Шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида XXXIX Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Вакилларимиздан Тошкент ислом институти битирувчиси Сайдуллоҳ қори Тоҳиров ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов мазкур мусобақада иштирок этиш учун 2 октябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.
Ушбу мусобақада 50 дан ортиқ давлатдан келган, 200 га яқин қорилар иштирок этади. Мусобақа шартлари қуйидагилардан иборат:
Вакилларимиз мусобақанинг 2 ва 3 шартлари бўйича иштирок этади.
Шунингдек, шу йилнинг 7 – 9 октябрь кунлари Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Ҳар йили дунёнинг шарқ ва ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этиб келмоқда. Ҳозирда мазкур мусобақада қатнашиш учун 32 та мамлакат вакиллари ташриф буюришди. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу мусобақада юртимиз вакили Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Ҳазрати Умар” жоме масжиди имоми ноиби Азимбоев Валихон қори ҳам қатнашади. Вакилимиз сўзига кўра, Россия Федерациясида ўтказиладиган XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси шартлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ўқиш ва уни чиройли талаффуз қилишдан иборат. Қориларимизга мазкур халқаро нуфузли мусобақаларда олий ўринларни эгаллашини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими ходими,
А.Парпиев
“Аср намози киши руҳи ва баданига таъсир қиладиган кўпгина касалликларга даво бўлади...”.
Бир қарашда бироз муболағага ўхшаб кўринган бу фикр Қоҳирада бўлиб ўтган Қуръони каримнинг тиббий ҳақиқатларига бағишланган Халқаро Ислом анжуманидаги тиббий тадқиқотга оид маърузанинг хулосасидир. Аср намози даво бўладиган касалликлар рўйхатида яна қуйидагилар жой олади: гипертония (хафақон, қон босими юқори бўлиши), асаб бузилиши, ўта семизлик, цирроз, одатланган ҳомила тушиши, жинсий қобилиятсизлик, дисминорея (оғриқли ҳайз кўриш), псориаз, катаракта, астма ва мигрен (бош оғриғи)...
Фақатгина аср намозини тарк этиш туфайли кишига таъсир қиладиган жиддий касалликлар ҳам бор-ми? Бу саволга анжуманда иштирок этган доктор Зубайр Карамий “албатта бор” деб жавоб беради.
Буни изоҳлаш ва кашфиётини янада равшанлаштириш учун “ал-Арабия” журналига ёзган мақоласида Доктор Карамий Исломнинг жаҳоншумул ва инсонга энг муносиб дин эканини кўрсатувчи Қуръонда “солатул вусто”, яъни “ўрта намоз” дея зикр килинган ва Исломнинг улуғ мўъжизаларидан бири бўлган аср намози ҳақида қуйидагиларни келтиради: Бу намоз ҳақида Қуръонда икки жойда сўз юритилади. Биринчиси Бақара сурасининг 238-ояти бўлиб, маъно таржимаси бундай:
“Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сакланглар - ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!”.
Иккинчиси эса Аср сурасининг илк ояти бўлиб: “Вал аср”, яъни “Асрга қасамки” деган оятдир. Баъзи тафсирларда бу оятдаги “аср” сўзидан аср намози вақти назарда тутилгани айтилган. “Қачон Қуръондаги бу оятни ўқисам, айниқса аср намозига алоҳида урғу берилгани ҳақида тафаккур қилсам, таажжубга тушардим...”.
Доктор Карамий узоқ вақт ушбу тушунчага қониқарли жавоб излади. У Қуръонда аср намози ҳақида алоҳида таъкидланишига, мазкур намоз истироҳат вақтига тўғри келиши туфайли уни адо этиш қийин бўлиши сабабининг кўрсатилишини тўғри, деб билмайди. Зеро, масалага бу нуқтаи назардан яқинлашиш, бомдод ва шом намозлари ҳақида ҳам худди шундай қийинчилик мавжудлиги хулосасига олиб келиши керак эди. Бу борада Карамий илгари сураётган сабаблардан энг муҳими, миядаги биологик соат бўлмиш марказ билан аср намози орасидаги синхронликдир (бир вақтда содир бўлишлик).
Шошилинч бир ҳолат билан дуч келинганида керакли реакцияни бошлайдиган кортизон ва адреналин деб аталмиш иккита гормоннинг қанчалик муҳим эканлиги кўпчиликка маълум бўлса керак. Мазкур икки гормон биологик соатга кўра турли вақтларга тақсимланган. Бизга биринчи ўринда зарур бўлган гормон адреналиндир.
Доктор Карамий адреналин таъсирларини қисқача бундай ифодалайди: “Адреналин пулс (юрак уриши)ни тезлатади, қон томирларини торайтиради, юқори қон босимига, кўп терлаш ва сўлак ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Шунингдек, у қонда лейкоцитлар сонини орттиради, қонашни тўхтатадиган қуюлиш (ивиш) жараёнини тезлатади, зарурат бўлмаганда бутун баданни доимий ва кучли фаолиятга тайёрлайди ҳамда охирида барча вазифалар учун баданни нормал ҳолатига қайтаради”. Бироқ адреналиннинг хавфли томони ҳам бор. Зеро, у кучли тоқатсизланиш ва қайталанувчи қўрқув “психосоматик” деб номланувчи жиддий касаликка сабаб бўлиши мумкин. (Тоқатсизланиш ва қўрқув онларида адреналин ишлаб чиқариш кўп миқдорда ортади. Бунинг доимий равишда бўлиши ёки тез-тез такрорланиб туриши “психосоматик касалликлар” гуруҳига кирувчи турли касалликларга йўл очиши мумкин).
Хавф-хатар ва ғам-ғусса каби ҳолатлар юқорида айтилган реакцияларни юзага келтиради. Доктор Карамий: “Қондаги адреналин ортишининг, юқорида санаб ўтилган касалликларга (гипертония, асаб бузилиши ва ҳ.к.) йўл очувчи энг муҳим омил эканини аниқладик”, дейди. Шу ўринда энг муҳим нуқта, аср намозинииг бу гормонга қандай таъсир кўрсатишидир. “Бу намоз дарҳақиқат кучли таъсирга эга. Аср намози санаб ўтилган касалликларга сабаб бўладиган адреналин гормони миқдорини туширишга ёрдам беради”, дейди Карамий ва яна шуларни илова қилади: “Бу гормон қондаги энг юқори миқдорига пешиндан кейин бир неча соат ўтгач, соат 15-17 лар атрофида, яъни айнан аср вақтида эришади”.
“Аср намози мия марказларидан гипокаммни уйғотиб, бўшаши (истироҳатланиш ҳолати)ни ҳосил қилади ва бунинг натижасида ларасимпатиктизим уйғониб, симпатик тизим сусайтирилади”. Бу ҳодиса симпатик тизим фаол бўлган вақтда, яъни аср намози вақтида бўлса муҳим аҳамият касб этади. Зеро, асаб тизимининг кўпинча бир-бирига зид равишда ишлайдиган икки қисми бўлган симпатик ва парасимпатик тизимларидан биринчиси юқорида айтиб ўтилган адреналин ва шунга ўхшаш гормонлар воситасида фаолият олиб борадиган тизим бўлиб, айниқса, хавф-хатар ва стресс ҳолатларида танада ҳукмрон вазият кўриниш олади. Парасимпатик тизим эса тананинг нормал фаолиятини давом эттиришида муҳим аҳамият касб этади (Симпатик тизим таъсирининг узоқ давом этиши ёки тез-тез такрорланиб туриши психосоматик касалликларга йўл очишини юқорида таъкидлаган эдик).
Карамий чиқарган охирги хулоса эса бундай: “Аср намози, руҳий озуқамиз бўлиши билан бир қаторда, тиббий жиҳатдан ҳам муҳофаза қилувчи – қалқондир”.