруғидир. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
...У(аёл)лар билан тотув турмуш кечирингиз... (Нисо сураси, 19 ояти), деб барча мусулмонларга амр қилган.
Баъзи уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида аҳли оила ила гўзал муомалада бўлмоқ уларга озор беришдан сақланиш эмас, балки улардаги машаққат ва озорларни ўз зиммангга олишингдир, деб айтганлар.
Оиладаги тотувликни юзага келтирадиган асосий сабаб ҳар икки тарафнинг Аллоҳ таоло томонидан ўзларига буюрилган ишларга амал қилмоғидир. Агар эр ва хотин бир-бирининг ҳақларига динимизда буюрилганидек риоя қилсалар оилада тотувлик, иноқлик ва меҳр-муҳаббат юксак даражага кўтарилади.
Бу борада сийрат китобларимизда Шурайҳ исмли машҳур қозининг ҳаётларида бўлиб ўтган ажиб воқеа қуйидагича келтирилади:
Бир куни қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳнинг дўсти Фузайл роҳимаҳуллоҳ унинг зиёратига келди ва унга “Уйингдаги ҳолатинг қандай?”, деб сўради. Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳга қасамки, йигирма йилдан бери таъбимни хира қиладиган ҳолатни учратмадим”, деди.
Фузайл роҳимаҳуллоҳ: “Бу қандай бўлиши мумкин, эй Шурайҳ”, деди. Шунда Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ уйланишлари ҳақида ҳикоя қила бошлади:
“Бир солиҳ оиланинг каримасига совчи қўйдим. Никоҳ кечаси унинг хулқида камолот, динида гўзалликни кўрдим. Сўнгра туриб Аллоҳга солиҳа завжа насиб қилгани учун икки ракъат шукр намози ўқидим. Намоздан сўнг дуо қилдим. Сўнгра салом бериб қарасам аёлим ҳам мен ўқиган намозни адо этаётган, мен қилган шукр ва дуоларни у ҳам қилаётган экан. Меҳмонлар, қавм-қариндошлар кетиб уйда ўзимиз қолгач у томонга яқинлаша бордим. У эса: “Эй Абу Умайя, шошманг!” деди. Сўнгра туриб мен томонга келдида: “Эй Абу Умайя, мен бу ерга янги келган меҳмон аёлман, сиз нимани яхши кўрасиз-у, нимадан ғазабланасиз, буни билмайман. Шу боисдан ўзингиз ёқтирган нарсаларни ўргатинг, токи мен уларни муҳайё қилай. Сизга ёқмайдиган нарсаларни ҳам билдириб қўйинг, токи мен улардан йироқ бўлай. Дарҳақиқат, ўз қавм-қариндошларингиз орасида сизга тенг ва муносиб аёллар бўлган. Менинг қавм-қариндошларим орасида ҳам менга муносиб йигитлар бор эди. Лекин мен Аллоҳнинг тақдири илоҳийси ила Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ сизга жуфти ҳалол бўлдим. Менга боғлиқ ишларда Аллоҳдан қўрқинг. Аллоҳ таолонинг:
... فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ...
“...Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажралиш (мумкин)... (Бақара сураси, 229)” оятини ўзингизга дастур қилиб, ўша дастур бўйича иш кўринг”, деди.
Мен ўтириб олдим. У эса мендан бирор фикр айтишимни кутиб турарди. Бироз тўхтаб қолдимда сўнгра унга қарата: “Хўп яхши, сиз менга шундай сўзларни айтингизки, агар мана шу сўзларингизда ростгўй бўлиб, уларни бажаришда собит турсангиз улкан ажр савобларга эга бўласиз. Ёки, аксинча бўлиб уларни тарк этсангиз икки дунёда сизнинг зарарингизга ҳужжат бўлади. Мен фалон-фалон нарсаларни ёқтираман, фалонларини эса ёмон кўраман, агарда менда ва оиламда бирор яхшилик кўрсангиз ошкор қилинг, агар бирор иллат топсангиз уни сир сақланг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “солиҳа аёл беркитувчи, ёмон аёл фош қилувчидир”-деб сифатлаганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ўз уйидан чиқиб эри устидан (бошқаларга) шикоят қиладиган аёлларни ёмон кўраман”, деб марҳамат қилганлар.
Яна бир ҳадиси шарифда Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан ўзини талоқ қилишни сўраса унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаромдир (жаннатнинг ҳиди ҳам насиб қилмайди)”,- деб огоҳлантирганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло эридан беҳожат бўлолмагани ҳолда ўз эрига шукр қилмайдиган аёлга назар солмайди. Шунинг учун ҳам менда ва оиламда бирор яхшилик кўрсангиз ошкор қилинг, агар бирор иллат топсангиз уни сир сақланг ”, деб айтдим”.
Аёлим: “Ўзимнинг ва сизнинг оилангизни қачон зиёрат қиламан, сизнинг бу борадаги фикрларингиз қандай?”, деди. Мен “вақти вақти билан, яъни улар малолланиб қолмаслиги учун бироз муддат ўтказиб, сафар орасини узиб-узиб борамиз. Ҳадиси шарифда ҳам “Вақти-вақти билан (орасини узиб-узиб) зиёрат қил, янада муҳаббат қозонасан (Табароний Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган)”, дейилган дедим.
Аёлим: “қўшниларингиздан қайси бири учун уйингизга киришига рухсат беришимни хоҳлайсиз, кимларни ёқтирмайсиз?”, деди. Мен “Бану фалон солиҳ қавм, фалонийлар эса ундай эмас”, деб хабар бердим.
Шундан сўнг бир йилча муддат ўтди. Бир куни уйга келсам аёлимнинг онаси келиб аёлимга гўзал панд насиҳатлар қилиб ўтирган экан. Сўнг аёлимнинг онаси ўз қизини қандайлигини билгани ўлароқ менга қарата: “Эй Абу Умайя, аёлинг қандай экан?”, деди. Мен Аллоҳга қасамки, у энг яхши жуфти ҳалол, деб жавоб бердим. Қайнонам эса: “Эй Абу Умайя, бирор бир эркак учун ҳаддидан ошган, тантиқ аёлдан ҳам ёмонроқ нарса йўқ. Шу боисдан ҳам хоҳлаганингизча одоб беринг, ўзинг истаганча тарбия қилинг!”, дедида қизига юзланиб гўзал итоат этишга, менинг сўзларимга қулоқ тутишга буюрди. Мана йигирма йил ўтибдики, ҳанузгача аёлимдан таъбимни хира қиладиган ҳолатга дуч келмадим”.
Бир ўйлаб кўрайлик-а, Шурайҳ роҳимаҳуллоҳнинг уйларида уруш жанжал у ёқда турсин, ҳатто таъбларини хира қиладиган ҳолат йигирма йилда бирор марта ҳам содир бўлмаган. Буларнинг ҳаммаси эр-хотин динимиздаги кўрсатмаларга чиройли амал қилганлиги сабаблидир.
Шурайҳ роҳимаҳуллоҳнинг ўз аёлларига “агарда менда ва оиламда бирор яхшилик кўрсангиз ошкор қилинг, агар бирор иллат топсангиз уни сир сақланг” деб қилган насиҳатларига, ундан сўнг ҳадиси шарифларни келтириб ўтаётганига бир эътибор қаратайлик. Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ тўғридан тўғри фалонларни қилинг, деб айтмасдан ҳадиси шарифни зикр қилиб, ўзи хулоса ясаб олишига имкон қолдирмоқдалар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхши аёл беркитувчи, ёмон аёл фош қилувчидир” деб берган таърифларига муносиб бўлинг деганидир.
Динимизнинг оила ва унинг сирларига мустаҳкам туриб, алоҳида эътибор қилганига бир қарайлик-а! Бу динимизда тарбия бешиги бўлган оиланинг муқаддас экани, унинг шаъни буюк эканига далолат эмасми?!
Агар бандалар оилани Аллоҳ таолога тоат ва ибодат мақсадида бино қилсалар албатта, Аллоҳ таоло икки жуфт орасига меҳр-шавқат, иноқликка тавфиқ беради. Аксинча оилани Аллоҳ таолога маъсият узра қурсалар уларнинг ўртасини ажратишга шайтон бошчилик қилади. Банда ўз Роббисига итоат қилар экан Аллоҳ таоло унга ҳикмат илҳом қилади, ана ўша ҳикмат туфайли банда икки дунё саодатига элтадиган тилсимларни очиб боради.
Аллоҳ таоло оилаларимизни тинч-тотув қилсин ва яна барчаларимизни оилада “яхшилик ила муроса қилувчилар”дан бўлишга муваффақ айласин.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Никоҳ» сўзи луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади.
Шариатда эса: «Никоҳ баҳраланиш эгалигини ҳосил қилувчи боғланишдир».
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алиймдир» («Нур» сураси, 32‑оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Ушбу ҳақиқатни англаб етишимиз учун қуйидаги икки ҳадисни ўрганиб чиқамиз.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги киши ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондирганлиги учун, кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.
Бу ҳадиси шариф мўмин‑мусмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари биланоқ, оила қуришга чорламоқда.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:
«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.
Улардан бири:
«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса:
«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:
«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:
«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш «ибодат», «тақводорлик» ва «Аллоҳдан қўрқиш» маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда. Уйланиш Аллоҳ таолодан энг қўрқувчи банда бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас» деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мўмин‑мусмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида эркакни ҳам, аёлни ҳам жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният келажаги учун керакли нарсадир. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай қилиб яратмас эди.
Ана шу жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса, шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча бўлса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғлиқларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, ҳалол-пок йўл билан оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда, у зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок ва никоҳ», дедилар».
Аҳмад ва Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.
Аллоҳ таолонинг Расуллари У Зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Улар турли замонларда турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлар ҳисобланадилар. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб турган ва у зотларнинг ҳаётлари умматларига ўрнак бўлган.
Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир.
Ушбу ҳадиси шарифда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:
1. Ҳаё.
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган.
Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ўта муҳим сифат ҳақида, Аллоҳ хоҳласа, ахлоқ китобида алоҳида сўз юритамиз.
2. Хушбўй сепиш.
Хушбўйлик кишига завқ беради, очиқ табиатлилик, қувонч келтиради. Хушбўйлик инсон табиатига ижобий таъсир этадиган нарсадир.
Исломда ҳар бир нарсанинг хушбўй бўлишига катта эътибор берилади, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки бу барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
3. Сивок.
Сивок, яъни оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканини билмоғимиз лозим. Бу иш ҳам ҳар бир соф табиатли инсон учун керакли бўлган ишлардан. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Набийларига раво кўрган.
4. Никоҳ.
Аллоҳ таолонинг барча Анбиё алайҳимуссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланмаганида Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса, ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият бериш лозимлигини билдиради.
Ҳанафий мазҳабининг энг йирик уламоларидан бўлган Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда охиратда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккитадир: иймон ва никоҳ».
Исломда никоҳга тарғиб қилиш билан бирга, ундан бош тортиш қаттиқ қораланади.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ибн Мазъун бутунлай таркидунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарларидир. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган. Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин таркидунёчиликни ихтиёр қилган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар. Ушбу ҳадисдаги «бутунлай таркидунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам ровий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик», – демоқдалар.
Исломда бу иш жоиз бўлмаганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон киши учун яхши эмас. Баъзи динларда ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундай ишни қилувчилар «роҳиблар», қилаётган ишлари «роҳиблик» дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ, бизнинг динимизда уйланиш ҳам ибодат саналанади.
Исломда никоҳ кечиктириб бўлмайдиган уч ишдан бири ҳисобланади.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар».
Аҳмад, Ибн Можа, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Намоз қанчалик аҳамиятли ибодат эканини, бу улкан ибодатни ортга суриш қанчалик ёмон иш эканини ҳам ҳамма яхши билади. Шунингдек, жанозани кечиктирмасликка қанчалар аҳамият берилиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Никоҳни кечиктирмаслик лозимлигини ўша муҳим ва аҳамиятли икки иш билан бир ҳадисда айтилиши ушбу ишнинг аҳамияти ҳам аввалги иккисидан қолишмаслигини билдиради.
Мусулмонлар қадимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳни кечиктирмаслик даркорлиги ҳақидаги ушбу кўрсатмаларига амал қилиб келганлар. Афсуски, кейинги пайтларда баъзи ҳолатларда турли тушунмовчилик ва сабаблар туфайли бу ишга эътибор йўқолди. Бунинг натижаси ўлароқ, турли муаммолар ҳам келиб чиқа бошлади. Ўзининг Исломга амал қилиши билан фахрланиб юрадиган ўлкалардан бирининг ахборот воситаларида берилаётган маълумотларга қараганда, ўн саккиз миллионлик аҳолининг бир ярим миллионини ўттиз ёшдан ўтган қари қизлар ташкил қилар экан. Ўттиз ёшдан ўтмагани қанча эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша жамиятнинг зиёлилари билан бўлган суҳбатдан маълум бўлишича, иш қизларнинг ўзларининг бахтига тўғаноқ бўлаётган оталари устидан қозихоналарга арз қилишга ҳам мажбур бўлишган экан. Чунки оталар қизлари олаётган ойлик маошдан айрилиб қолмаслик учунгина совчиларга рад жавобини беришар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадиси шарифларига амал қилмасликнинг оқибатини кўриб қўйинг. Аслида, вояга етган фарзандларни никоҳлаб, оилали қилиб қўйиш ота‑онанинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг бурчидир.
"Бахтиёр оила" китобидан