Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимга амал қилмаса, у мен (умматим)дан эмас” (Ибн Можа ривояти).
Турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга, мамлакатимиздаги жорий қонун-қоидаларга амал қилган ҳар бир киши, аввало, ўз ҳаёт тарзи тинч-осойишта кечиши учун ишончли асосга эга бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” тўғрисидаги фатвосида: “Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган ФҲДЁ гувоҳномасининг бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш ўринлидир. Имомларнинг ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир...”, дейилади.
Мамлакатимизда амалда бўлган Оила кодекси ҳамда қонунларда белгилаб қўйилган талаблар, шунингдек, ёшларнинг турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари шарт қилиб белгиланишидан мақсад йигит ва қизларни оилавий ҳаётга ҳар жиҳатдан тайёрлашдир. Бу муҳим ижтимоий вазифани ота-оналар чуқур ҳис этишлари, фарзандларини оила қуришга тайёр эканига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.
Оилавий ҳаётнинг остонаси бўлмиш никоҳ доимо кенг мушоҳада ва тажрибали инсонлар билан кенгашиб амалга оширилишининг фазилатлари кўп. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушга чиқаётган хотин-қизларнинг ўзлари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтганлар. Маслаҳатлашиш қиздан куёвликка танланаётган йигит ҳақидаги фикрларини билишдангина иборат бўлиб қолмай, унинг келинлик масъулияти вазифаларини қандай тушуниши, уларни адо этишга уқуви, малакаси, соғлиги, хоҳиш-иродаси қай даражада эканини ҳисобга олиб, йўл тутишни ҳам тақозо этади.
Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса-да, аммо оила, эр ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини англаш, теран тасаввур этиш даражасида бўлмаса, у оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олмайди. Худди шу мулоҳаза йигитларга ҳам тааллуқлидир.
Балоғат ёши – бу камолот ёши дегани эмас. Турмушда моддий ва маънавий жиҳатдан қийналмай ўрнини топиб олиши учун ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари, ундан сўнг уч йил коллеж ёки лицей таълимини олиб, маълум бир ҳунарни эгаллашлари керак. Зеро, динимиз таълимотларида ҳам илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ҳосил қилиш ҳар бир қиз болага зарурлиги айтилган. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш, оила юмушлари, уй бекалиги ва бошқа ишларни бажаришга улгурмай қийналадилар. Илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандларига яхши тарбия бера олади.
Жисмонан ва маънан вояга етмасдан турмуш қурган қизларнинг ҳаёти оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги боис унга айтиладиган таънаю дашномлар охир-оқибатда аҳволини янада оғирлаштириб, тинкасини қуритади.
Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Соиб авлодларининг бир-бирлари билан қуда-анда бўлишларини кўрганда: “Фарзандларингиз заиф бўлмаслиги учун бегоналардан уйланинглар”, деганлар (Иброҳим Ҳарбий, “Ғариб ал-Ҳадис” китобидан). Бу насиҳат касаллик тарқалиб, одамлари заиф, нимжон бўлиб қолган қавмга қарата айтилган бўлса-да, ибратли томонлари кўплиги ҳаётда тасдиқланиб келмоқда. Чунки қуда-андачиликдан келиб чиққан муаммолар туфайли яқин қариндошлар орасига совуқчилик тушиши, улар юзкўрмас бўлиб кетишлари кўп кузатилган. Қондошлик ришталари бўлмаган одамлар қуда бўлганда, қариндошлару қадрдонлар сафи кенгаяди. Яна муҳим жиҳати, тиббиёт соҳаси олимлари илмий изланишларининг натижаларидан келиб чиқиб, яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан туғилганлар орасида нимжон, ақли заиф болалар нисбатан кўп эканини айтадилар. “Ирсият етти пушт суради”, дейдилар. Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар эру хотин бўлган оилаларда бу кўрсаткич икки-уч баробар юқори экан.
Маълумки, биз, ота-оналар учун ўғлимиз, қизимизни қандай қилиб бўлмасин тезроқ уйлантириш ёки турмушга узатиш эмас, балки уларни чин оилавий бахтга сазовор этадиган хислат, фазилатлари борлигига тўла ишонч ҳосил қилгандан кейин мустақил ҳаётга йўллаш муҳимдир. Зеро, жамият истиқболини соғлом, ақлли, маънан баркамол фарзандлар яратадилар. Улар тарбияси, ҳаёт йўлини танлашида халқимизнинг ибратли анъаналари ва диний-миллий қадриятларига асослансак, иншоаллоҳ, хайрли ниятларимиз амалга ошади.
Марям АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам