Испаниялик олимлар янги узилган тарвуз ёки унинг шарбати инсон организми мускулларидаги оғриқни даволашда энг яхши ёрдамчи эканлигини аниқлашди. Бундан ташқари улар тарвуздаги L-цитруллин аминокислотаси мускулларда керагидан ортиқча пайдо бўлган сут кислотасини зарарсизлантиришга хизмат қилишини тадқиқотлар натижасида исботлашди. Улар L-цитруллин аминокислотаси ҳар қандай бошқа мевалардан тарвуз таркибида кўпроқ эканлигини амалда кўришди. Тарвузнинг фақат 120 грамида L-цитруллин аминокислотаси 150 мг дан зиёд бўлиши маълум бўлди.
Бундан ташқари тарвузнинг юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшиловчи А, С ва В6 витаминлари ва магнийга бой эканлиги, юқори қон босимини меъёрига келтиришга хизмат қилиб, буйраклар фаолиятини яхшилайди.
Тарвуз уруғлари – буйракда пайдо бўлган тошларга қарши мислсиз фойдали восита
Тарвуздан ташқари унинг уруғлари ҳам инсон саломатлиги учун кўпгина фойдали хоссаларга эга. Унинг уруғлари Хитой анъанавий табобатида асрлар давомида буйракда пайдо бўлган тошлардан халос бўлишда ишлатиб келинган. Тарвуз уруғлари бу хасталикка қарши фаол курашувчи ва яхши натижа берувчи калий ва магнийга бойдир. Агар сиз буйракдаги тошлардан фориғ бўлишни хоҳласангиз, янги узиб олинган тарвуздан олинган 4 стакан уруғларини эзиб, майдалаб, 2 литр сувда 10 минут давомида паст оловда қайнатиб ичишингиз лозим бўлади. Бу албатта мутахассис маслаҳати билан амалга оширилади. Қайнатилган тарвуз уруғили сув докадан ўтказилиб, уч маҳал овқатланишдан олдин ярим пиёладан ичилади.
Фойдалари ва тарвуз истеъмол қилиш
Тарвуз ҳуснбузар, атеросклероз, анемия, артрит, ўт пуфаги, астма, буйракдаги тошлар, бош оғриғи, бронхит, пасайиб кетган иммунитет, холестерин миқдорининг кўпайиши, юқори ҳарорат, пешоб йўллари ва сийдик халтаси, ҳашаротларнинг чақиши, семириб кетиш, тери шамоллаши каби касалликларни даволашда ишлатилади.
Бу полиз маҳсулоти инсон жисмини тозаловчи мислсиз воситадир. Бу эса, унинг таркибида сув миқдорининг кўплиги ва калориялиликнинг паст миқдорда эканлигидандир. Бундан ташқари тарвуз мис, бета-каротин, В1-В6,С витаминларига, кальцийга, олма кислотасига, йод, калий, азот кислотаси, оқсил, қанд целлюлозаси, цинк, фосфор, фолий кислотаси, тўқималар, ликопен, лимон кислотаси ва магнийга жуда бой. Таркибида бета-каротин моддаси ва С витамини миқдорининг баландлигидан тарвуз юрак хасталиклари ва сурункали шамоллашларни бартараф қилади. У таркибидаги В6 витамини воситасида ақлий қобилиятни яхшилайди қаттиқ ҳаяжон (стресс)ни пасайтиради.
Тарвуз қон таркибидаги рН миқдорини меъёрида сақлайди. Бир вақтнинг ўзида у қон томирларини ҳарқандай ёғ қуйқаларидан тозалайди.
Тарвузни қандай истеъмол қилиш лозим
Тарвузни совутиб (албатта, муздек ҳолда эмас) истеъмол қилиш тавсия этилади. Уни бошқа мевалар билан қўшиб истеъмол қилишнинг ҳам зарари йўқ. Тарвуз организмда йўқотилган минераллар ва суюқликлар ўрнини тўлдиради. Бир вақтнинг ўзида организмни зарарли токсин моддалардан тозалайди ва кўпгина касалликларнинг олдини олади. Мана шунинг учун ҳам биз тарвузни мунтазам, айниқса ёз-кузнинг иссиқ кунларида иложи борича кунига истеъмол қилишимиз кераклигини билдиради.
Жалолиддин Нуриддинов
Ҳар биримиз ҳаётда муваффақият қозониш истагида бўламиз-у, лекин унга етиша олмаймиз. Бунинг сабаби эса “муваффақият”ни етиб бўлмас бир рўё деб ўйлашимиздир. Аслида биз муваффақиятга элтувчи омилларга беэътибор бўламиз, натижада муваффақиятсизликларимиз кўпайиб бораверади.
Муваффақият – бу яхшидан янада яхшироғи томон интилишимиздир. (Баркамоллик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир). Бирортаси сизга “Ҳаётдаги мақсадимга эришдим” деса, билингки, у одам қулай бошлабди. Киши муваффақият сари ҳаракат қилиши зарур. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ҳеч бир одамнинг ажрини зое қилмас. Бадиъуз замон Ҳамазоний бундай дейдилар:
Вожиб манга тиришмоғим, қилмоқ жаҳд,
Шарт бўлмағай нажоҳни идрок этмак.
Ҳаёт бўстонидан муваффақият меваларини териш илинжидаги кишига оид мана бу насиҳатлар сизга ҳам асқатади. Бу насиҳатлар икки дунё саодатини топиш учун чақириқдир. Зеро, охират диёрида киши очиқ-ойдин хусронга юз тутар экан, унинг дунё ҳаётидаги зафаридан не наф?!
Аллоҳ таолога тақвони лозим тутинг, шунинг ўзи хайрли озиқа ва аъло насиҳатдир. Зеро, Аллоҳ таоло Талоқ сурасининг 2–3-оятларида: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...», дея марҳамат қилади ва яна худди шу суранинг 4-ояти сўнгида ҳам: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадур!» – дея тақво қилишга амр қилган.
Қалбингиз аввал Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига, кейин эса ота-онангиз ва атрофингиздагиларга муҳаббат ила тўлиб-тошсин. Зеро, муҳаббат кишини ёшартиради, умрни узайтиради, хотиржамлик бахш этади. Нафрат эса қалбни қорайтиради. Муҳаббат жароҳатга малҳам бўлиб хизмат қилади ҳамда қалбга меҳр ва яқинлик тафтини солади.
Ўзингизга бўлган муҳаббатингиз бошқаларга нисбатан кичикроқ, озроқ бўлсин. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 9-оятида ансорийларни мақтаб: «...Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар...», дея марҳамат қилади. Одамларга яхшилик илиниб фараҳманд бўладиган кишилар ҳақиқий бахтиёр инсонлардир. Бадбахтлар эса фақат ўз манфаатларини кўзлайдилар. Охир-оқибатда ҳеч қандай савобга эришмайдилар.
Қалбингизни муҳаббат, бағрикенглик, ғамхўрлик каби туйғулар билан тўлдириш учун ҳаракат қилинг. Ҳеч шак йўқки, бадбахтларнинг қалблари ҳасад, ғазаб ва нифоқ ила лиммо-лим бўлади.
Ўтган ишларга қайғурманг! Нохушликларга кўз ёш тўкиш фойда бермайди. Бировларнинг мусибатларидан куладиганлар эса ўзларига жабр қиладилар. Кўзадаги тўкилган сутга айюҳаннос солгандан кўра, унинг ўрнини қоплаш пайида бўлинг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу муборак сўзларини доимо ёдда тутинг: “Сенга бирор иш содир бўлса, “агар бундай қилганимда, мана бундай бўларди-да” дея кўрма, фақатгина “Аллоҳ тақдир қилган экан, Ўзи хоҳлагани бўлди” деб
айтгин. “Агарда” шайтонга йўл очиб беради”[1].
Нафсингизни яхши гумон қилишга ўргатинг! Зеро, яхши гумонда бўладиганлар тунда осмонга тикилиб, ойнинг назокатини ҳам кўра оладилар. Бадгумонлар эса самога ташлаган назари ортида зулматдан бошқа нарсани кўра олмайдилар. Бошқаларни ўзидан кўра яхшироқ деб ўйлайдиганлардан бўлинг. Яхшиликка йўювчилар бошқаларнинг муҳаббатига сазовор бўладилар. Бадгумонлар эса ўз атрофидагиларни гўё қувиб-соладилар.
Ҳалиймий айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши гумонни хуш кўрардилар. Чунки бадгумонлик Аллоҳ таоло хусусидаги ёмон ўйловдир. Некгумонда бўлиш эса Аллоҳ таоло хусусидаги яхши ўйдир. Мўмин ҳамма ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло хусусида яхши гумонда бўлишга маъмурдир”.
Бошқа бир ҳадисда Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизнинг орамизда шумланадиганлар бор”, дедим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У кўнгилларига келган нарса холос. Бу нарса уларни (бирон иш қилишдан) тўсмасин”, дедилар».
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.