Фитр садақаси фақирларга ғамхўрлик, уларга ҳайит кунини хурсандчилик билан ўзказишлари учун кўмакдир, уни берганлар учун эса, Рамазонда йўл қўйилган баъзи камчиликларга каффоратдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини рўзадорга беҳуда ишлар ва ёмон сўзлардан покланиш бўлиши учун, мискинлар учун егулик бўлиши учун буюрдилар” (Абу Довуд ривояти).
Фитр садақаси кумуш нисобидаги, ҳожатидан ортиқча молга эга мусулмонга вожиб бўлади. Ана шу миқдордаги мулкка эга киши фитр садақасини ўзи ва ёш болаларидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини одамлар намозга чиқмасдан олдин беришни буюрдилар”. Аммо бу вақтдан олдин, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Лекин намозга чиқишдан олдин бериш мустаҳабдир. Фитр садақаси вожиб бўлиб, уни беролмай қолган киши зиммасидан соқит бўлмайди.
Фитр садақаси буғдой, буғдой уни ёки ёрмасидан ё майиздан ёки хурмо ё арпадан берилади. Буғдой ё унинг уни ёки ёрмасидан ва майиздан ярим соъ (тахминан 2 кг.), арпа ва хурмодан бир соъдир. Мазкур нарсаларнинг қийматини ҳам берса бўлади.
Фитр садақаси закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади.
Жамшид Шодиев тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳифасида кўп истиғфор топган кишига тубо – жаннат бўлсин», дедилар (Ибн Можа ривояти).
2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб, истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», дедилар (Муслим ва Аҳмад ривояти).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси банда гуноҳ қилиб, сўнгра таҳорат қилса, таҳоратини мукаммал қилса, сўнг туриб икки ракъат намоз ўқиса, кейин ўша гуноҳига истиғфор айтса, Аллоҳ албатта уни кечиради», дедилар (Аҳмад, Насоий ва Термизий ривояти).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога қараб: «Агар бир гуноҳ билан аламлансанг Аллоҳга истиғфор айт ва тавба қил. Албатта гуноҳдан тавба надомат ва истиғфор айтишдир» дедилар (Байҳақий ривояти).
5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуубу илайҳ» деса, ҳатто жангдан қочган бўлса ҳам, унинг гуноҳлари кечирилади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Ўзидан ўзга илоҳ йўқ, Ҳаййул Қоййум бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва У Зотга тавба қиламан.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради», дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: «Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилиб қўйганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар» (Оли Имрон сураси, 135-оят) (Термизий ривояти).
7. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Роббиғфирлий ва туб ъалайя, иннака антат тавваабур роҳийм» деб юз марта айтганларини санаганмиз» (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Роббим! Мени мағфират қил, тавбамни қабул қил, ахир Сен тавбаларни қабул қилувчисан, раҳмлисан.
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни (амал) саҳифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин», дедилар (Байҳақий ривояти).
9. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай дейди: «Эй Одам боласи! Модомики Менга дуо қилар экансан, Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сендаги жамики нарсани мағфират қиламан, парво қилмайман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса ҳам, кейин Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қиламан, парво қилмайман. Эй Одам боласи! Менга ер юзи тўла гуноҳ билан рўбарў келсанг ҳам, Менга ширк келтирмаган ҳолда Менга йўлиқсанг, Мен сенга уни (ерни) тўлдирадиган мағфират билан рўбарў келаман» (Термизий ривояти).
Анвар Турсунов
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон