Узоқ йўлга отланган бир мусофир киши бепаён ялангликда кетар экан узоқдан бир дарахтга кўзи тушиб, отини ўша тарафга бурди. У дарахт тагига етганида отидан тушиб қўлига қозиқни олди ва уни дарахт сояси тушадиган ерга қоқиб унга отини боғлаб қўйди. Сояда овқатланиб бир оз ҳордиқ чиқаргандан сўнг отига минар экан “Мендан кейин келган йўловчилар ҳам уловларини шу қозиққа боғлаб, ундан фойдаланса савоби тегар”, дея қозиғини қоқилган жойида қолдирди ва отига миниб йўлида давом этди.
Бир қанча вақтдан кейин бошқа бир йўловчи ўша ердан ўтиб кетар экан, у ҳам дарахт сояси остида дам олиш учун уловини дарахтга боғлади. Вақт пешиндан бир оз ўтиб қолгани учун дарахт сояси ҳам ўзидан бир оз узоқлашган эди. Йўловчи дарахт тагидан соя тарафга юрар экан оёғи ногоҳ ўтлар орасида нимагадир тегиб қоқилиб тушди. Туриб қараса, ерга қоқиб қўйилган қозиқ турибди. Мендан кейин келган йўловчилар унга чалиниб йиқилиб тушмасин, деб уни суғуриб олиб улоқтирди.
Уларнинг бирининг иши тўғри, бошқасиники эса нотўғри бўлиши керак. Аммо, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган “Амаллар ниятларга қараб бўлади”, деган машҳур ҳадисга кўра, бу йўловчиларнинг ҳар бири қилган иши учун мукофотланади ва уларга савоб ваъда қилинади. Чунки ҳар иккаласининг ҳам қалбида одамларга яхшилик қилиш ва эзгулик бор эди. Шунинг учун ҳам бу воқеада ҳар иккала ҳолат ҳам тўғри деб баҳоланади. Демак, ҳар қандай оддий ишни қилаётганимизда ниятимизни чиройли қилсак, амалларимиз савобли ва икки дунёда ҳам фойдали бўлар экан.
Раббимиз нақадар меҳрибон!
Ш.ЧЎЛПОНОВ,
Тошкент ислом институтининг “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД