Мусулмон умматини улуғлаган, уларни яхшилик билан хослаган Зотга ҳамд бўлсин. Аллоҳ таоло айтди: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз” (Оли Имрон, 110). Бу умматни ҳидоят уммати қилди, халқларнинг обрўсини илм билан, маърифат ва манавият билан кўтарди. Бу умматга расулларнинг афзалини юборди, китобларнинг афзалини туширди. Уларни жами инсонларга гувоҳ уммат қилди. Аллоҳ айтди: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара, 143).
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни илму маърифатга чақирдилар ва “Илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деб илмнинг фарзлигини баён қилдилар.
Албатта, илм унга қизиққан, рағбат қилган киши учун энг афзал нарсадир. Илмни улуғлиги шундаки, у уни эгаллаганга манфаат келтиради, эл олдида унинг шарафини, ҳурматини оширади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда олимларни улуғлади. Фақат олимларгина Унинг оятлари, мўъжизалари тўғрисида ақл юритиши ва тушунишини, фаҳмлашини хабар берди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!»” (Зумар, 9) ва яна айтди: “(Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (Анкабут, 43). Барча нуқсонлардан пок бўлган зот айтдики: “Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир” (Анкабут, 49).
Албатта, Аллоҳ таоло олимларнинг гувоҳлигини Ўз гувоҳлиги билан ёнма-ён зикр қилиб айтди: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон, 18). Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини дунё ва охиратда баланд қилди. Аллоҳ айтдики: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11). Шунинг учун инсонлардан уламолар Раббиларини яхшироқ танийдилар, Раббиларининг сўзларини инсонларга етказадилар, бошқалардан кўра Раббиларидан кўпроқ қўрқадилар. “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (Фотир, 28).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни талаб қилиш вожиблигини айтиб, “Илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз”, дедилар. Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим айтдилар: “Ким илм талабида бир йўлдан юрса, Аллоҳ унга ана шу илм сабабли жаннатга йўлни осон қилиб қўяди. Албатта, малоикалар ўз қанотларини илм толиблари учун рози бўлган ҳолда қўяди. Албатта, илм толиби учун осмондаги ва ердаги бор нарса, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Баъзи балоғат олимлари дедики: “Илм ўргансанг, у сени кичиклигиндан улуғ қилади, катта бўлганингда сени тўғри йўлга йўллайди.
Дунёнинг ривожланиши илм билан. Инсон ҳар бир нарсага илм билан эришади. Чунки илм ўз аҳлининг ҳаёти. Ана шу илм сабабли ҳаётнинг маъносини англайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло илмсизликни Ўзининг Китобида ўлим деб номлади. Айтдики: “Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин (у) зулматлар ичида (қолиб,) ундан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?!” (Анъом, 122). Аллоҳ таоло илмни руҳ ва жон деб номлади: “(Эй, Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шўро, 52). Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмадилар. Балки улар илмни мерос қолдириб кетдилар. Ким уни олса, мўл-кўл насибани олибди” (Имом Термизий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, уламолар юлдузларга ўхшайдилар, одамлар улар билан йўл топадилар. Агар юлдузлар яширинса ёки кўринмай қолса, улар йўлдан адашадилар”. Олимлар охиратда халққа шафоатчи бўладилар. Абу Умома розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Олим ва обид қайта тирилади. Обидга “Жаннатга кир!” дейилади. Олимга эса “Сен тўхтаб тур. Одамларга шафоат қиласан”, дейилади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм ўрганинглар. Албатта, илм ўрганиш Аллоҳдан қўрқишдир. Илмни таълим олиш ибодатдир. Уни музокара қилиш тасбиҳдир. Илм излаш жидду жаҳд қилишдир” (Хатиб Бағдодий ривоят қилган). Илмни ўргатиш садақадир. Илмни аҳли учун тақдим қилиш Аллоҳга қурбатдир. Албатта, илм ҳалол ва ҳаромнинг белгисидир. Илм қўрқинчда ҳамроҳ, ғурбатда дўст, хилватда ҳамсуҳбат, хурсандчилик ва қийинчиликда шерик, душманларга қарши қуролдир. Илм сабабли Аллоҳ таоло илм билан халқларни юксалтиради. Албатта, илм қалбларнинг ҳаёти, кўзларнинг чироғи. Банда дунё ва охиратдаги баланд даражаларга илм билан етади, илм сабабли қариндошлик боғланади, илм сабабли ҳалол ва ҳаромни билади. Илм амалнинг имоми, амал унга эргашади. Ундан бахиллар маҳрум бўлади. Аллоҳим, бизни фойдали илм билан ризқлантиргин, илм билан Сендан қўрқишни насиб эт. Илмларига амал қилувчиларни бахтли қил.
Ҳасан Расулов,
Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси
- 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ
Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).
Назмий баёни:
Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.
Луғатлар изоҳи:
تُعْطَى – икки мафъулли феъл.
الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.
بَعْضًا – иккинчи мафъул.
نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.
نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي
لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ
وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ
تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ
Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,
Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.
Уларнинг ит мисол очлигин билдик,
Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.
يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.
وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.
ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.
الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].
Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.
Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.
Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:
– Ўнг тарафдан берилади;
– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.
Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:
1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;
2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.
Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:
“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].
Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:
Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,
Юборур номайи аъмолимизни.
* * *
Юборса номани раҳмат йўлидин,
Келур нома у қулни ўнг қўлидин.
* * *
Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз
Суюнганидин қилур ул банда овоз.
* * *
Ўқунг номамни эй турғон халойиқ
Келубдур нома ихлосимға лойиқ.
Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.
Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:
“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].
Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:
“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].
Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.
“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].
Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.
Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз