Бугун Рамазон байрамининг учинчи куни. Фараҳли саҳарликлар, шодиёна ифторликлар, тароватли таровеҳлар, хамтлар, қадр кечалари, дуолар,.. ўн бир ойда қайтиш шарти билан биздан узоқлашди. Ваъдалашган вақтда Рамазон-ку қайтади. Аммо биз-чи, муборак ойни кейинги йилда ҳам кутиб олиш қай бирларимизга насиб этади. Раббимиз ўша кунга сафимизни камайтирмасин, иншааллоҳ! дея доимо қўлимизни дуога очиб ёлвориб турибмиз.
Не бахтки, шундай ажойиб ойдан биз мискин бандалар ҳам насибамизни олиб қолайлик деган илинжда саъй-ҳаракатлар қилдик, камини меҳрибон Парвардигоримизнинг Ўзи тўлдирсин.
Савобталаб кишиларимиз Шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутиб қўйиш ниятида шу кунларда ниятли бўлиб юрибди. Аллоҳ зиёда қилсин!
Парвардигоримизнинг меҳрибончилигини қарангки, бизга буюрган ибодатлари эвазига икки дунёмиз учун саодат бериш билан бирга, танамизга ҳам сиҳат етказиб қўйибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ўз суннатлари ила ана шу фойдаларни янада зиёда қилганлар.
Рўза тутиш ва таровеҳ намозини ўқишнинг фойдалари ҳақида Рамазон ойида анча нарсани ўрганиб олдик. Ҳурмати баланд олимларимиз Шаввол ойининг рўзаси ҳақида ҳам тушунчалар бердилар. Биз эса ушбу мўъжаз машқимизда намозимиздаги муҳим нуқта – сажда ҳақида сўз юритиб сиз билан имонлашмоқни ният қилдик.
Сажда бу – намоз ўқиётган банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган вақти. Саждага борганда биз ерга яқинлашгандек бўлсак-да, аслида Раббимизнинг раҳматига ва мағфиратига яқинлашган бўламиз. Аллоҳнинг раҳмати қамраб олувчидир. Шу жиҳатдан, олдинроқ айтганимиздек, намоздан асосий мақсад руҳият билан боғлиқ ҳодиса бўлса-да, бундан инсоннинг танасининг саломатлиги учун ҳам жуда кўп фойдалар бор. Ҳадисларда “Намоз – барча хасталиклар давосидир”; “Банда саждага борган вақтида Аллоҳга энг яқин келган бўлади”, дейилган.
Қуръони каримда сажда ҳақида: “Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки нажот топсангиз!” (Ҳаж сурасининг 77-ояти). “...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сурасининг 110-ояти), деб марҳамат қилинган.
Саждага бепарво бўлмасликнинг қанчалик муҳим экани ҳадиси шарифда қуйидагича таъкидланган: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти). “Агар инсон намозининг руку ва саждасини жойига келтирса, намоз ўша одамга: “Сен мени асраганинг каби Аллоҳ ҳам сени асрасин!”, дейди. Кейин намоз юқорига олиб чиқиб кетилади (қабул бўлади). Агар одам намозда руку ва саждани жой қўя олмаса, намоз унга: “Сен мени вайрон қилганинг каби Аллоҳ ҳам сени вайрон қилсин”, дейди. Кейин намоз латтага ўхшатиб ғижимланиб ўша одамнинг бетига қараб отиб юборилади”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руку ва саждани мукаммал қилинг. Энг бемаза ўғри бу – ўзининг намозига ўғрилик қиладиган ўғридир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули намоздан нимани ўғирлаш мумкин?”, деб сўрадилар. Расули Акрам: “Қачонки одам намоз ўқиганда руку ва саждасини ўрнига келтирмаса, ана ўша унинг ўғирлиги бўлади”, дедилар.
Инсон саждага борган вақтида хавотир ва сиқилишлардан енгил тортиб тинчланади. Шу ҳолатида хотиржамлик ва осойишталикни ҳис қилади. Сажда – инсоннинг мияси юрагидан пастга келадиган ажойиб ҳолати. Шу вазиятда мияга қон ва кислород одатдагидан кўпроқ келиб, мия зарурий моддалар билан тўйинади. Натижада хотира, кўриш ва эшитиш қобилияти кучаяди ҳамда бошқа қобилиятлар эшиги очилади. Ҳар доим намоз ўқиб юрган кишиларнинг иродаси мустаҳкам бўлади. Уларнинг руҳий касалликларга ва бош оғриқларига қарши иммунитети кучли бўлади. Саждага бориш бўйин мушаклари учун ёқимли ва фойдали машқ ҳисобланади. Сиз сажда ҳрлатида, айниқса, саждадан бош кўтарганда бўйин мушакларингизнинг зўриққандек бўлганини ҳис қиласиз. Намозхонлар бўйин қисмидаги миалгия (мушаклар уюшиши) ёки бўйин спондилезасидан (суякларнинг нотўғри ривожланиши) камроқ азият чекади. Чунки намоздаги доимий машқлар натижасида бўйин мушаклари кучли ва қувватли бўлади.
Саждага бориш ва ундан туриш белдаги мушакларни ҳам мустаҳкам қилади. Шу боисдан муттасил намоз ўқиб юрадиган кишиларда бел оғриғи бошқаларга нисбатан камроқ учрайди.
Сажда – инсоннинг танасида пайдо бўладиган электромагнит нурланишни камайтирувчи жуда яхши восита. Олимлар ернинг тортиш кучи инсон саждага борган вақтда унинг танасидаги жамики нур ва тўлқинларни тортиб олишини аниқлади. Мусулмонлар бир кунги намозларида 64 марта саждага боради. Бунинг ҳар бири уларга хурсандчилик, саломатлик, хотиржамлик, энг муҳими, Аллоҳ таолога яқинлик туйғусини бахшида этади.
Донишманд оқсоқоллардан бири масжидга ҳар сафар намозга келганда бошқа-бошқа ерга ўтирар эди. У кишидан ҳадеб жойини алмаштираверишининг сабабини сўрашганида, “Қиёматда бошим саждага теккан жойлар гувоҳлик берганда улар кўпроқ бўлсин деган умидда шундаЙ қиляпман”, деб жавоб берган эди (Аллоҳ таоло раҳматига олган бўлсин). Унинг ана шу жавобининг ўзи ҳам сажда қилишнинг фойдаси жуда катта эканига далолат қилади.
Буюк Раббимиз барчамизнинг манглайимизни сажда нурлари билан мунаввар қилиб, имону ихлос ила қилган саждаларимиз шарофатидан икки дунёмизни обод айласин.
Дамин ЖУМАҚУЛ
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ...». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:
«...Агар бир темир узук бўлса ҳам топ...», – деганлар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилганлар).
Агар ўн дирҳам миқдоридан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам миқдорини бериш вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади.
Саҳиҳ хилват деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
Холи жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турганлиги кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
Табиий монеълик деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, саҳиҳ хилват юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки саҳиҳ хилватдан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр‑хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушганларидан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда ҳам келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват ҳисобланаверади.
Давоми бор...
"Бахтиёр оила" китобидан