Кундан-кунга турмушимиз фаровон, ошиёнимиз обод бўлиб бормоқда. Юртимизда бунёд этилаётган улкан қурилишлар қаторида Пискент тумани марказида ҳам йирик иншоат, жоме масжиди қурилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди.
2017 йилнинг 29 июли пискентликлар учун унитилмас кун бўлди. Масжиднинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов, Пискент туман хокими А.Акрамов, Пискент туман бош имом-хатиби ва Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Х.Ортиқовлар сўзга чиқиб, намозхонларни бу қутлуғ даргоҳ, гўзал кошона, эътиқод маскани билан қутладилар, сўнгги йилларда мамлакатимизда дин эркинлиги соҳасида, намозхонларнинг ибодат қилиш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Масжид аҳли янги масжид биносида Тошкент вилояти бош имом – хатиби бошчилигида илк бора пешин намозини ўқидилар. “Пискент” жоме масжидида ибодат қилувчилар учун барча замонавий шароитлар яратилган. Намозхонларнинг яратилган шароитлар ва кўрсатилган эътибор сабаб қалблари хурсандчиликка тўлди.
Масжид кишини ўзига оҳангрободек тортади. Масжидга кирган кишининг ундан чиққиси келмай қолади. У бирваракайига 2000 намозхонни сиғдириш имкониятига эга. Лойиҳага асосан ўта мустаҳкам таъмал тоши устига пишиқ ғиштдан қурилган. Тўрт мезанали, гумбазли, ўта салобатли. Масжидни гумбази ўта чидамли металлдан Олмалиқ металл заводида ясалган. Томи энг замонавий металл қоплама билан ёпилган. Шифти гипсокартон билан қопланган, иситиш учун пенопласт тўшалган. Эшик ва деразаларига замонавий акфа ромлари ўрнатилган. Полдан иситиш мосламаси ўрнатилган. Полга бир сидирға 1200 кв.метр гилам пояндоз тўшалган. Зина, ҳовли саҳни ва йўлкаларга кафель ва брусчаткалар ётқазилган. Таҳоратхона ва мустаҳабхоналар энг замонавий услубда жиҳозланган. Мўжазгина кутубхона ташкил этилган. Масжид саҳни обод, кўкаламзорлаштирилган. Манзарали дарахт ва гуллар экилган.
Зайнилобиддинхон Қудратов,
Пискент тумани бош имом хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси