frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Чеченистон раҳбарининг эътирофи

17.10.2017   10589   2 min.

Рамзан Қодиров Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувидан мамнун. У ижтимоий тармоқда, учрашувдан олган тассуротини қуйидагича баён қилди.

Ассалому алайкум! Душанба куни мен Ўзбекистон пойтахти – Тошкентга келдим.  Ўзбекистонга ва унинг пойтахтига келишни кўп вақтдан бери дилимга тугиб келаётган эдим. Тошкентда каминани муҳтарам Президент  Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Мен Шавкат Миромоновичдан кўрсатган эҳтироми ва дўстона муносабатидан миннатдорман! Ўзбекистон Президентининг падари бузрукворим, Чеченистон Республикасининг Биринчи Президенти, Россия қаҳрамони  Аҳмадҳожи Қодировни, унинг террорчилик балосига қарши самарали курашганидан  жуда ҳам яхши хабардорлиги мен учун ҳақиқий кашфиёт бўлди.  Унга бу ҳақда  Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори бўлган, Аҳмадҳожига таълим берган, оиламизнинг яқин дўсти – марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўзлаб берган экан. Мен ҳам ўз навбатида, Аҳмадҳожининг Ўзбекистон ва унинг халқини қанчалар оташин муҳаббат билан севганини сўзлаб бердим. 

Биз инвестиция сиёсати, спорт, маданият, иқтисодий-ижтимоий соҳаларга доир бир қанча масалалар юзасидан фикр алмашдик. Биз Ўзбекистон ва Чеченистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги поғонага олиб чиқишга, ушбу ҳамкорликларимизни тизимли тарзда мунтазам давом эттиришга келишиб олдик.

Мен Аллоҳ таоло ўзбек халқини Шавкат Миромонович сиймосида ўз Ватани ва халқини жонидан ортиқ севадиган, ўзининг бутун ҳаётини Она Ватани истиқболи учун бағишлашга тайёр бўлган ҳақиқий йўлбошчи билан сийлаганига амин бўлдим! У Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, мамлакатни юксак тараққий этган давлатлар қаторига қандай олиб чиқиш йўлларини жуда яхши билади!

Мен Шавкат Миромоновични ўзи учун қулай бўлган вақтда дўстона ташриф билан Россия-Чеченистонга меҳмон бўлишга таклиф қилдим. Президент, албатта, Грознийга боришга ваъда берди!

                                                                       ***

Ҳа дарвоқе, шаҳар кўчасидан юриб борар эканман кутилмаган учрашув юз бериб қолди. Нотаниш бир аёлнинг исмимни айтиб чақиргани қулоғимга чалинди.  Дарҳол тўхтаб унга яқинлашдим. У аёл – чечен  экан. Тошкентда туғилибди, шу ерда яшаётган экан. У чечен тилида жуда ҳам тиниқ гапирарди. Унга онаси аждодларимизнинг тилини пухта ўргатгани мени тўлқинлантириб юборди.


Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   51770   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари