Россия мусулмонлари жамияти таклифига кўра, жорий йил Рамазон ойида Чувашия Республикаси, Омск вилояти, Сибир ва Москва шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб бераётган қориларимиз Қуръон хатмларини якунладилар. Хатми Қуръон якунида Чувашия Республикасида вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иштирокида катта ифторлик тадбири бўлиб ўтди. Унда миллий таомимиз – ош дамланиб, йиғилганларга тортиқ қилинди.
Ифторлик дастурхони атрофида қориларимиз томонидан Қуръон тиловати қилиниб, Қадр кечасининг фазилати, Рамазон ҳайити, ҳайит одоблари ҳақида маърузалар қилдилар.
Қориларимиз сафарларини якунлаб, 25 июнь куни юртимизга қайтиб келишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
#xabar #haj2025
Шу йил 12 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчиликларидаги ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари эсон-омон она диёримизга етиб келдилар.
Нурли юзи, қувноқ кўзида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожилар жамоасини таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида эҳтиром ила кутиб олишди.
Ҳожиларимиз муборак заминда Ҳақ таолонинг фарзи – Ҳаж амалини чиройли адо этиб, соғу саломат ўз юртига етиб келганлари ва яқинлари дийдорига етишганлари учун шукроналар айтиш баробарида эл-юрт ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати