Юртимизда ёзнинг айни чилласи, ҳаво харорати ҳам 38-40 даражадан тушмаябди. Бундай ҳавода ишда, йўлларда юрадиган юртдошларимиз жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Чунки мунтазам равишда қуёш нурларини инсон танасига бундай тушиб туриши саломатлик учун жуда хавфли бўлиб, “қуёш уриши” ҳолати юзага келиши мумкин.
Саломатликни нормал ҳолатда ушлаб туриш учун организмда етарлича намлик бўлиши лозим. Жазирама иссиқ ҳаво организмдаги намликни ташқарига тер орқали чиқиб кетишини таъминлайди, натижада, организм суюқлик ёки таом воситасида яна намликка эҳтиёж сезади. Агар, бундай вазиятда етарлича намлик бўлмаса организм заифлашади ва турли касалликларга мойил бўлиб қолади.
Меҳрибон Аллоҳ биз бандаларни керагидан ортиқча емасликка чақирган, буни илм фан тилида организм ўзи сарфлаган энергиядан кўп энергия истеъмол қилса, бу ортиқча энергия зарарли моддаларга айланади, дейилади. Шифокорлар томонидан кўриладиган чоралар эса вақтинчалик бўлиб, улар сиздаги муайян вақтдаги ва муайян дарднигина даволашади, лекин, сизни доимо соғлом ва тетик юришингиз ўзингизнинг кундалик ҳаракатларингиз: тўғри овқатланиш, яшаш жойингизнинг поклиги, яхши уйқу, ҳаётда тетик ва фаоллигингиз, яхши дам олиш ва организмдан чиқиндиларни ўз вақтида чиқиши кабиларга боғлиқ.
Саломатлик бу – инсонга Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло томонидан ато этилган энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам саломатлик ҳақида, уни қанчалик муҳимлиги тўғрисида бир қанча ҳадисларида таъкидлаб ўтганлар:
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
“Ким эрталаб турганида соғ-саломат ҳолда, уй-жойи ва бир кунлик ейишга таоми бўлса, бундай инсонга ҳамма неъматлар берилибди”
Қиёмат куни инсонга бериладиган илк саволлардан бири: “Биз сени жисмингни соғлом қилиб қўймадикми, чанқоғингни муздек сув билан қондирмадикми?”.
“Аллоҳдан имонда мустаҳкам қилишини ва саломат қилишини сўранг…” деганлар.
Доно халқимиз ҳам бекорга “Бош омон бўлса, дўппи топилар”, деб айтмаган.
Агар саломатлик бизга бу дунёда қувонч олиб келса, имонимиз икки дунё саодатига элтади. Шунинг учун бу борада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадисларини ўрганиб, суннатларини ҳаётимизга татбиқ этиб боришимиз лозим.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қаерда бўлсалар, ўша ернинг маҳаллий гўшт, хурмо, нон, мевалар каби табиий таомларидан тановул қилганлар. Чунки меҳрибон Роббимиз ҳар бир қавмга, ўзининг ҳудуди, шароитларидан келиб чиқиб неъматларини бериб қўйган. Набий (алайҳиссалом)нинг овқатланишдаги суннатлари ҳеч қачон бирор овқатни мажбуран емасдилар, бу нарса инсон саломатлиги учун фойдадан кўра зарари кўплигини замонавий илм-фан ҳам тасдиқлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳеч вақт таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари бўлса, ундан ер эдилар, агар кўнгиллари тусамаса уни тарк қилдилар”.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.