Аввал хабар берилганидек, Озарбайжонга хизмат сафарига жўнаб кетган Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрига етиб борди.
Боку халқаро аэропортида вакилларимизни Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Қурбонали Мубориз ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайх-ул-Ислом Оллоҳшукур Пошшозода кутиб олди.
Сафар аввалида вакилларимиз Озарбайжоннинг марҳум Президенти Гайдар Алиев қабрини зиёрат қилдилар ва унинг хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг, делегациямизни Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Қ.Мубориз қабул қилди. Учрашувда О.Юсупов самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, бу ташриф диний соҳада икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга умид билдирди.
Учрашувда Қ.Мубориз сўз олиб, О.Юсупов ва муфтий ҳазратларини Озарбайжонга ташрифи билан яна бир бор қутлади. У сўзида давом этиб - Ўзбекистон қадим қадимдан илм бешиги бўлгани, Озарбайжоннинг кўплаб аҳли илмлари, хусусан, Оллоҳшукур Пошшозода каби алломаларнинг Ўзбекистондаги диний мадрасаларда илм олганини алоҳида таъкидлади ва Ўзбекистонда диний соҳаларда қилинган ишлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Қ.Мубориз ўз сўзида давом этиб, Озарбайжон бошқа соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тарафдори, хусусан, дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган экстремизм ва терроризмга қарши курашда икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини билдирди.
Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик изҳор қилиб, эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Cавол: Мен жамоат намозига боришни энди бошладим. Мен намозни секин ўқийман. Гап шундаки, кўпинча мен салавотни ўқиётганимда имом икки тарафга салом бераётган бўлади. Шу ҳолада мен салавотни тугатиб, кейин дуо ўқиб сўнг салом беришим керакми ёки имом билан баробар салом беришим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ҳолатда имом билан биргаликда салом берасиз. Зеро, салавот ўқиш суннат, имомга эргашиш эса вожиб амал саналади. Вожиб амал суннат амалдан юқори бўлгани сабабли сиз вожиб бўлган амални бажарасиз. Агар ташаҳҳуд (“Ат-таҳийёт...”) дуосини ўқиётганингизда имом салом бериб қолса, сиз ташаҳҳуд дуосини тугатиб, кейин салом берасиз. Чунки ташаҳҳуд дуосини ўқиш вожиб амал ҳисобланади.
Аллома ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Фарз ва вожиб амалларда кечиктирмасдан имомга эргашиш вожиб саналади. Аммо имомга эргашиш билан бошқа вожиб амал тенг келиб қолса, “имомга эргашиш керак” деб вожибни тарк қилмайди, балки аввал вожибни бажариб, кейин имомга эргашади. Масалан, имомга иқтидо қилган киши ташаҳҳудни тугатишдан аввал имом учинчи ракатга турса, иқтидо қилган киши аввал ташаҳҳудни тугатиб, кейин ўрнидан туриб, имомга эргашади (Чунки иккиси ҳам вожиб бўлиб, бирини бажараман деб бошқасини тарк қилмайди).
Агар имомга эргашиш билан суннат амал тенг келиб қолса, юқоридагидек қилмайди. Масалан, (сажда ёки рукуда) имомга иқтидо қилган киши тасбиҳни уч марта айтишидан аввал имом бошини кўтарса – фуқаҳоларимиз энг тўғриси дея айтган гапга кўра - имомга эргашади. Чунки суннатни тарк қилиш вожибни кечиктиришдан кўра устундир” (“Раддул муҳтор” китоби).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази