Тошкент ислом институтида ташкил этилган Махсус сиртқи бўлимга 2017-18 ўқув йили учун 181 нафар абитуриент ҳужжат топширди.
Бугун абитуриентлар “ақоид”, “фиқҳ” ва “араб тили” фанларидан ижодий имтиҳонлар топширишни бошлади.
Имтиҳон бошланишидан олдин Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов абитуриентларга Аллоҳ таолодан омад тилаб, қабул имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, институт талабалари сафидан жой олиш бахтига мушарраф бўлишларини тилаб дуо берди.
Шунингдек, имтиҳон аввалида янги очилган Махсус сиртқи бўлим муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг таълим соҳасидаги намунаси экани алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида ушбу сиртқи бўлим Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг доимий эътиборида экани билдирилди.
Барча абитуриентларга омад тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 8 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати